TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Дардларга дармон жағ-жағ

Жағ-жағ (ачамбити) ёввойи ҳолда жуда кенг тарқалган бўлиб (фақат энг шимолий ва сувсиз туманларда – саҳрода, Арктикада учрамайди), ўтлоқларда, боғларда, йўл ёқаларида, аҳоли яшайдиган жойларда, бегона ўт сифатида экинзорларда ва бошқа ерларда ўсади.

Жағ-жағ – карамдошлар (бутгулдошлар) оиласига мансуб бир йиллик ўт ўсимлик. Март-май ойларида (ёки ёз бўйи) гуллайди, меваси апрель-июлда (ёки кузгача) етилади.

Овқатга жағ-жағнинг янги кўкарган барглари ишлатилади. Баргидан сомсага масаллиқ, пюре, соус тайёрланади. Уни борш, сабзавотлардан тайёрланадиган салатлар, винегретлар, турли суюқ овқатларга қўшадилар. Жағ-жағнинг ёш, нозик барглари салатларга яхши, нозик, ёқимли ўткир ва саримоқпиёз ҳидини беради.

Баҳорда халқимиз жағ-жағнинг ёш баргларини ялпиз барги, исмалоқ ва бошқа ёввойи ҳолда ўсадиган ўсимликлар баргларига қўшиб, улардан кўк сомса ва чучвара пиширади.

Уч ой давомида қишдан сўнг организм витаминларга, органик кислоталар, минерал моддалар, ферментлар ва бошқа моддаларга муҳтож бўлиб чиққан вақтда жағ-жағ баргини овқатга ишлатишни аҳамияти катта. Организмга керакли бўлган биологик фаол моддаларни эрта баҳорда ўсиб чиққан ўсимликларнинг ёш баргларидан, шу жумладан жағ-жағ баргидан олиш мумкин. Жағ-жағ иштаха очади, меъда ширасини ажралишини яхшилайди, енгил сурги ва ўт ҳайдаш таъсирини кўрсатади.

Жағ-жағ уруғи хантал (горчица) ва қалампир ўрнида зиравор сифатида овқатга ишлатилади.

Ер устки қисми таркибида қандлар, флавоноидлар (диосмин ва бошқалар), органик (лимон, олма, фумар, вино) кислоталар, эфир мойи, сапонинлар, витамин С, В2 ва К, каротин, инозит, холин, ацетилхолин, ошловчи ва бошқа моддалар бор. Уруғи ўз таркибида 28 фоизгача ёғ ва оз миқдорда синингрин гликозиди сақлайди.

Жағ-жағ ўсимлиги қадимдан халқ табобатида турли касалликларни даволашда кенг миқёсда ишлатиб келинади. Ибн Сино ҳам ўз вақтида уни қўллаган. Жағ-жағ асосан турли қон оқишларда (бачадон, меъда, ўпка, буйрак, бурундан ва яралардан қон оққанда, бавосил касаллигида) ишлатилади. Яралардан, шилинган жойдан ва бурундан қон оқишини тўхтатиш учун янги йиғилган баргни эзиб, қон оққан жойга қўйилади. Ўсимлик дамламаси ичдан қон оқишини тўхтатади. Бунинг учун ҳамда иситма ва ич кетганда дамламани ичишга берилади.

Таркибида холин ва ацетилхолин бўлгани учун жағ-жағ қон босимини пасайтириш – гипотензив, витамин К бўлгани учун қон ивишини тезлатиш, натижада қон оқишини тўхтатиш таъсирига эга. Шунинг учун жағ-жағ ўсимлигидан тайёрланган дамлама ва суюқ экстракт илмий тиббиётда қон оқишини тўхтатувчи восита сифатида акушерлик (туққандан сўнгги қон оқишни тўхтатиш учун) ва гинекологик (кучли ва узоқ ҳайз кўришда) амалиётида қўлланилади.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!