TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

ИНСОН 150 ЙИЛ ЯШАШИ МУМКИНМИ?

Англиялик доктор Алекс Жаворонков бу саволга “ҳа” деб жавоб бермоқда. Илм-фаннинг шарофати билан инсон 150 йилгача яшай олишини таъкидлаётган мутахассис буни ўз мисолида исботламоқчи.

Асли россиялик 37 ёшли Жаворонков биотехнологиялар бўйича мутахассис, айни пайтда Буюк Британияда ишлайди, қариш бўйича ўтказилган халқаро тадқиқотларни ўрганиш мақсадида International Aging Research Portfolio номли лойиҳага асос солган. Унинг қизиқиш доираси анча кенг, аммо қаришга қарши курашни ўзининг энг асосий иши деб билади.

Алекс Жаворонковнинг таъкидлашича, тиббиёт эришган ютуқлар ва антибиотикларнинг кенг қўлланиши шарофати билан одамлар ўйлаганларидан кўпроқ умр кечиришлари мумкин.

“Менимча, ҳатто ҳозир 70 ёшда бўлганларнинг ҳам 150 йил ва ундан кўпроқ яшашга имконияти катта”, – дейди у.

Доктор Жаворонков бу назариясини ўз мисолида исботлаб бермоқчи. У ҳар куни юзга яқин дорилар ва биологик фаол қўшимчаларни қабул қилмоқда, шу орқали камида 150 йил яшашига ишонмоқда. Нега энди айнан 150 йил? Яқинда австриялик тиббиётчилар ўзлари ўтказган тадқиқот натижасини эълон қилишди. Уларнинг таъкидлашича, тиббиёт қўлга киритган ютуқлар туфайли қарилик энди 74 ёшдан кейингина бошланмоқда. Жаворонков эса инсон камида яна шунча яшай олишига ишонмоқда.

Албатта, у фақатгина дори-дармон қабул қилиб, 150 ёшга етишини қўл қовуштирганча кутиб ўтиргани йўқ: спорт билан мунтазам равишда шуғулланади, шифокорлар кўригидан ўтади ва ўз қонининг таркибини ўзи кузатиб боради.

Авваллари узоқ умр кўрувчилар ҳақида сўз борса, уларнинг иммунитети кучли экани, бу эса бир қатор омиллар, хусусан, генетика билан изоҳланиши айтилар эди. Доктор Жаворонков эса инсоният тез орада тиббий муваффақиятларнинг меваларини ҳис қила бошлашини таъкидламоқда.

“Фикримча, икки-уч йилдан кейин ёшликни узайтирадиган ва саломатликни мустаҳкамлайдиган самарали фармакологик ечим топилади, – дейди у. – Шундан кейин регенератив тиббиёт ва генетиканинг умримизни узайтиришга хизмат қиладиган ютуқлари кўп куттирмайди”.

Унинг айтишича, узоқ умр кўришнинг асосий душмани биология эмас, иқтисодиёт, ижтимоий омиллар ва одамларнинг хулқ-атворидир. Инсон онги эса энг катта жанг майдонидир.

Алекс Жаворонковни илмий доираларда қўллаб-қувватлаётганлар анчагина. Кўпчилик мутахассислар фикрига кўра, инсон ўртача ҳаёт давомийлигидан бемалол ўта олади. Бунинг учун бир қатор оддий қоидаларга амал қилиши, кифоя. Масалан, пиёда юриш, шакар, туз ва ёғ истеъмолини камайтириш, ҳаётни узайтиришга ёрдам берадиган мавжуд дорилар, хусусан, статинлардан фойдаланиш.

Бир қарашда ҳаммаси оддийдек, аммо одамларни ўзлари учун фойдали бўлган машғулотларнинг самарасига ишонтириш осон эмас. Кардифф университети олимларининг тадқиқоти бунга ёрқин мисол бўла олади. Улар 1979 йилда 2500 нафар эркакдан бешта қоидага амал қилишни сўрашди: тўғри овқатланиш, кўпроқ ишлаш, спирли ичимликлардан тийилиш, вазнни назорат қилиш ва чекмаслик.

Деярли қирқ йилдан кейин бу қоидаларга атиги 25 киши амал қилиб келаётгани маълум бўлди. Табиийки, улар қолганларга нисбатан соғломроқ бўлиб чиқди.

Доктор Жаворонков 150 йил яшашни истовчиларга қуйидаги маслаҳатларни бермоқда:

– Ўзингизни руҳан қаришдан асранг. Назарий жиҳатдан етиш мумкин бўлган ва бунинг учун саъй-ҳаракат талаб этиладиган ёшни танланг. Масалан, Жаворонковнинг ўзи 170 йил яшашни исташини айтмоқда.

– Ўзингизга кўпроқ вақт ажратинг. Соғлиқни мустаҳкамлаш бизнесда ютуққа эришишга интилишдан муҳимроқ. Мунтазам ўқинг ва атрофингиздаги инсонларни ҳам ўқитинг.

– Ёшлар билан, айниқса, ёш олимлар ва докторлар билан дўстлашишга ҳаракат қилинг. Одатда олимлар узоқроқ умр кўради ва ақлий салоҳияти бошқаларникидан кўпроқ.

– Қариш жараёнларини ўрганинг. Ана шунда сизда ишонч ҳосил бўлади ва умрни узайтирадиган дориларни иккиланмай қабул қила бошлайсиз. Бундай дориларнинг айримлари аллақачон сотувга чиққан.

– Жисмоний ҳолатингиз яхши бўлсин, кунига етти соат ухланг, истеъмол қилинаётган калориялар миқдорига диққат қилинг. Соғлиқни асранг, турли яллиғланишлар ва касалликларга йўл қўйманг.

– Тиббий кўриклардан ўтиб туринг. Қон таркиби ва қон таначалари сонини, юрак уришини текширинг.

– Геропротекторлар – умрни узайтиришга ёрдам берадиган моддалар қабул қилишни бошланг.

– Кўпроқ яшашни исташ учун ҳаётингизни қизиқроқ қилинг.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!