TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Ибн Сино ҳақида икки ривоят

“Мен ҳўкизман”

Бухоролик бир киши касал бўлиб, «Мен ҳўкизман, мени сўйинглар» дейдиган бўлиб қолибди. Касалнинг қариндош-уруғлари буни Абу Али ибн Синога айтишибди. Абу Али касалнинг олдига қассоб бўлиб келибди ва «қани сўядиган ҳўкизинглар!» – деб бақирибди. Бемор унинг олдига чопиб бориб, «Сўйиладиган ҳўкиз менман», дебди. Абу Али дарров беморнинг қўл-оёғини боғлатибди, сўнг қўлида пичоқни ўйнатиб, беморнинг биқинидан ушлаб кўрибди-да:

– Ҳўкизимиз семиз демабмидиларинг, бу жуда ориқ-ку, буни мен ҳозир сўймайман, сал семирсин, кейин сўяман, – дебди.

Бемор бу гапни эшитиб: «қани менга овқат беринглар, мен семирай», – деб овқат талаб қилаверибди.

Абу Али ибн Сино беморнинг оиласига дори қолдириб, уни овқатига қўшиб, беморга беришни уқтирибди. Уйдагилар шундай қилишибди. Натижада бемор ҳадемай тузалиб кетибди. Кейинчалик Абу Али ибн Сино беморнинг уйига келиб:

– Семирган ҳўкизинглар қани, сўйиб берай, – дея сўрабди ва соғайган беморга кўзи тушиб шундай дебди:  – Э, анча семирибсан-ку, энди сўйса бўлади.

Бемор табибнинг гапидан жуда таажжубланибди ва:

– Мени сўядиганнинг боши ўнта, тегиб кўр-чи менга, – дея дўқ урибди.

Йиғилган қариндош-уруғларнинг ҳаммаси аввалги воқеани эслаб хохолаб кулиб юборишибди.

Узук воқеаси

Абу Али ибн Синонинг онаси уни чақалоқлигида чўмилтираётганида қимматбаҳо узугини йўқотиб қўйган экан. У узугини кўп қидирибди. Лекин ҳеч қаердан топа олмабди. Кейин уни канизак олган, деб гумон қилиб, бечора канизакни роса калтаклашибди. Канизакни уришаётганда Абу Али йиғлай бошлабди, калтаклашдан тўхташса, чақалоқ ҳам йиғидан тўхтабди. Ҳамма бундан ажабланиб, узукни йўқолдига чиқаришибди.

Ибн Сино тилга кирганида, биринчи айтган гапи шу бўлибди:

– Сизлар ўша вақтда канизакни ноҳақ урган эдинглар. Онам мени чўмилтираётганда, узуги тоғорага тушиб кетган эди. У тоғорани ағдарганида узук ҳам сув билан бирга кир ўрага тушиб кетган. Менинг тилим чиқмаганидан сизларга айтолмаган эдим. Канизакни урганингларда йиғлаб, тўхтатганларингда йиғидан тўхташимнинг сабаби шу эди.

Шундан кейин ўрани кавлашган экан, узук топилибди. Бу воқеани эшитгану билганлар Ибн Сино зеҳнига қойил қолишган экан.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!