TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

“Чекишни ташлашнинг осонгина йўли” (25)

35. “ҲАҚИҚАТ ЛАҲЗАЛАРИ”

Одатда кашанда чекишни ташлаганидан уч ҳафта ўтиб, “ҳақиқат лаҳзалари” бошланади. Осмон янада мусаффороқ кўринса, билингки, онгингиз сигарета ҳақидаги бўлмағур чўпчаклардан халос бўлибди. Ана шунда “чекишни хоҳламайман”, деб тинимсиз такрорлашдан тўхтаб, чиндан-да сигаретасиз ҳам ҳаётдан лаззат олиш мумкинлигига амин бўласиз. Айни шу лаҳзалардан эътиборан чекувчиларга ачинишга муносиб одамлар сифатида қарай бошлайсиз.

Ирода кучини синаш усулидан фойдаланиб чекишни ташлаганлар бундай ҳислардан маҳрум. Улар чекишдан қутула олганларидан хурсанд бўлса-да, лекин ич-ичдан катта йўқотишга учрагандек сезишади ўзларини.

Менинг ҳаётимда дилни хушнуд этадиган жуда кўп воқеалар содир бўлган, лекин уларнинг энг яхшиси “ҳақиқат тантана қилган лаҳазалар” деб ҳисоблайман. Кейинчалик ҳам кўп бора шодликларга кўмилдим, лекин чекишни ташлагандаги каби бахтиёрлик ҳисси қайта такрорланмади. Энди ҳеч қачон чекмаслигимдан шунчалар бошим осмондаки, бу хурсандчиликка ҳали-ҳануз кўника олмайман. Чекишни ташлагандан ке­йин мен билан суҳбатлашганларнинг аксарияти ҳам ҳаётларидаги энг қувончли воқеа сифатида “ҳақиқат лаҳазалари”ни тилга олишади. Сизни қандай бахт кутаётганини билсангиз эди!

Китобимни ўқиганларнинг фикрларини ўрганиб ва ўн икки йил давомида собиқ кашандалар билан қилган мулоқотларимдан кейин шундай хулосага келдим: “ҳақиқат лаҳзалари” чекишни ташлагандан уч ҳафта эмас, бир неча кун ўтиб бошланар экан. Шахсан ўзимда эса бу воқеа охирги сигаретани чекиб улгурмасимдан юз берган. Баъзида қабулимга келган кашандалар сеанс тугамасиданоқ сўзимни бўлишади: “Ортиқча гапга ҳожат йўқ, жаноб Аллен. Мен ҳаммасини тушундим. Ишончим комилки, энди ҳеч қачон сигарета чекмайман”. Бундай эътирофларни гуруҳларда олиб борадиган машғулотларимда ҳам тез-тез эшитаман. Менга келаётган мактублардан аёнки, китобимни ўқиганлар ҳам худди шундай ҳолатга тушишади.

Тўғрисини айтганда, барча кўрсатмаларга риоя қилсангиз ва масаланинг психологик жиҳатини яхши илғай олсангиз, “ҳақиқат лаҳазалари” сизни ортиқча куттирмайди.

Ҳозир ҳузуримга келаётганларга чекишни ташлагандан кейин хумордан қутулиш учун ўртача беш кун, чекиш билан боғлиқ машмашалардан батамом халос бўлиш учун эса уч ҳафта кераклигини айтаман. Бу гап ўзимга умуман ёқмайди, чунки мазкур кўрсатма икки муаммога сабаб бўлиши мумкин. Биринчидан, чекувчи беш кундан уч ҳафтагача азобда қолар эканман, деб ўйлайди. Иккинчидан эса кашандаларнинг аксарияти шундай хаёлга боради: “Агар уч ҳафтагача чидай олсам, кейин мутлақ енгилликка эришаман”. Лекин ана шу уч ҳафтадан кейин машаққатли кунга рўбарў бўлмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди-ку! Муаммолар чекиш билан умуман боғлиқ бўлмаса-да (ахир яхши-ёмон кунлар ҳамманинг ҳам бошида бор), бу чекувчига қаттиқ таъсир қилади: кутилаётган “ҳақиқат лаҳзалари”нинг ўрнига депрессияни қарши олади ва оқибатда ўзига бўлган ишончига путур етиши мумкин.

Агар ҳеч қандай кўр­сатма бермаганимда, собиқ кашандалар умрларининг қолган қисмини кутиш билан ўтказишлари мумкин эди. Фикримча, ирода кучини синаш усулидан фойдаланиб чекишни ташлаганлар айнан шундай аҳволга тушишади.

Мендан кўпинча беш кун ва уч ҳафтанинг моҳиятини сўрашади. Мен бу рақамларни осмондан олмаганман, албатта, улар кузатувларим ва таҳлилларим маҳсули. Чекишни ташлаган одам чекишга асосий масала сифатида қарамайдиган бўлиши учун ўртача беш кун керак бўлади. Тахминан шундан кейин кўпгина собиқ кашандалар “ҳақиқат лаҳзалари”ни бошдан ўтказишади. Тасаввур қилинг: авваллари дўстларингиз билан суҳбат қурганда сигаретасиз туролмас, чекмасликни, ҳатто, хаёлингизга ҳам келтира олмас эдингиз. Кутилмаганда сигаретасиз ҳам мулоқотдан лаззат олаётганингизни, стрессни бемалол енгаётганингизни ва бу пайтда чекиш ҳақида умуман ўйламаганингизни сезиб қоласиз. Айни шу лаҳзада никотин тузоғидан озод бўлганингизни биласиз.

Ирода кучини синаш орқали чекишни ташламоқчи бўлганлар, шунингдек, бошқа кашандаларнинг гапларидан шундай хулосага келдим: уч ҳафталик муддат – чекишни ташлашга бўлган жиддий уринишларнинг аксарияти муваффақиятсизликка учрайдиган вақт. Нима учунлигини тушунтириб бераман. Сиз уч ҳафта мобайнида чекмадингиз ва чекиш истаги йўқолганини ҳис қиласиз. Буни исботлаш учун эса бир марта чекиб кўрмоқчи бўласиз. Турган гапки, сигаретанинг кўнгилни айнитадиган таъми сизга ёқмайди. “Демак, тўғри йўл тутибман”, деган хаёлга борасиз. Ваҳоланки, сигарета чекиш билан катта хатога йўл қўйдингиз – организмингизга никотин кирди. Ахир мана шу никотинни вужудингиз уч ҳафтадан бери қўмсаётган эди. Сигаретани чекиб бўлишингиз билан, никотин танангиздан чиқиб кета бошлайди. Шу маҳал миянгизнинг аллақайси бурчагида сокин бир овоз янграйди: “Сен чекишни ташлаганинг йўқ. Сен яна сигарета хоҳлайсан…” Албатта, ке­йинги сигаретани дарров чекмайсиз, чунки яна унга ўрганиб қолишни хоҳламайсиз-да. Орадан аллақанача вақт ўтиб, сизга сигарета таклиф қилишса, кўп ўйланиб ўтирмай қабул қиласиз. “Мен яна кашандага айланиб қолганим йўқ-ку?! Бир марта чексам, ҳеч нарса қилмайди”. Шундай қилиб, қарабсизки, такроран никотин тузоғидасиз.

Масаланинг ечими – “ҳақиқат лаҳзалари”ни кутиш эмас, балки охирги сигаретани чекиш билан муаммо ҳал бўлганини тушуниш. Сиз қилишингиз керак бўлган ҳамма ишни қилдингиз, вужудингизга никотин киришини тўхтатдингиз. Ўзингизни ўзингиз азобга солмасангиз ёки мўъжиза юз беришини кутмасангиз, дунёдаги ҳеч қандай куч озод бўлишингизга халақит қилолмайди. Ҳаётнинг ҳар сониясидан лаззат олинг, ана шунда “ҳақиқат лаҳзалари”га қовушасиз.

Давоми бор…

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!