TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

“Чекишни ташлашнинг осонгина йўли” (26)

36. ОХИРГИ СИГАРЕТА

Демак, ҳаётингиздаги энг охирги сигаретани чекишга тайёрмисиз? Лекин бундан олдин қуйидаги иккита саволга жавоб беринг:

Муваффақиятга эришишга ишончингиз комилми?

Келажак кўзингизга зим-зиё кўриняптими ёки ажойиб ўзгариш юз беришини ҳис қиляпсизми?

Агар заррача шубҳангиз бўлса, китобни қайтадан ўқиб чиқинг.

Эсингизда бўлсин: сиз ҳеч қачон ўз ихтиёрингиз билан никотин тузоғига тушишни истамагансиз. Бу тузоқ чекувчилар унда бир умр қолиб кетишини кўзлаб қурилган. Ундан халос бўлиш мумкин, лекин бунинг учун қатъий қарор қабул қилишингиз лозим.

Қўлингиздаги китобни шу бобгача ўқибсизми, демак, чекишни ташлашни жуда-жуда хоҳлайсиз. Шундай экан, тўғри танлов қаршингизда: охирги сигаретани чекканингиздан кейин қандай аҳволга тушишингиздан қатъи назар (яъни қийналасизми-йўқми), бошқа ҳеч қачон чекмасликка сўз беринг.

Муваффақиятсизлик ҳақида ўй­лашга ҳожат йўқ. Чекишни ташлаш учун бу сафар “Осон йўл”дан фойдаланяпсиз, кутилган натижага эришиш учун қуйидаги оддий кўрсатмаларга риоя қилинг:

Чекишни ташлашга тантанали ва айни пайтда жиддий тарзда сўз беринг.

Охирги сигаретани онгли равишда чекинг, унинг заҳар-заққумга тўла тутуни ўпкангизга етиб боргач эса ўзингизга шундай савол беринг: “Бунинг нимаси ёқимли?”

Охирги сигаретангизни чекар экансиз, хаёлингиздан “Мен энди ҳеч қачон чекмаслигим керак” деган гап ўтмасин. “Қандай яхши! – деб ўй­ланг. – Мен озодман! Никонтинга қулликдан қутулдим! Энди ҳеч қачон ана шу жирканч сигаретани оғзимга олмайман!”

Ёдингизда бўлсин: чекишни ташлаганингиздан кейин ҳам миттигина никотин махлуқ ичингизда бир неча ҳафта яшаб қолади, яъни дам-бадам жисмингиз сигаретани тилаб қолиши мумкин. Бу истак унчалик кучли эмас, аммо хаёлингизда чарх ураётган “Мен чекишни истайман!” деган ўй сизни исканжага олади. Бу ўйдан қанчалик тезроқ халос бўлсангиз, шунчалик яхши.

Билиб қўйинг, шубҳа ва гумонлар чекишни ташлашни қийинлаштирадиган омиллардир. Шундай экан, ҳеч қачон қабул қилган қарорингиз борасида иккиланманг. Ахир сиз унинг тўғрилигини биласиз-ку! Шубҳалар сизни боши берк кўча томон етаклайди, мабодо тағин чека бошласангиз, бундан аҳволингиз енгиллашиб қолмайди. Аксинча, бу билан ўзингизни чексиз таассуфнинг тиканли бағрига отган бўласиз. Чекишни ташлаш учун қайси усулдан фойдаланманг, жуда муҳим бир масала рўпарангизда кўндаланг туради – чекишни ташлашга уриниб, нимага эришмоқчисиз? Бош­қа ҳеч қачон чекмасликками? Йўқ! Чекишни ташлаганлар орасида сигаретани соғиниб яшайдиганлар оз дейсизми?! Хўш, чекувчи ва чекмайдиган одам ўртасидаги ҳақиқий фарқ нимада? Чекмайдиган одамнинг сигаретага эҳтиёжи йўқ, у сигаретани соғинмайди, чекишни ташлаш учун иродасини синовдан ўтказишига ҳам зарурат туғилмайди. Ана шундай ҳолатга эришиш асосий мақсадингиз бўлсин, бунинг учун кутишингизга ҳожат йўқ: охирги сигаретани чекиб бўлиб, вужудингизни никотиндан халос қилишингиз биланоқ сиз ЧЕКМАЙДИГАН БАХТИЁР ОДАМГА АЙЛАНАСИЗ!

Лекин бу бахтиёрлик умрингизнинг охиригача давом этиши учун баъзи бир қоидаларга амал қилишингизга тўғри келади:

Чекишни ташлаш ҳақидаги қарорингизни ҳеч қачон шубҳа остига олманг.

Чекиш ҳақида ўйламасликка ўзингизни мажбурламанг, “ҳақиқат лаҳзалари”ни интиқлик билан кутманг.

Никотин ўрнини босувчи воситалардан фойдаланманг.

Чекувчиларни кўрсангиз, уларга ҳавас кўзи билан қараманг, аксинча, ачининг.

Чекишни ташлаш билан бирор нарсадан маҳрум бўлиб қолганингиз йўқ. Ахир ҳаётингиз давом этяпти, сиз маккорона қурилган тузоқдан чиқиб, ўзингизни даҳшатли хасталикдан халос этдингиз.

Қачон чекиш ҳақида ўйласангиз, хурсанд бўлинг: “ЯШАСИН! МЕН – ЧЕКМАЙДИГАН ОДАММАН!”

37. ОХИРГИ ОГОҲЛАНТИРИШ

Турли усуллардан фойдаланиб, чекишни ташлаган, йиллаб сигаретадан узоқ юрган ва яна чека бошлаганлар ҳақида эшитган бўлсангиз керак. Бунақалар минг-минглаб топилади. Ишончим комилки, қўлингиздаги китоб чекишни осонлик билан, батамом ташлашингизга ёрдам беради. Чекишни ташлаш осонлигини билганлар тағин чека бошлашнинг осонлигини ҳам билишади. Йўқ, ЎЗИНГИЗНИ ЧЕКИШ АТАЛМИШ МАШЪУМ ТУЗОҚҚА ЯНА БИР КАРРА ОТМАНГ!

Давоми бор…

 

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!