TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

ГЛАУКОМА КЎЗНИ ОЖИЗ ҚИЛИШИ МУМКИН

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунда кўзи ожизлик ва кўрликка олиб келувчи касалликлардан энг кўп тарқалгани глаукомадир. Дунё миқёсида 65 миллионга яқин инсон глаукома билан касалланган бўлиб, 2020 йилга бориб беморлар сони 80 миллионга етиб бориши тахмин қилинмоқда.

Глаукома (оддий тилда кўк сув ёки назла) – бу кўз ички босими доимий ёки вақти-вақти билан ошиб туриши, кўрув нерви атрофияси, кўришнинг пасайиши ва кўрликка олиб келувчи жиддий сурункали кўз касаллиги ҳисобланади. У баъзан оғриқсиз, секин, ҳеч қандай белгиларсиз кечиши туфайли вақтида аниқлаб бўлмаслиги мумкин.

Кўз ички босими 16 дан 26 мм. симоб устунига тенг бўлса, бу меъёрий кўрсаткичдир. Лекин беморда глаукома касаллиги гумон қилинса, бу меъёр ўзгариши мумкин. Агар босим меъёридан ошиб кетса, кўрув нерви атрофиясига олиб келади ва кўрликка сабаб бўлади. Атрофияга учраган кўрув нервини даволаш усули ҳозиргача топилмаган.

Глаукома туғма ва орттирилган бўлиши мумкин. Орттирилган глаукоманинг очиқ бурчакли ва ёпиқ бурчакли турлари фарқланади.

Касалликнинг белгилари қандай?

Очиқ бурчакли глаукома бошланишида ҳеч қандай белгилар кузатилмайди. Бемор гўёки ҳеч нарсани сезмагандек юраверади. Бора-бора кўрув жараёни хиралашиб, касалликнинг зўрайиш даври бошланганидан далолат беради. Бемор бир ёки икки томонлама боши оғришидан, кўз олди элак тутган ёки туман тушгандек, ёниб турган лампочка олдида камалаксимон ҳалқа кўринаётганидан, кўриш органлари ним қизариб, ёшланишидан шикоят қила бошлайди.

Ёпиқ бурчакли глаукома бирдан хуруж билан бошланиши мумкин. Кўзда ва бошда кучли оғриқ, қон босими ошиши, кўнгил айнаши, қайт қилиш, тиш, қулоқ оғриши кузатилади. Бемор глаукома касаллиги ҳақида тушунчага эга бўлмагани учун бошқа мутахассисларга мурожаат қилади ва вақтни бой беради.

Аҳоли орасида туғма глаукома билан дунёга келаётган чақалоқлар ҳам учрайди. Буни мутахассис-шифокор туғилган чақалоқнинг кўзи одатдагидан каттароқ, шоҳпарда ранги кўкимтир ва хира бўлишига қараб, дарҳол аниқлайди. Туғма кўринишдаги касалликни даволаш анча қийин кечади. Чунки бу тиббиётда алоҳида йўналиш ҳисобланган ДНК, яъни дезоксирибонуклеин кислотасининг ўзига хос белгилари насл орқали бола организмида тарқалишига бориб тақалади.

Глаукома касаллигига чалинмаслик чора-тадбирларини кўриш, дардни вақтида аниқлаш орқали беморда юзага келиши кутилаётган кўрликнинг олдини олиш мумкин.

Кимлар глаукомага учраши мумкин?

Оилада глаукома билан касалланган бемор бўлса (наслий мойиллик), 35 ёшдан ошган катталар, артериал қон босими ошиб турадиган, мигрень, қандли диабет, қалқонсимон без, юрак қон-томир касалликларига чалинган кишилар глаукомани орттириши эҳтимолдан ҳоли эмас. Аввал кўзида жароҳат бўлган, бошқа кўз касалликларидан азият чекиб келаётганлар орасида ҳам глаукома кўпроқ учрайди. Кўп чекиш, суюқликни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш, ортиқча вазн, кўзни ортиқча зўриқтириш глаукома келиб чиқишига шароит яратади.

Нима қилиш керак?

35-40 ёшдан кейин ҳар йили бир марта кўз шифокори текширувида бўлиш тавсия қилинади. Глаукома аниқланган беморга медикаментоз, лазер жарроҳлиги ва оддий жарроҳлик усуллари қўлланади. Уни аниқлашда кўз ички босими ва кўрув майдонини ўлчаш, кўрув нерви ҳолатини текшириш муҳим роль ўйнайди. Дори-дармонлар ёрдамида даволаш фақат врач тавсияси билан бўлгани маъқул. Баъзан бемор дорини кўзига ўз вақтида томизиш имкониятига эга бўлмаслиги мумкин. Яхшиси, бу ишни унинг бирорта яқин кишиси бажариши керак.

Лазер нури ёрдамида даволаш кўз суюқлик системасига ижобий таъсир килиб, унинг оқиб кетишини яхшилайди. Лазер операциялари амбулатор шароитда ўтказилади ва нисбатан енгил амалиёт ҳисобланади. Глаукоманинг барча турларида хам лазер ёрдам бермаслигини ҳисобга олиш керак.

Жарроҳлик усулида даволаш кўпчилик беморлар учун ягона даволаш усули ҳисобланади. Бошқа усуллар фойда бермаган пайтда бажариш мақсадга мувофиқдир. Жарроҳлик амалиёти қанчалик эрта бажарилса, кўриш қобилиятини сақлаб қолиш эҳтимоли шунчалик ошади. Хавфсиз замонавий оператив даволаш усуллари амалиётга кенг жорий қилинган бўлиб, бундан аҳолини кўз шифокорлари хабардор қилишлари керак. Зарурат туғилганда, иккинчи ёки учинчи марта операция қилиш ҳам мумкин.

Глаукома касаллигининг бошланғич даври инсон ҳаёт тарзини ўзгартирмайди, лекин профилактик чора-тадбирларни амалга ошириб бориш таклиф қилинади:

— ҳаддан ташқари зўриқиб ишлаш мумкин эмас. Ишлаётганда ёки ўқиётганда ёруғлик чап томондан тушиб туриши лозим. Нимқоронғиликда ёзиш, ўқиш зарар;

— телевизор кўриш тақиқланмайди, фақат бошни тўғри тутиб, нормал ёритилган хонада томоша қилиш лозим. Чироқни ўчириб, узоқ вақт телевизор кўриш мумкин эмас;

— бўйинни қисиб турувчи, тор ёқали свитер, сиқиб турувчи кийимдан воз кечиш керак. Имкон қадар галстук тақмаган маъқул;

— зарарли одатлар – чекиш, спиртли ичимликларга ружу қўйиш барча аъзолар сингари кўриш органларига ҳам салбий таъсир курсатади;

— иссиқ, буғли ҳаммом, сауна глаукомаси борларга тавсия қилинмайди;

— қуёшдан ҳимоя қилувчи кўзойнакдан фойдаланиш лозим.

Соғлом турмуш тарзига риоя қилиш барча касалликлар сингари глаукоманинг олдини олишда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Буни омма онгига етказишда оилавий поликлиника, қишлоқ врачлик пунктлари шифокорлари, тор доирадаги барча мутахассислар фаоллик кўрсатишлари, кенг миқёсда тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришлари керак.

Дилшод Абдуназаров,

Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси маркази бўлим мудири

Манба: “Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш” газетаси

'ГЛАУКОМА КЎЗНИ ОЖИЗ ҚИЛИШИ МУМКИН' have 1 comment

    li class="comment even thread-even depth-1" id="comment-3087">

    17.12.2017 @ 01:18

    салом алейкум йошим 28да мани козим орийди ман озим йашийдган жойда доктрга бордим у манга капли йозиб берди кунга 3махал соласиз диб килдим даже 3хил капли сотиб олиб томиздим фойдаси йок мани козим ачишади телефонга каромиман даже орийди даже бошим орди шуна йордам берсез

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!