TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

“Чекишни ташлашнинг осонгина йўли” (22)

30. ЧЕКИШНИ ТАШЛАШНИНГ ОСОНГИНА ЙЎЛИ

Ушбу боб чекишни осонгина ташлаш ҳақидаги йўл-йўриқлардан иборат. Уларга амал қилсангиз, чекишни ташлаш нафақат осон, балки ёқимли ҳам бўлади!

Чекишни ташлаш жуда-жуда осон. Бунинг учун фақатгина икки ишни қилишингиз керак:

Энди ҳеч қачон чекмаслик ҳақида қарор қабул қилинг.

Чекишни ташлар эканман, деб депрессияга тушманг. Севининг.

Бу сатрларни ўқиётиб хаёлингизда шундай саволлар айланаётгандир: “Шу гапни айтиш учун бутун бошли китоб ёзиш шартмиди? Шуни аввалроқ айтсангиз бўлмасмиди?” Аввалроқ айтишим мумкин эди. Лекин у ҳолда сиз умидсизликка тушган ва эртами-кечми чекишни ташлаш борасидаги қарорингизни ўзгартирган бўлардингиз. Олдин ҳам кўп бора такрорлаганман – чекиш маккорона тузоқ. Асосий муаммо чекиш истагини йўқ қилиш эмас, балки чекиш билан боғлиқ сафсата ва янглиш фикрларга барҳам беришдир. Душманнинг қандайлигини, кураш усулларидан воқиф бўлсангиз, уни осонлик билан енгишингиз муқаррар.

Мен ҳаётимнинг кўпгина қисмини чекишни ташлашга уриниш билан, ҳафталаб давом этадиган депрессиялар билан ўтказганман. Ниҳоят, кунига юзтагача чекадиган мендек кашанда чекишни  батамом ташладим-у, ҳаётимдаги энг катта мўъжиза рўй берди.

Чекишни ташлаш шунчалик осон экан-у, нима учун бунга жуда кўп вақт сарфлаганимни олдинига тушунмадим. Ваҳоланки, бунинг сабаби жуда оддий эди: мен энди ҳеч қачон чекмаслигимни аниқ билардим. Авваллари эса чекишни ташламоқчи бўлиб узоқ вақт сигаретадан тийилсам, чекиш истаги ўз-ўзидан йўқолади, деб ўйлаганман. Табиийки, нимадир содир бўлишини кутиб яшаганим учун чекиш истаги мени тарк этмаган. Оқибатда умидсизликка тушиб, яна-да кўпроқ чекадиган бўлганман.

Менинг охирги уринишим мутлақо бошқача бўлди. Бош­қа кашандалар сингари мен ҳам чекишни ташлаш ҳа­қида ўйлар эдим. Ҳар сафар муваффақиятсизликка учраганимда кейинги сафар чекишни ташлаш осонроқ бўлади, деб ўйлайверганман. Шу тариқа умримнинг охиригача чекувчи бўлиб қолишим ҳақида эса ўйламаган эканман. Шу фикр хаёлимга келди-ю, муаммо устида жиддий бош қотиришга қарор қилдим.

Мен ғайришуурий тарзда сигарета буруқсатиш ўрнига чекиш пайтидаги сезгиларимни таҳлил қилишга тушдим. Яна бир карра амин бўлдимки, чекиш менга ёқмайди ва сигарета кўнгилни айнитадиган нарса.

Шундан кейин чекмайдиганларни кузата бошладим. Аввал ўйлаганимдек, улар одамови ва ношуд эмас экан. Синчиклаб кузатсам, иродали, муаммолар ва стресслардан довдираб қолмайдиган одамлар бўлиб чиқди.

Энди собиқ кашандалар билан мулоқот қилишга киришдим. Мен уларни пули етмай ёки саломатлиги ёмонлашиб, чекишни ташлашга мажбур бўлган, ич-ичидан чекишни жу­да хоҳлайдиган одамлар, деб ҳисоблардим. “Ҳа, баъзида чекишни хоҳлаб қоламан, – эътироф этди баъзилари. – Лекин бундай ҳолат камдан-кам бўлади ва унчалик жиддий эмас. Хуллас, эътибор беришга арзимайди”. Лекин кўпчилиги шундай деди: “Чекишни соғинаман? Нима, ҳазиллаш­япсизми? Мен ҳеч қачон ўзимни ҳозиргидек яхши ҳис қилмаганман”.

Собиқ кашандалар билан бўлиб ўтган суҳбатлардан кейин ўзимга тегишли хулосани чиқариб олдим: “Дун­ёда миллионлаб одамлар чекишни ташлаб, бахтиёр ҳаёт кечирмоқда. Чекишни бошламагунимча сигаретага эҳтиёжим йўқ эди. Жуда яхши эсимда: сигаретанинг ёқимсиз таъмига кўникиш учун ўзимни минг кўйга солиб қийнаганман. Энди бунга якун ясаш керак”. Мен қолган умримни сигаретадан холи ўтказишга қарор қилар эканман, ўзимга ўзим дедим: “Аллен, СЕНГА ЁҚАДИМИ-ЙЎҚМИ, ОХИРГИ СИГАРЕТАНГНИ ЧЕКИБ БЎЛДИНГ”. Шу лаҳзада энди ҳеч қачон сигарета чекмаслигимга ишонч ҳосил қилдим. Олдинлари чекишни ташласам, ойлаб депрессиядан қийналаман, деб ўйлардим. Лекин сигаретадан воз кечганим заҳоти ўзимни қушдек енгил сеза бошладим. Чекишни ташлаш жуда осон экан!

Мен чекишни ташлаш нима учун бунчалик осон экани, бу сафар нега хумор азобларига дучор бўлмаганим ҳақида жуда кўп ўйладим. Энди аниқ биламанки, қатъиятсизлик ва тушкун кайфият чекишни ташлашга тўсқинлик қиладиган баҳайбат ғовлардир. Сигаретадан батамом халос бўлишни ният қилган экансиз, албатта, мақсадингизга эришасиз. Фақат қарорингиз борасида ҳеч қачон иккиланманг. Бу қарорни ўзгартиришга, сизни яна чекишга мажбур қиладиган ягона одам – бу сиз.

Чекишни ташлаб, сиз учун қийматга эга бирор нарсадан айрилиб қолмайсиз, аксинча, ажо­йиб афзалликлар соҳибига айланасиз. Бу гап билан нафақат соғроқ ва бойроқ бўлишингизни, балки ҳаёт қувончларидан кўпроқ лаззат олиб, ғам-ғуссаларни осонроқ енгишингизни ҳам назарда тутяпман.

“Бир марта чеккан билан ҳеч нарса қилмас”, деган сафсатани хаёлингиздан чиқариб ташланг. Ёдингизда бўлсин, чекиш – бу наркоманлик ва занжирли реакция.

Ҳа, чекиш гиёҳвандликнинг ўзгинаси, СИЗ ЭСА КАСАЛСИЗ. Сиз чалинган касаллик ҳар қандай оғир хасталик сингари сурункали бўлибгина қолмай, тобора зўра­йиб борадиган хилидан. Ҳозироқ муолажани бошлашингиз керак.

Охирги сигаретани чекиб бўлишингиз ҳақидаги якуний қарорга келишингиз билан сиз чекмайдиган одамга айланасиз. Чекувчи – никотин билан ўз соғлигини барбод қиладиган кимса! Шундай экан, чекишни ташланг ва ҳаётдан лаззат олиб яшанг.

Агар онгингиз чекиш ҳақидаги сафсаталардан тозаланган бўлса, айни лаҳзаларда сигаретадан айрилишга тайёр бўлмоғингиз лозим. Бахт­га қарши, ҳали ҳам умидсизлик қуршовида, келажакка гумон билан қараётган бўлсангиз, турган гапки, бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Жумладан:

Сиз бирор муҳим кўрсатмани ўзлаштирмагансиз. Ушбу бобни қайтадан ўқиб, келтирилган иддаолар ҳақиқатга тўғри келиш-келмаслиги ҳақида ўйланг. Шубҳалар сизни тарк этавермаса, китобни бошидан ўқиганингиз маъқул.

Муваффақиятсизликдан қўрқ­манг. Ҳаяжонланишга ҳожат йўқ, мутолаада давом этинг. Сиз, албатта, бу ишнинг уддасидан чиқасиз. Энди чекишга оид ҳақиқатлардан воқифсиз, шуларни била туриб, ўзингизни ўзингиз алдайдиган даражада аҳмоқ эмассиз-ку, тўғрими?

Айтилган барча гапларга қўшиласиз-у, аммо ҳамон ўзингизни бахтсиз ҳис қиляпсиз. Кераги йўқ! Кўзингизни каттароқ очинг, ахир мўъжиза рўй бериш арафасида! ҳадемай қулликдан халос бўласиз!

Чекишни ташламоқчи экансиз, кайфиятни кўтаринг, “қандай ажойиб, мен чекмайдиган одамман!” денг. Чекишни ташлагандан кейинги хумор вақтида ҳам ана шундай кўтаринки кайфият сизни тарк этмасин. Бу борадаги тегишли тавсияларни кейинги бобларда ўқийсиз. Ҳозир эса иккита муҳим огоҳлантириш бор:

Китобни охиригача ўқиб бўлмагунча охирги сигаретани чекиш ҳақидаги қарорингиз кутиб турсин.

Чекишни ташлагандан сўнг хумор уч ҳафтагача чўзилиши мумкинлигини бир неча бор айтганман. Бу гапим кимлардадир нотўғри тасаввур уйғотар, эҳтимол. “Мен уч ҳафта азобда қолар эканман-да”, деган хаёлга борманг. Яхшиси, ўзингизга ўзингиз шундай хитоб қилинг: “Мен энди ҳеч қачон чекмайман ва бу жуда ажойиб!” Бироқ бунинг ўрнига: “Сигаретасиз уч ҳафта чидашим керак”, деб ўйласангиз, чекиш истаги сизни ўз исканжасидан қўйиб юбормайди.

Давоми бор…

'“Чекишни ташлашнинг осонгина йўли” (22)' have 1 comment

    li class="comment even thread-even depth-1" id="comment-344">

    11.02.2016 @ 21:33

    Juda yaxshi maslahat men hozirdanoq tashlayman rahmat sizlarga

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!