TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Чидамли чақалоқлар

Инсон бу дунёга келганида жажжигина, кучсиз ва ёрдамга муҳтож бўлади. Бироқ жисмонан заиф бўлишига қарамай, янги туғилган чақалоқларнинг атрофга мослашиш эҳтимоли жуда юқори. Баъзан катта ёшлилар ҳар чидаш беролмайдиган вазиятларда миттигина чақалоқлар омон қолади.

Масалан, америкалик Амилия Тейлорни олайлик. У 2006 йилнинг 24 октябрида, ҳомиладорликнинг 22-ҳафтасида операция ёрдамида туғилган. Қизалоқнинг бўйи атиги 25 сантиметр, вазни эса 284 грамм эди. У муддатига етмай туғилган ва омон қолган чақалоқларнинг ичида энг кичиги ҳисобланади. Аслида шифокорлар унинг яшаб кетишига ишонишмасди, чунки онасининг бачадони ва бачадон бўйнига инфекция юққан эди. Бироқ Амилия шубҳаларни чиппакка чиқарди. Она-бола тўрт ойдан кейин туғруқхонани тарк этишди, ҳозир қизалоқ соғ-саломат вояга етмоқда.

Британиялик Кэвен Симмондс ҳам 2006 йилда, аммо Амилиядан фарқли равишда ҳомиладорликнинг 23-ҳафтасида туғилган. У шунчалар нимжон эдики, туғилаётганида шифокорлар бехосдан қовурғалари ва икки оёғини синдириб қўйишган. Кэвиннинг вазни бор-йўғи 450 грамм эди. Туғилганидан 4 кун ўтиб, у ошқозон инфекциясидан азоблана бошлади. Уч соатлик операция ва эллик марта қон қуйилганидан кейин чақалоқ омон қолди.

2012 йилнинг апрелида муддатидан уч ой туғилган аргентиналик Лус Милагрос Верон билан юз берган воқеага ишониш қийин. Дунёга келганида қизалоқда ҳаёт нишоналари кўринмас эди. Ҳар ҳолда, чақалоқни моргга жўнатган шифокорлар шундай дейишди. Орадан 12 соат ўтиб, чақалоқнинг ота-онаси уни кўрмоқчи бўлишди. Моргдаги тобутни очиб, ғамга ботган она қизалоғига тегиниши билан йиғи овози эшитилди. Лус Милагросни зудлик билан реанимацияга олиб боришди. Дарвоқе, Лус Милагрос «мўъжизали нур» деган маънони билдиради. Юз берган мўъжизадан кейин чақалоққа ана шундай исм беришди.

Шу йилнинг майида Хитой телеканаллари янги туғилган чақалоқни қутқариш операциясини намойиш этишди. Кўп қаватли уйда яшовчилар оқава трубасидан чақалоқ овозини эшитгач, кутқарувчиларга хабар беришган. Бунинг қарангни, чақалоқ диаметрли 10 сантиметрга тенг трубага тиқилиб қолган экан. Чақалоққа зарар бермаслик учун қурқарувчилар юксак маҳорат билан ишлашларига тўғри келди. Маълум бўлишича, исталмаган чақалоқдан қутулишни истаган ёш она уни оқизиб юборган экан!

2006 йилда Бразилияда ҳам шунга ўхшаш ҳодиса юз берган. Ўшанда шаҳар четидаги ҳайвон инида янги туғилган чақалоқ топилган. Индан болакайнинг фақат боши чиқиб турар, атрофда пашшалар галаси айланиб юрарди. Бу ерга келган қутқарувчилар чақалоқ инда камида бир кун қолиб кетганини айтиб, уни ўлган деб ўйлашди. Ваҳоланки, у тарашадек қотиб ухларди. Миттивойни қўлга олиб, оғзини тупроқдан тозалашлари билан йиғлаб юборди. Уни инга ташлаб кетган онани ҳам топишди. Қирқ ёшли аёлнинг тўрт нафар фарзанди бор экан, бешинчисини у ортиқча деб ҳисоблаб, тириклайин кўмишга қарор қилган.

Аргентинада юз берган воқеани ҳам ақлга сиғдириш мушкул. Тез орада қиёмат қойим бўлиши ҳақидаги гаплардан эси оғган Франсиско Лотеро ва Мириам Колетти болаларини азобли ўлимдан «қутқаришга» қарор қилишди. Улар аввалига икки ёшли бола ва етти ойлик чақалоқни отиб, кейин ўзларига ўқ узишди. Бир неча кундан кейин жасадларнинг ҳидини сезган қўшнилар полицияни чақиришди. Буни қарангки, кўкрагидан яраланиб, уч кун қаровсиз қолиб кетган қизалоқ тирик экан.

Ўтган йилнинг ноябрида Россиянинг Томск шаҳрида кўп қаватли уйда порташ рўй берди. Икки аёл ҳалок бўлди, портлаш кучи туфайли бир ярим ёшли бола учиб бориб қор устига тушди.

Аброр тайёрлади.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!