TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

“Чекишни ташлашнинг осонгина йўли” (28, хотима)

39. ЧЕКМАЙДИГАНЛАРГА МАСЛАҲАТ

Бу китобни чекадиган дўст­ларингиз ва Қариндошларингизга етказинг.

Бундан олдин эса китоб мундарижаси билан танишиб чиқинг ва ўзингизни кашанда одамнинг ўрнига қўйиб кўринг.

Бу китобни кимга беришингиздан қатъи назар, уни ўқишга мажбурламанг. Устига-устак, соғлигини емираётгани ва қанчадан-қанча пулларини шамолга совураётганини айтиб, бошини оғритманг. Бу нарсаларни у сиздан яхшироқ билади. Кашандалар никотинга қарам бўлганлари учунгина чекишади, улар сигарета одамга ҳузур ҳамда қатъият бағишлайди, деб ўзларини ўзлари алдашади. Уларнинг назарида бу ҳаётда сигаретасиз ҳаловат йўқ. Агар кашандани чекишни ташлашга мажбурласангиз, у ўзини қафасдаги шердек ҳис қилади ва янада кўпроқ сигарета чеккиси келади. Эҳтимол, сизга ҳурмати чексиз бўлгани учун ҳузурингизда ўзини тияр, лекин пана-пастқамга яшириниб олганча билганидан қолмаслиги аниқ.

Яхшиси, масалага бошқача ёндашинг: кашанда танишингизни собиқ кашандалар билан таништиринг. Улардан чекишнинг қанчалар алдамчи тузоқ эканини, лекин чин дилдан истаган одам ундан чиқа олиши мумкинлигини гапириб беришларини илтимос қилинг. Агар ўша танишингизни чекишни ташлай олишига ишонтирсангиз, ўша заҳотиёқ онгида уйғониш бошланади. Унга чекиш билан боғлиқ сафсаталарни бирма-бир ошкор этинг. Ана шундан ке­йин кашанда мазкур китобни ўз ихтиёри билан ўқишга тайёр бўлади. У қўлига китобни олар экан, ўпка саратони, юрак касалликларини ва чекишнинг бошқа даҳшатли асоратлари ҳақида ўқиш билан банд бўламан, деб ўйламасин. Унга айтингки, бу китобда муаммога тамомила ўзгача ёндашилган, хасталиклар тўғрисида эса жуда кам ёритилган.

СобиҚ кашандага хумор пайтида, албатта, ёрдам беринг!

Агар унинг қийналаётганини кўрсангиз, чекишни ташлаш жуда осон-ку, деб, азобларини енгиллаштиришга ҳаракат қилманг. Бунинг ўрнига, у билан фахрланишингизни, чекмай қўйганидан бери ундан ёқимсиз ҳидлар келмаётганини, чиройи очилиб кетганини, нафас олиши анча равонлашганини бот-бот эслатиб туринг. Бу жуда муҳим. Чунки яқинларининг эътибори чекишни ташлашга уринаётган одамнинг кайфиятини анча кўтаради.

ХОТИМА. БУ ШАРМАНДАЛИККА ЧЕК ҚЎЙИНГ

Менинг фикримча, чекиш жамиятимиздаги энг катта шармандалик, ҳатто, ядро қуроли ҳам бунчалик иснод келтирмайди.

Эҳтимол, охирги жаҳон уруши пайтида одамлар “сигарета кишига қатъият бағишлайди, ўзига бўлган ишончини орттиради”, деган гапга астойдил ишонишгандир. Лекин бугун бу гапнинг янглиш эканинин ҳамма билади. Атрофимизни тўлдирган сигарета рекламаларида ҳам бундай дейилмайди, албатта. Одатда, бундай рекламаларда тамакининг сифати кўкларга кўтарилади. Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, заҳар ҳақидаги мақтовларга қандай ишониш мумкин?.. Устига-устак, жамиятимизда чекишга нисбатан бағри­кенг­лик кишини ўйлантирмай қўймайди. Биз намунали фуқаролар сифатида токсикомания ва героинга мойилликни қоралаганимиз-қоралаган. Агар бу муаммоларни никотин келтирадиган зарарлар билан солиштирсангиз, орадаги фарқ ер билан осмонча экани аён бўлади: аҳолининг қарийб 60 фоизи никотинга қарам ва улар қанчадан-қанча пулларини ўзларини заҳарлаш учун сарф­лайдилар, ҳар куни минглаб одамлар айнан чекиш сабабли ҳаётдан бевақт кўз юмишмоқда. Тамаки компаниялари сигарета қутиларига чекишнинг зарарларини ёзишгани билан, ҳукумат эса чекишга қарши бефойда кампаниялар ўтказгани билан ўзини оқламоқчи бўлади. Кейин эса бу офатда кашандаларнинг айблашгача боришади: “Биз сизни огоҳлантирган эдик, чекиш – сизларнинг танловингиз”. Ваҳоланки, чекувчилар ўз ихтиёрлари билан чекувчи бўлишмаган, балки маккорона қурилган тузоқ қурбонларига айланишган. Агар чекувчиларда чиндан ҳам танлаш имконияти бўлганда эди, ер юзида сигаретага ҳавасманд ўсмирлардан бўлак чекувчи қолмасди.

Жамиятимизда чекувчиларга нисбатан муносабат ҳақиқатан ҳам аянчли. Героинга ўрганиб қолган одамни мажбурлаб даволашади, сиз эса никотинга ўрганиб қолган гиёҳвандман, деб кўринг-чи! Агар шифокорга мурожаат қилсангиз, “Чекманг, бу сизни ўлдиради”, дейишдан нарига ўтмайди. Ёки таркибида никотин мавжуд бирорта препарат ёзиб беради. Ахир сиз никотиндан қутулмоқчисиз, у эса сизга никотинли препарат тавсия қилади!..

Сиз, ҳатто, сигаретани ўз нархида сотиб ололмайсиз, уч баравар ҳақ тўлашга мажбурсиз. Ҳар йили сигарета нархининг ошиши сизни тобора қийнаб қўймоқда. Худди кашандаларнинг муаммолари камдек!

Нега энди вазият бу тарзда давом этиши керак? Нима учун никотин гиёҳванд модда ва ўлимга сабаб бўлувчи заҳар эканини, стрессни бартараф этиш ўрнига асабларни адои тамом қилишини ҳеч ким баралла айтмаяпти?.. Нима, бизнинг жамиятимизга соғлом ёшлар эмас, чекиш туфайли саломатлигидан мосуво бўлган авлод керакми?..

Умид қиламанки, яқин келажакда чекиш ҳақидаги барча сафсаталар барҳам топиб, ҳақиқат қарор топади. Сиз мазкур китобни ўқиб тугатган экансиз, ана шу ҳақиқатларни бошқаларга ҳам етказишга ҳаракат қилинг.

Энди сиз чекмайдиган бахтли одамсиз. Чекиш устидан қозонган ғалабангиз мустаҳкам бўлишини истасангиз, қуйидаги оддий кўрсатмаларга амал қилинг:

Бу китоб ҳар доим ёнингизда бўлсин.

Эсингизда бўлсин: сигарета ҳеч қачон сизга ёқмаган, шунинг учун чекишни ташладингиз.

Чекувчиларга ҳавас қила кўрманг, улар ачинишга лойиқ одамлар.

Ҳеч қачон чекишни ташлаш ҳақидаги қарорингизни шубҳа остига олманг. Бу – энг тўғри қарор.

 Таржимон: Аброр Машарипов

 

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!