TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

“Чекишни ташлашнинг осонгина йўли” (27)

38. ДИЛНИ ХУФТОН ҚИЛАДИГАНЛАР

Китобим илк бор нашр этилгандан бери ўн икки йил ўтди. Аввалига усулим “мутахассислар” томонидан тан олинмади ва ҳақлигимни исботлаш учун шиддатли кураш олиб боришимга тўғри келди. Бугун эса қабулимга дунёнинг турли нуқталаридан кашандалар оқиб келмоқда, уларнинг орасида шифокорлар анча-мунча. Буюк Британияда “Осон йўл” чекишни ташлашнинг энг самарали воситаси сифатида эътироф этилади ва мазкур фикр бутун дунё бўйлаб тарқалмоқда.

Мен чекишга қарши кураш бошлар эканман, чекувчиларни эмас, сигарета тузоғини нишонга олган эдим. Ҳар сафар бу тузоқдан қутулган одамни кўрсам, ўзимда йўқ хурсанд бўламан. Мен олаётган миннатдорчилик мактублари қанчалар шодлик бахш этишини, ҳатто, тасаввур ҳам қилолмайсиз.

Аммо дилимни хуфтон қиладиган воқеалар ҳам бўлиб туради. Кўнглимнинг совишига асосан икки тоифадаги кашандалар сабабчи. Аввалги бобдаги огоҳлантиришни унутиб қўядиганлар ҳам топилади: улар чекишни ташлаш осонлигини билиб, сигаретадан халос бўлишади ва қанчадир вақт­дан кейин тағин чека бошлашади. Бу сафар эса чекишни ташлай олмай бошлари қотади.

Бундан бир неча олдин менга бир киши қўнғироқ қилиб, дардини дастурхон қиларкан, ростакамига йиғлаб юборди. “Агар бир ҳафта ичида чекишни ташлашимга ёрдам берсангиз, сизга 1000 фунт стерлинг тўлайман, – деди у. – Аниқ биламанки, бир ҳафта сигаретасиз яшашга чидасам, чекишни буткул ташлай оламан”. Мен унга хизматим қиммат эмаслигини айтиб, гуруҳларда ўтказиладиган машғулотга таклиф этдим. Бир неча машғулотдан кейин у чекишни ташлаш жуда осон эканини билиб, қаттиқ ҳайратга тушди. Кейинроқ унинг юракни эритворадиган миннатдорчилик мактубини олдим.

– Энди ҳеч қачон сигарета чекмайман, Аллен, – деди у мен билан хайрлашаркан.

Унинг барча кўрсатмаларни тўлалигича ўзлаштирганига шуб­ҳам бор эди, шунинг учун сўрадим:

– Ҳозир қандай ҳолатда эканингизни яхши биламан, лекин олти ойдан кейин қай аҳволга тушаркинсиз?..

– Ҳеч қачон чек-май-ман!

Орадан бир йил ўтиб, ўша одам яна қўнғироқ қилди:

– Аллен, Рождествода сигара чеккан эдим, энди эса аввалгидек кунига қирқта сигарета чекяпман!

– Менга биринчи марта қўнғироқ қилганингизда айтган гапингиз эсингиздами? Сигаретадан шунчалик наф­ратланар эдингизки, бир ҳафтанинг ичида сизни чекишдан халос қилсам, менга 1000 фунт стерлинг тўламоқчи бўлгансиз.

– Эсимда. Бу аҳмоқона таклиф бўлмаган эди, шекилли?

– Ҳеч қачон чекмасликка сўз берганингиз ҳам ёдингиздами?

– Ҳа. Мен – аҳмоқман!

Бу худди бўйнигача ботқоққа ботган одамнинг аҳволига ўхшайди: у жон-жаҳди билан тирмашиб ётибди ва сиз унга ёрдам қўлини чўзасиз. Табиийки, у сиздан миннатдор. Орадан бир йил ўтиб эса у яна ўша ботқоққа калла ташлаб турибди-да!..

Буни қарангки, ўша одам билан боғлиқ қизиқ бир воқеа юз берди. “Биласизми, – дея гап бошлади у машғулотлардан бирида, – мен ўғлимга 21 ёшгача чекмаса, 1000 фунт стерлинг беришимни айтган эдим. У чекмади, мен пулни бердим. Энди-чи? Ёши 22 да, сигарета буруқсатишда паравоздан фарқи йўқ. Ишонгим келмайди, менинг ўғлим ғирт аҳмоқ экан!” “Уни нима учун аҳмоққа чиқариб қўйганингизни тушуна олмаяпман, – дедим жавобан. – Ваҳоланки, у 22 ёшигача сигаретадан ўзини олиб қочган, бундан ташқари, ке­йинчалик қандай уқубатларга гирифтор бўлишидан хабари йўқ. Сиз эса ҳамма нарсани била туриб, бор-йўғи бир йил чидай олдингиз”.

Чекишни ташлаш ҳам, қайтадан чека бошлаш ҳам осон эканлигини билиш – ўзига яраша муаммо. Чекишни ташладингизми, бас, АВВАЛГИ ХАТОИНГИЗНИ БОШҚА ТАКРОРЛАМАНГ.

Қаҳрамонимизга ўхшаш одамлар сигаретани соғиниб яшагани учун яна чека бошлайди, деб ўйлаш тўғри бўлмайди. Чекишни ташлаш осон эканлигини билгач, чекишдан қўрқиш ҳисси уларни тарк этади. “Ҳар замонда битта сигарета чексам, ҳеч нарса қилмайди, – деб ўйлашади улар. – Яна сигаретага ўрганиб қолишнинг хавотирли жойи йўқ, чекишни осонгина ташлай оламан”.

Афсуски, ҳамма нарса ҳам улар ўйлагандек силлиқ кечмайди. Тўғри, чекишни ташлаш осон, лекин никотинга қарамликни назорат қилиш имконсиз. Чекмайдиган одамга айланиш учун қилишингиз зарур бўлган ягона иш – чекмаслик.

Мени хафа қиладиган кашандаларнинг яна бир тоифаси – чекишни ташлашга қўрқадиганлар. Агар улар бу ишга бел боғласалар, ўзларини худди катта жанггга кираётгандек ҳис қиладилар. Келинг, бундай журъатсизликнинг асосий сабабларини санаб ўтамиз:

 “Муваффақиятсизликдан қўр­қиш”. Чекишни ташлашга уриниб, муваффақиятсизликка учрашнинг ҳеч қандай шармандали жойи йўқ. Кулгига қоламан, деб ўйлаш эса аҳмоқгарчиликдан бошқа нарса эмас. Ахир зафар сари интилишнинг нимаси ёмон!? Сиз бирор ишни бажаришга уринмас экансиз, бу билан муваффақиятсизликни кафолатлаган бўласиз, холос.

 “Саросимага тушишдан қўр­қиш”. Бу ҳақида, ҳатто, ўйлаб ҳам ўтирманг. ўйлаб кўринг-а: энди бирорта ҳам сигарета чекмайдиган бўлсангиз, даҳшатли воқеа юз берадими? Албатта, йўқ! ҳаммасидан ҳам даҳшатлиси – чекишни давом эттириш. Мабодо ўзингизни саросимага, хавотирга тушяпман, деб ҳисобласангиз, чуқур-чуқур нафас олинг. Агар одамлар орасида бўлсангиз ва улар асабингизга тегаётган бўлса, улардан узоқлашинг. Йиғлаворай, деб турган бўл­сангиз, уялманг. Йиғи – зўриқишни бартараф этишнинг табиий усули, йиғлагандан кейин ўзингизни енгил ҳис қиласиз. Биз асл инглиз сифатида ҳисларимизни ошкор этмаслик учун лабларимизни қимтишга ҳаракат қиламиз. Бундай қила кўрманг: ичингизда йиғилган салбий ҳислардан қутулишни истасангиз, бақириб-чақиринг, картон қутини тепинг, хуллас, дардингизни ичга ютманг.

Чекишга қарши курашни рингдаги боксчилар жанги деб тасаввур қи­линг, бу жангда ютқазишингиз мумкин эмас. Вақт ўтгани сайин ичингизга кириб олган миттигина никотин махлуқнинг умри тугаб бораверади. Хурсанд бўлинг – ғалаба қозонишингизга шубҳа йўқ.

Кўрсатмаларга риоя қилмаслик. Айрим кашандалар “Сизнинг усулингиз менда иш бермади”, деб мени ҳайрон қолдиришади. Сў­раб-суриштирасам, улар деярли барча кўрсатмаларга амал қилмаганлари аён бўлади.

Кўрсатмаларни нотўғри тушуниш.

А) “Чекиш ҳақида ўйламаслик қўлимдан келмайди”. Албатта, бу ишнинг уддасидан чиқа олмайсиз, агар бунга уринсангиз, ўзингизни қийнаганингиз қолади, холос. Бу худди уйқусизликка дучор бўлган одамнинг ухлашга уринишига ўхшайди. Сиз учун муҳими, чекиш ҳақида айнан қандай ўйлашдир. “Бажонидил бир марта сигарета чеккан бўлардим” ёки “Уф-ф, сигаретадан қачон қутуламан”, деб ўйлаш мутлақо нотўғри. Бунинг ўрнига “Яшасин! Мен озодман, никотинга қул эмасман!” деган фикрни миянгизга қуйиб олинг.

Б) “Лаънати митти махлуқ қачон ўлади?” Чекишни ташлашингиз билан никотин организмингизни тез суръатларда тарк эта бошлайди. Жисмингизнинг никотинга бўлган билинар-билинмас ташналигини очликка қиёслаш мумкин. Лекин бу очликни сигарета билан қондириш акс таъсир кўрсатади. Асосий масала – миянгизда чарх ураётган “Мен чекишни хоҳлайман”, деган фикр. Ундан тезроқ халос бўлиш керак.

В) “Ҳақиқат лаҳзалари”ни кутиш. Бу лаҳазалар қачон келар экан, деб кутишингиз нотўғри. Мен бир марта ирода кучини синаш усулидан фойдаланиб, уч ҳафта давомида умуман чекмадим. Мактабдош дўстимни – у собиқ кашанда – учратиб қолганимда ҳол-аҳвол сўрашдик.

– Сигаретасиз уч ҳафта чидадим, – дедим мақтангандек.

– Энди нима қилмоқчисан? – сўради дўстим. – Нима, умрингнинг охиригача мана шунақа чидаб ўтмоқчимисан? Ахир нимани кутяпсан? Кў­зинг­ни каттароқ очсанг-чи, сен чекишни ташладинг, энди чекмайдиган одамсан!

Ўйлаб кўрсам, у ҳақ экан. Кутадиган нарсанинг ўзи йўқ. Афсуски, ўша пайтда никотин тузоғининг моҳиятини англамаганим учун кўп ўтмай яна чека бошладим. Лекин бу жиҳат ёдимда қолди.

Г) “Мен ҳали ҳам сигаретани соғин­япман”. Нима ҳам дердим, демак, ўзингизни аҳмоқона тутяпсиз. “Чекишни ташламоқчиман”, деганингиздан ке­йин “Мен сигарета хоҳлайман”, дейишингизни қандай тушуниш керак? Ахир чекмайдиган одамлар чекишни хоҳламайди!

Чекишни ташлашга қарор қилган экансиз, муваффақиятсизликдан асло чўчиманг. Қуйидаги оддийгина қоидалар сизни ғалаба сари етаклайди:

  1. Энди ҳеч қачон чекмасликка ва таркибида никотин бўлган маҳсулотларни оғзингизга олмасликка тантанали тарзда сўз беринг.
  2. Яна бир карра таъкидлайман: сигарета ҳузур бағишлайдиган нарса эмас.
  3. Дунёда “чинакам кашанда” деган тушунча йўқ. Сиз чекиш аталмиш маккорона тузоққа тушган миллионлаб кишилардан бирисиз. қачонлардир чекишни ташлай олмайман, деб ўйлаган миллионлаб собиқ кашандалар сингари сиз ҳам сигаретадан халос бўла олдингиз.
  4. Ҳар сафар чекишнинг “афзалликлари” ва зарарлари ҳақида ўйлаганингизда битта хулосага келинг: “Чекиш аҳмоқгарчиликдан бошқа нарса эмас!” Бу фикрингизни ҳеч ким ва ҳеч нарса ўзгартира олмасин. Сиз тўғри қарор қабул қилдингиз, шундай экан, ўзингизни қийнаманг ва шубҳаларга берилманг. “Яшасин! Мен чекувчи эмасман!” деган ўй сизни асло тарк этмасин.
  5. Никотин ўрнини босувчи воситалардан умуман фойдаланманг, ёнингизда сигарета олиб юрманг ва чекишни ташлаганингиз учун ҳаёт тарзимни ўзгартиришим керак, деб ўйламанг.

 Давоми бор…

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!