TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

“Чекишни ташлашнинг осонгина йўли” (24)

32. АТИГИ БИР МАРТА СИГАРЕТАТОРТИШ

Бу – ирода кучини синаш усули орқали чекишни ташламоқчи бўл­ганларни ҳалокатга элтувчи омил. Улар уч ёки тўрт кунни сигаретасиз ўтказишади ва таскин илинжида бир бора чекиб кўришади. Бу ҳаракат уларнинг руҳий ҳолатига қанчалар ҳалокатли таъсир кўрсатиши ҳақида эса ўйлаб кўришмайди.

Бир муддат танаффусдан кейин чекилган сигарета чекувчига ёқмайди. “Чекиш менга ёқмаяпти, – деб ўйлайди у. – Демак, чекишга бўлган кучли интилиш мени тарк этяпти”. Ваҳоланки, бунинг тамомила акси юз бераётган бўлади. СИГАРЕТА ҲЕЧ ҚАНДАЙ ҲУЗУР БАҒИШЛАМАСЛИГИНИ АСЛО УНУТМАСЛИК ЛОЗИМ. Ҳузур олиш сизни сигарета чекишга ундаган асосий сабаб эмас. Агар кашандалар ҳузур олиш учун чекканларида эди, биттадан ортиқ сигарета тутатмаган бўлар эдилар.

Ичингизга кириб олган никотин махлуқини боқишга интилиш сизни чекишга ундаган асосий сабабдир. Тасаввур қилинг-а, сиз тўрт кун умуман чекмадингиз, митти махлуқ тўрт кун очликдан тўлғониб чиқди. Бир марта чекиш ёки ҳатто, бир бора сиргарета тутунини ичга тортиш уни қанчалик хурсанд қилишини билсангиз эди! Худди шу ҳаракатингиз билан чекишни ташлашга бўлган ҳозирликни йўққа чиқарган бўласиз. Вужудингизга никотин заҳари кириши билан тўғри фикрлашдан чалғийсиз. Ақлингизнинг аллақайси бурчагида сокин бир овоз янграйди: “Мантиққа қулоқ осма, у нима деса, дер. Сигарета – бебаҳо неъмат. Яна бир марта чекиб кўр”.

Сизнинг бир марта чекиб кўришингизнинг иккита зарарли оқибатни келтириб чиқаради:

Вужудингизга кириб олган миттигина никотин махлуқ ўзига куч олади, умрини узайтиради.

Энг ёмони, онгингиз заҳарланади. Унутманг: “атиги битта сигарета чекиш” туфайли чекишни ташлашга бўлган уриниш аввалидаёқ муваффақиятсизликка учрайди.

 33. МУВАФФАҚИЯТСИЗЛИКНИНГ АСОСИЙ САБАБЛАРИ

Чекишни ташлашга бўлган уринишни чиппакка чиқарувчи асосий сабабларни иккига ажратиш мумкин. Биринчиси – бошқа кашандаларнинг таъсири. Айниқса, руҳингиз тушкун пайтда ёнингизда кимнингдир сигарета буруқсатиши сизга ёмон таъсир қилади. Бундай лаҳзаларда ўзингизни йўқотманг, “атиги бир марта чекиб кўрай”, деган гапга асло ўрин йўқлиги эсингиздан чиқмасин. Билсангиз, ўша чекувчи сизга ҳавас билан мўлтираяпти, сиз эса унга ачиниш кўзи билан қаранг. Ахир сиз ғолибсиз – чекиш аталмиш занжирни парчалай олдингиз!

Иккинчи сабаб – омадсиз кун. Чекишни ташлашдан олдин миянгизга қуйиб олинг: “яхши” ва “ёмон” кунларнинг ҳар кимнинг – у хоҳ чекувчи бўлсин, хоҳ чекмайдиган – пешанасида бор. Ҳаётда ҳамма нарса нисбий ва сиз мудом зафар оғушида сузавермайсиз, вақти-вақти билан алам нималигини эслаб туришингизга тўғри келади.

Агар чекишни ташлагандан ке­йинги хумор пайтида машаққатли кунни кечирадиган бўлсангиз, асло руҳингизни чўктирманг. Бундай кунлар ҳар доим ҳам бўлган, оҳ-воҳ қилишга ҳожат йўқ. Яхшиси, ўзингизга шундай тасалли беринг: “Майли, бугун омадим чопмади, буни сигарета билан тўғрилаб бўлмайди. Эртанги кун, албатта, яхшиликлар олиб келади, бугун эса мен ажойиб афзаллик соҳибиман – чекишдек бемаъниликдан фориғман”.

Унутманг: ижобий психологик ёндашув сиз учун жуда-жуда муҳим.

 34. НИКОТИН ЎРНИНИ БОСУВЧИ ВОСИТАЛАР

Никотин ўрнини босувчи воситалар турли-туман: резина сақич, ялпизли обаки, ҳаб дорилар ва ҳоказо. ҲЕЧ ҚАЧОН УЛАРДАН ФОЙДАЛАНМАНГ! Акс ҳолда аҳволингизни қийинлаштирганингиз қолади, холос. Чунки бундай воситалар сизни чекиш ҳақида ўйлайверишга мажбур қилади. Таркибида никотин мавжуд булган ҳар қандай маҳсулотдан ўзингизни тийинг, ахир никотин овқат эмас, заҳар. Заҳар сизга умуман керак эмас-ку, тўғрими? Сигаретага эҳтиёжингиз йўқлигини қанчалик тезроқ англаб етсангиз, чекиш балосидан шунчалик тезроқ қутуласиз.

Айтиш керакки, никотин ўрнини босадиган воситалардан фойдаланган ҳолда чекишни ташлаганлар ҳам бор. Никотин тузоғининг моҳиятини илғамаганлар учун бу усул анчайин ишончли туюлади. Мазкур усулга кўра, чекишни ташламоқчи бўлган икки ишни уддалаши лозим: бу одатини тарк этиши ва никотин хуморига бардош бериши. Бир қарашда бу гапларда мантиқ бордек, лекин, афсуски, улар янглиш фикрларга асосланган. Авваламбор, чекиш одат эмас, балки гиёҳвандликдир, яъни никотин – бу гиёҳванд модда ва чекувчи унга боғланиб қолган. Никотин хумори туфайли келиб чиқадиган жисмоний оғриқ эса деярли сезиларсиз. Чекишни ташламоқчи экансиз, ичингизга кириб олган миттигина никотин махлуқини ўлдиришингиз ва онгингизни заҳарлаётган катта махлуқ – сигарета ҳақидаги сафсаталарни янчиб ташлашингиз керак бўлади. Никотин ўрнини босадиган воситалардан фойдаланганда эса митти махлуқнинг умрини узайтирган бўласиз ва ўз навбатида катта махлуқнинг ҳам кучига куч қўшилади.

Мен таклиф этаётган “Осон йўл” чекишдан бирданига қутулишга ёрдам беради. Сиз чекиш ҳақидаги янглиш фикрлардан охирги сигаретангизни чекишдан олдин халос бўласиз. Тез орада митти махлуқ ҳам енгилади.

Ўйлаб кўринг-а, гиёҳвандни гиёҳвандликдан даволаш учун унга гиёҳванд модда бериш керакми?.. Бир муаммони бартараф этиш учун ўрнига иккинчисини пайдо қилишдан маъни нима? Бир куни кўзга кўринган врачлардан бири телевизорда шундай деган эди: “Айрим кашандалар никотинга шунчалик боғланиб қолган бўладики, улар, ҳатто, чекишни ташлагандан кейин ҳам умрининг охиригача никотин ўрнини босадиган воситалардан фойдаланишлари керак”. Бу врачни бунчалар нотўғри фикрлашга нима мажбур қилганига ҳайронман. Ахир одам организми овқат, сув ва кислородгагина эмас, кучли таъсир қилувчи заҳарга ҳам муҳтож эканми?..

Никотин ўрнини босувчи воситалар сизга умуман керак эмас. Чекишни ташлагандан кейинги ноқулай ҳолат заҳарга бўлган интилиш ва у тез орада ўтиб кетади. Бир неча кун ана шу фикрни хаёлингиздан фаромуш қилманг. Вужудингиз никотин заҳаридан, онгингиз чекиш ҳақидаги сафсаталардан тозаланяпти, бунга хурсанд бўлинг.

Ўзингизга бўлган ишонч сизни асло тарк этмасин!

 Давоми бор…

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!