TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

“Чекишни ташлашнинг осонгина йўли” (23)

31. ХУМОР

Охирги сигаретани чекиб бўлганингиздан кейин уч ҳафтагача сизни “хумор азоблари” аталмиш ҳо­лат безовта қилиши мумкин. Мазкур ҳолат бир-биридан мутлақо фарқ қиладиган икки омилга боғлиқ.

  1. Никотин хумори туфайли келиб чиқадиган бесаранжомлик, руҳий тушкунлик ва қатъиятсизлик. Буни кашандалар сигаретага бўлган майл сифатида изоҳлашади.
  2. Руҳий омил таъсири (маълум ҳодиса ёки ҳаракат, масалан, телефондаги мулоқот ёки овқатлангандан кейинги чекиш истаги).

Чекишни ташлаш учун ирода кучини синаш усулидан фойдаланганда ана шу омилларни тушунмаслик ва бир-биридан фарқлай олмаслик муваффақиятга эришишни анчагина қийинлаштиради. Айнан мазкур омилларни англай билмаган айрим собиқ кашандалар яна чека бошлашади.

Никотин хумори жисмоний оғриқларга сабаб бўлмаса-да, унинг таъсир кучига етарлича баҳо бермаслик нотўғри. Бу худди оч қолишга ўхшайди. Айтайлик, кун бўйи овқат емасангиз, қорнингиз қулдирай бошлайди, вужудингизда оғриқ турмаса ҳам, очлик ўз таъсирини кўрсатиб, аста-секин асабийлаша бошлайсиз. Худди шундай ҳолатни организмингиз никотин тилаганида кузатиш мумкин. Фарқи шуки, овқат тириклигингиз учун зарур, сигарета эса умрингизни қисқартирадиган заҳар. Шунинг учун тўғри кайфиятда бўлсангиз, хумор азобларини осон енга оласиз ва улар тезда ўтиб кетади.

Энг кенг тарқалган руҳий омиллардан бири – айниқса, дўстлар даврасида овқатланиш. Бундай даврада собиқ кашанда ўзини жуда-жуда ўнғайсиз сезади. Атрофдагилар “мазза қилиб” сигарета буруқсатаётган бир маҳал у чекишдан маҳрум ва ўзини гўёки буюк неъматдан бебаҳра қолаётган бахтсиздек ҳис қилади. Энди унга тўкин дастурхондаги лаззатли таомлар ҳам, ёр-биродарлар билан кечаётган қизғин мулоқот ҳам ёқмайди. Бундай пайтда чекиш ҳақидаги тўғри фикрлардан тоймаса, собиқ чекувчи муваффақият қозониши аниқ. Афсуски, менинг тажрибамда руҳий омил таъсирига енгилиб қоладиганлар учраб туради. Улар сигаретага аҳволни енгиллаштирадиган дорига қарагандек қарашади. Тўғри, сигарета қисқа муддатли психологик ёрдам кўрсатиши мумкин, лекин бунга алданиб қолманг, у ўзига хос, кучли дастак эмас. У тушлик ёки дўстларингиз билан мулоқотни яхшиламайди, аксинча, “белига тепади”. Овқатланиш пайтида чекаётган кашандалар роҳатланаяпти, деб ўйламанг. Улар мажбур бўлгани учун чекади, улар – гиёҳвандлар. Улар сигаретасиз таомдан ҳам, ҳаётдан ҳам лаззат ололмайди.

Хумор азоблари қайси омил оқибатида келиб чиқишидан қатъи назар, чидамли бўлинг. Ахир жисмингиз ҳеч қандай оғриқни ҳис қилмаётган, фикрингиз қатъий, кайфиятингиз кўтаринки бўлса, пайдо бўладиган чекиш истаги сизга муаммо туғдирмаслиги керак. Хумор қийноқлари ҳақида ўйлаб, ҳаяжонга тушманг, бунинг қўрқинчли жойи йўқ. Бу нарса дод-фарёд кўтаришингизга умуман арзимайди. Яхшиси, ўзингизга шундай денг: “Биламан, бу – никотин хумори. Айнан мана шу хумор туфайли барча кашандалар умрининг охиригача изтиробда ўтади, айнан унинг касофати сабаб сигарета чекади! Бундай уқубатлар чекмайдиган одамларга мутлақо бегона. Айни лаҳзаларда сигаретанинг яна бир зарарли хоссасига гувоҳ бўлмоқда. Вужудимни унинг заҳаридан фориғ этаётганим қандай яхши!”

Тўғри, чекишни ташлаганингиздан кейинги уч ҳафта мобайнида ўзингизни бир оз лоҳас ҳис қилишингиз мумкин, лекин ундан ке­йин даҳашатли хасталикдан батамом қутуласиз ва умрингизнинг охиригача ҳаловат қўйнида яшайсиз. Бундай улкан мукофот олдида озгина лоҳаслик нима бўпти! Тасаввур қилинг-а, ичингизга кириб олган никотин аталмиш митти махлуқ уч ҳафта давомида очликдан сулайиб, тирик қолиш учун сизни чекишга мажбур қилаверади. “Сигаретасиз бахтсиз одамга айланиб қолдинг”, дея қулоғингизга шипшийди. Баъзида эҳтиёткорлик қилиб, чекишни ташлаганингизни унутасиз ва қимматбаҳо нарсадан маҳрум бўлгандек ҳис қиласиз ўзингизни. Бундай тузоқларга тайёр туринг, ичингиздаги митти махлуқнинг васвасаларига учманг. Ана шунда унга қақшат­қич зарба берган бўласиз.

Нима бўлган тақдирда ҳам, чекишни ташлаганингиз ёдингиздан кўтарилмасин. Тўғри, чекишни буткул унутишнинг иложи йўқ: ҳар куни неч­талаб кашандага, сигаретанинг қанчадан-қанча рекламасига дуч келасиз. Ҳечқиси йўқ. Кунига минг марталаб чекиш ҳақида ўйласангиз ҳам, ҲАЁТНИНГ ҲАР ЛАҲЗАСИДАН ЛАЗЗАТ ОЛИНГ. ЭМИН-ЭРКИН ЯШАШ ҚАНЧАЛАР ҲУЗУРЛИ ЭКАНИ ЭСИНГИЗДАН ЧИҚМАСИН. ХУРСАНД БЎЛИНГ, ЧУНКИ ЭНДИ ЎЗИНГИЗНИ ЎЗИНГИЗ ЗАҲАРЛАШИНГИЗГА ТЎҒ­РИ КЕЛМАЙДИ.

Нима қилишингиздан қатъи назар, ҚАРОРИНГИЗ БОРАСИДА ИККИЛАНМАНГ. Шубҳалар сизни умидсизлик сари етаклайди, натижада борган сари аҳволингиз ёмонлашаверади. Сизни қийнаётган шубҳалар депрессия туфайли келиб чиққан бўлса, бунинг сабабчиси никотин эканини эсланг. Агар бирор танишингиз ёки дўстингиз сигарета таклиф қилса, унга ғурур билан жавоб беринг: “Биласанми, энди менга сигарета керак эмаслигини айтишдан жуда бахтиёрман”. Аввалига таклиф эгаси хафа бўлгандек кўринади, лекин юзингизда балқиган бахтиёрлик шодмонлик ҳиссини кўргач, фикрингизга қўшилишдан бошқа иложи қолмайди.

Давоми бор…

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!