TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

“ЕРЎПАР”ГА ҚАЧОН КЎЧАМИЗ?..

Австралиянинг марказий қисмида жойлашган Кубер Педи шаҳарчасида яшовчи Бернадетт Робертснинг уйи бошқаларникидан деярли фарқ қилмайди: меҳмон кутадиган хонаси, ётоқхонаси, ошхона ва ваннахонаси бор.  Шундай экан, нега унинг уйи ҳақида сўз очдик? Гап шундаки, уй деганда биз одатда ер устидаги иншоотларни тушунамиз, аммо Роберстнинг уйи ер остида жойлашган.

Кубер Педини “опал минералининг пойтахти” деб ҳам айтишади, чунки дунёдаги опал захирасининг 30 фоизи айнан шу шаҳарчага тўғри келади. Шаҳарча аҳолисининг 80 фоизи ер остида барпо этилган уйларда яшайди. Кубер Педи – чинакам жазирама ҳукмрон ҳудуд, бу ерда ҳаво ҳарорати эллик даражагача етиши мумкин. Бундан юз йил муқаддам Кубер Педи кончилари ер ости салқинроқ бўлади, деган хулосага келишди ва шу тариқа ер ости шаҳарчаси пайдо бўлди.

Роберстнинг айтишича, ҳаво ҳарорати “илиқ” – 40 даража бўлганида, унинг уйидаги ҳарорат 25 даража атрофида бўлади. “Ўзингни худди кондиционери бор хонада ҳис қиласан”, – дейди у.

Ҳозирга келиб дунёнинг бошқа шаҳарларида ҳам ҳокимиятлар ер остидан нажот қидирмоқда. Бунинг учун ҳар бир шаҳарнинг ўзига яраша сабаблари бор.

Тахминларга кўра, 2050 йилда сайёрамиз аҳолисининг учдан икки қисми шаҳарларда яшайдиган бўлади. Табиийки, шаҳарларда ер танқислиги муаммоси пайдо бўлади. Бир қатор омиллар туфайли мегаполислар энига ва бўйича ўса олмайдиган ҳолга келади. Унда ерни қазиш вақти келгандир?..

Сингапур остида олимлар шаҳарчаси

Сингапур – жаҳоннинг аҳолиси энг зич мегаполисларидан бири: 5,5 миллион аҳоли атиги 710 кв. км. ҳудудда истиқомат қилади. “Сингапурнинг ер остини ўзлаштиришининг асосий сабаби ер танқислигидир”, – дейди Мегаполисларнинг ер ости маконларини тадқиқ қилувчи марказлар бирлашмаси вакили Чжоу Инсинь. Ушбу марказ шаҳарларнинг ер остини режалаштириш ва таҳлил қилиш билан шуғулланади.

Инсиннинг айтишича, Сингапур денгиз тубини чуқурлаштириш орқали олинган қумдан фойдаланган ҳолда ҳудудини кенгайтириб келаётган эди. Аммо бу технология энди ёрдам бермаяпти: денгиз тобора чуқурлашмоқда, шаҳар-давлат ҳудуди давлат чегарасига яқинлашиб қолди, қумнинг нархи ошмоқда, қўшнилар шикоят қилмоқда ва ҳоказо.

Сингапур ҳукумати майдони 300 000 кв. км.га тенг Ер ости илм-фан шаҳрини (Underground Science City) барпо этишни режалаштирган. Шаҳар 30 метрдан 80 метргача чуқурликда жойлашади ва у ердаги илмий-тадқиқот объектлари, жумладан, биотиббиёт ва биокимё лабораторияларида 4200 ходим фаолият кўрсатади.

Баъзи ҳолларда ер етмаслиги тарихий ҳудудларда қурилиш олиб боришга тақиққа боғлиқ. Масалан, Мехико марказида қурилишга қатъий чекловлар бор. Шунинг учун ҳам BNKR Arquitectura меъморчилик компанияси ер остида 300 метр чуқурликкача жойлашадиган, тўнтарилган эҳром шаклидаги турар жой мажмуаси лойиҳасини ишлаб чиқди. Лойиҳа “Ерўпар” деб номланган.

Режага кўра, “Ерўпар”да 5000 киши истиқомат қилади. Уйлар улкан ойнаванд шифт орқали ўтадиган табиий ёруғлик ёрдамида ёритилади. Бироқ қуйи қаватлардаги аҳоли оптик толали ёритишдан фойдаланишига тўғри келади.

BNKR Arquitectura раҳбари Эстебан Суарес “Ерўпар” лойиҳаси янги турдаги бинолар лойиҳасини ишлаб чиқишлари учун меъморларга илҳом бағишлашига умид қилмоқда.

Пекинда ҳам турар жой нархининг тобора ошиб бораётгани одамларни ер остига равона бўлишга ва камтарроқ ҳаёт кечиришга мажбурламоқда.

Жанубий Калифорния университети ҳузуридаги Макон таҳлили лабораторияси раҳбари Аннетт Ким яқинда Пекинга саёҳат қилиб, пойтахт тагидаги турар жойлар билан танишди. Булар – асосан собиқ бомбапаноҳлар ва кичик ётоқхоналарга айлантирилган оддий ертўлалардир.

“Пекин остидаги ҳаёт шароити кескин фарқ қилади. Мен даҳшатли қашшоқликни ҳам, ва таажжубки, яхшигина шароити бор турар жойларни ҳам кўрдим”. – дейди Ким.

Шаҳар тагидаги миллионлар

Пекин остида неча киши яшайди?

Аннетт Кимнинг сўзларига қараганда, ер тагида 150 мингдан 2 миллионгача киши ҳаёт кечираётган бўлиши мумкин. “Мен 1 миллион атрофида деб ўйлайман. Бу жуда катта рақам”, – дейди у.

Кимнинг айтишича, мавжуд вазиятнинг юзага келишига икки омил сабаб бўлди: Хитойда қурилиш ишларининг кескин жадаллашиши ва бунинг оқибатида ер ости турар жойлари бўйича таклифнинг ортиши ҳамда ҳамма ҳам уй сотиб ололмаслиги. Сўнгги йилларда қишлоқлардан Пекинга жуда кўп киши яхши ҳаёт илинжида кўчиб келди. Бироқ уларнинг аксариятида пойтахтда яшаши учун рухсатнома йўқ, бусиз эса ер устида турар жой харид қилиб бўлмайди. Бу одамларнинг ягона чораси – ер остида яшаш.

Шанхай жануби-ғарбидан 35 километр узоқликда, ташландиқ конда буткул ўзгача ер ости иншооти барпо этилмоқда – 300 номерга мўлжалланган Shimao Wonderland Intercontinental меҳмонхонаси.

“Меҳмонхонани қуриш ўта машаққатли, чунки бу гўёки бошни пастга тушириш ва оёқни тепага кўтаришга ўхшайди, – дейди лойиҳа муаллифларидан бири Мартин Йохман. – Масалан, сув ва канализация қувурлари ичидаги чиқитларни насослар ёрдамида тортиб олишга тўғри келади”.

Аммо меҳмонхонанинг афзаллик томони ҳам бор – табиий шароит туфайли ёзда салқин, қишда илиқ.

Ҳаво ҳарорати омили Финляндия пойтахти Хельсинкида ҳам одамларни ер остида равона қилмоқда. Шаҳар остида аллақачон 9 миллион куб метрли иншоотлар – дўконлар, югуриш учун йўлкалар, хоккей майдони ва бассейнлар барпо этилган. Лойиҳа муаллифларидан бири Эйя Кивилааксо айниқса қишда – ҳаво ҳарорати 20 даража совуқ бўлганида, ер остида яшаш ёқимлироқ эканини таъкидлайди.

Қўрқувни енгиш учун…

Шундай қилиб, ер остида турар жойлар қуришнинг техник жиҳатдан иложи бор. Лекин одамлар узоқ муддат ер сотида бўлишни истайдими?..

“Ерўпар” сингари лойиҳаларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан одамларнинг ер тагида яшаш билан боғлиқ қўрқувини енгишига боғлиқ.

Кўпчилик ер остини тор ва қоронғи ғорлар ёки тириклайин кўмилиб қолиш хавфи билан боғлайди. Бироқ “Ерўпар” лойиҳаси муаллифлари бинонинг барча секцияларини бирлаштирадиган ва қуёш нури ёрдамида ёритиладиган марказий очиқ макон орқали одамлардаги бу қўрқувни енгишга умид қилишмоқда.

Ер остидаги ёпиқ маконда бўлиш ҳақидаги фикрнинг ўзиёқ баъзи одамларни даҳшатга солиши мумкин. Норвегиянинг ер ости маконлари дизайни ва ер остида яшашнинг руҳий жиҳатларини ўрганиш билан шуғулланувчи SINTEF ташкилоти вакили Гуннар Йенссеннинг таъкидлашича, сайёрамиз аҳолисининг тахминан 3 фоизи клаустрофобия – ёпиқ макондан қўрқиш касаллигига чалинган. Лекин бу қўрқувга қарши курашиш мумкин.

“Бундай одамларга вазиятни назорат қилиш ҳақидаги фикр сингдирилса, улар ўзларини хотиржамроқ ҳис қилишади, – дейди Йенссен. – Биз айнан шу иш билан шуғулланамиз – бундай фикрни меъморчилик ва дизайнга татбиқ этамиз”.

Йенссен дунёдаги тўртта энг узун ер ости тунелларини ишлаб чиқишда қатнашган. У макон иллюзияси учун яхши ёритилган, пальма дарахтлари ва осмон акс этган воҳадан фойдаланади. “Сиз қоронғи туннел бўйлаб кетиб борасиз ва кутилмаганда ўсимликлари бор ёруғ жойга чиқиб қоласиз. Шунда ўзингизни очиқ маконда ҳаракатланаётгандек ҳис қиласиз, ваҳоланки, ҳали ҳам ер остида 1000 метр чуқурликдасиз”.

Хўп, иллюзиялар ва бошқа дизайн ҳийлалари ер остида одам ўзини яхши ҳис қилишига ёрдам бериши мумкиндир, аммо қуёш нурининг йўқлиги ер ости аҳолисига қандай таъсир кўрсатади?..

Бу саволга Жанубий Калифорния университети олими Лоуренс Палинкаснинг жавоби қуйидагича: қуёш нурининг танқислиги уйқунинг бузилиши, кайфиятнинг ёмонлашиши, гормонал ўзгаришларга сабаб бўлиши ва турли сурункали касалликларни келтириб чиқариши мумкин. Бироқ ёруғликнинг қуёш нурига ўхшаш, мунтазам ва ёрқин бўлиши одамларга узоқ муддат ер остида яшашларига имкон беради.

Ер тагига қачон тушамиз?

Хуллас, одамларнинг ер тагида яшаши назарий жиҳатдан мумкин. Лекин бу чиндан ҳам юз берадими? Пекин остидаги турар жойларни ўрганган Аннетт Ким бунинг ҳақиқатан рўй беришини айтмоқда: “Шаҳарлашув ҳозиргидек суръатда давом этаверса, ер остига тушишимизга тўғри келади”.

Унинг сўзларига кўра, вазият ер ости маконидан қай мақсадда фойдаланишга ҳам боғлиқ: “Пекин остидаги уйларда яшовчиларнинг кўпчилиги ер тагига фақатгина кечқурун тушади. Кундузи эса улар қуёш нури ва тоза ҳаводан баҳраманд бўлади”.

Наньян технология университети илмий ходими Ли Хуанцин ер ости шаҳарлашуви мавзусида докторлик диссертацияси устида ишламоқда. Унинг айтишича, аксар шаҳарларда ер ости турар жойлари эмас, балки савдо марказлари ва транспорт магистраллари эгаллайдиган кўп мақсадли маконлар барпо этиш режалаштирилмоқда. Шу тариқа ер устида янги турар жойлар, яшил ҳудудлар ва ҳордиқ марказлари барпо этиш учун жой очилади.

“Одамлар ер остида яшамаслиги учун ҳеч қандай сабаб йўқ. Аммо бундан олдин ер устида кўп нарсаларни барпо этиш керак…”

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!