TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Эҳтиёт бўлинг: қўтир!

Қўтир бемор одамдан, шунингдек касал ҳайвонлардан юқиши мумкин бўлган касалликдир. Қўтир касаллигини пайдо қиладиган канани оддий кўз билан кўриб бўлмайди. Қўтир танаси урғочиси терига зимдан тушиб, терининг мугуз қаватига ўтади ва у ерда узунлиги тахминан бир сантиметр келадиган қўтир йўлларини ҳосил қилади, улар ташқи кўринишдан нина учи билан тирналган оқиш ёки хира кул ранг жойга ўхшаб қолади. Каналар орадан 2-3 ҳафта ўтгач вояга етади. Улар ташқарига чиқиб, терининг бошқа соҳаларига ўрнашиб олади ва ҳамма жараён яна такрорланади.

Катта ёшли одамларда каналар кўпинча бармоқлар орасидаги терини, панжанинг ички юзасини, букиладиган юзаларни (айниқса тирсакни), кўкрак, қорин, бел, жинсий органлар терисини, аёлларда кўкрак учи халтасини зарарлайди. Болаларда каналар уларнинг кафтида, товон ва оёқ тагининг ички чеккаларида, юзда, орқада, бошнинг сочли қисмида ўрнашиб олади.

Касаллик юққандан сўнг 7-10 кун ўтгач, баъзан бир-бир ярим ой ўтгандан кейин тери қаттиқ қичишади. Одатда бемор қаттиқ қичинади ва шу жойдан йиринг пайдо қиладиган микроблар ўтади. Оқибатла йирингчалар ва ярачалар пайдо бўладики, булар беморнинг умумий аҳволини ёмонлаштиради.

Агар бемор тезда врачга мурожаат қилса, қўтирни бир неча кунда йўқотиш мумкин. Ҳозирги пайтда медицина ходимлари қўлида қўтирга қарши яхши шифо бўладиган даво воситалари бор. Бироқ уларни иложи борича эртароқ қўллаш лозим.

Оила аъзоларидан бирор киши қўтир билан оғриб қолса, у бутунлай соғайиб кетмагунча бошқалардан ўзини холи тутиши ва дерматолог врач маслаҳати билан даволаниши керак. Бемор қўл бериб кўришганда касал бўлган жойга текканда ҳам қўтир юқиши мумкин.

Шундай гигиена қоидаларига риоя қилиш, қўлни тез-тез совунлаб ювиш, ванна ёки душда чўмилиб туриш лозим. Бемор ишлатган буюмлардан бошқалар фойдаланмасликлари керак. Унинг ички кийимлари, ўрин-кўрпаси ва сочиғини алоҳида ювиш лозим. Фақат ювиш эмас, уларни қайнатиш ва дазмоллаш керак.

Уйни ҳар куни намлаб супуриб-сидириш, мебелни артиш, полни 1-2 процентли содаси иссиқ сув билан ювиш керак. Пол латтани ишлатиб бўлгач қайнатиш, чўтка устидан қайноқ сув қуйиш лозим. Қўтир билан оғриган болани бутунлай тузалмагунча боғчага, яслига, мактабга юбориш мумкин эмас.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!