TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

КАЛЬЦИЙ ҲАММАГА КЕРАК

Суякларнинг мўртлиги ва улардаги оғриқлар кальций етишмовчилигининг яққол белгиларидан бири ҳисобланади. Агар сиз йиқилиб, унчалик жароҳат олмасдан, оёғингиз ёки қўлингизни синдирган бўлсангиз, бу ҳам кальций танқислигининг аломати.

Тирноқлар, сочларнинг синувчанлиги, тиш касалликлари (майдаланиши, эмалда ёриқлар пайдо бўлиши) ҳам организмдаги кальций етишмовчилигидан дарак беради. Кальций танқислиги асаб тизимида тез аччиқланиш, толиқиб қолиш, беҳаловат ҳолатлар кўринишида намоён бўлиши мумкин. Агар спорт билан шуғулланишни ёқтирсангиз, тез-тез томир тортишишига кальций етишмовчилигининг белгиси сифатида эътибор қаратинг. Томирларнинг заифлиги, гипертония, юз асаб толасининг фалажланиб қолиши ва, ҳатто, барвақт соч оқариши ҳам кальций танқислигининг белгилари бўлиши мумкин.

Кальций моддаси етишмовчилиги, айниқса, болалар учун хавфли. Ушбу элементнинг организмга меъёрида тушиши нафақат суякларнинг, балки бутун организмнинг нормал ўсиши ва ривожланишини таъминлайди.

Болаларда кальций етишмовчилиги суяклар ва тишлар шаклланишидаги бузилишлар, кўз гавҳаридаги патологик ўзгаришлар, асаб тизимидаги бузилишлар, таъсирчанлик ва томир тортишишларини келтириб чиқаради. Бундан ташқари, энг хавфли ҳолатлардан бири қоннинг ёмон ивиш хусусиятидир. Маълумки, болалар жуда ҳаракатчан бўлади. Шу боис, тез-тез майда жароҳатлар ва яраларга дуч келишади. Бу ҳолда қоннинг ёмон ивиши фожиали роль ўйнаши ҳам мумкин.

Кальций етишмовчилигини қандай бартараф этса бўлади?

Биринчи навбатда, таркибида кальций моддаси ва унинг ўзлаштирилишини яхшилайдиган элементлардан иборат витаминли комплексни танлаш лозим бўлади. Масалан, кальций моддаси D витаминисиз ёмон ўзлаштирилади. Буни катталар учун ҳам, болалар учун ҳам витаминларни танлашда инобатга олиш зарур. Кальций билан бирга фосфор ҳам зарур – айнан шу модда кальций билан бирга суякларимизга боради ва уларни мустаҳкамлайди. Агар кальций танқислиги яллиғланиш хасталикларига олиб келган бўлса, унга магний моддасини қўшиш лозим.

Сиз кальций танқислигини тўлдиришга қарор қилган бўлсангиз, албатта, таркибида кальций моддаси мавжуд бўлган озиқ-овқат маҳсулотларига эътибор қилинг. Биринчи навбатда, бу сут ва қатиқ маҳсулотлари: қатиқ, творог, ёғи кам қаймоқ, йогуртлар. Кальций етишмовчилиги аломатлари сезилганда уларни ҳар куни истеъмол қилиш лозим. Айниқса, гипокальцемия (кальций етишмовчилиги)га мойил учта гуруҳ – болалар, ҳомиладор аёллар ва кекса кишилар ҳар куни юқоридаги маҳсулотларни тановул қилишлари керак.

Балиқ маҳсулотлари таркибида ҳам кўп миқдорда кальций мавжуд. Хусусан, лосось ва сардина балиқларини истеъмол қилиш тавсия этилади.

Кальций моддаси сабзавотлар ва кўкатлар, тухумда ҳам бор. Тухум ажойиб кальций манбаи ҳисобланади.

Агар сиз кальций етишмовчилигини маҳсулотлар ёрдамида тўлдирмоқчи бўлсангиз, ушбу модданинг ўзлаштирилишига халақит берувчи баъзи омилларга эътибор қаратишингиз лозим бўлади.

Биринчи навбатда, бу – ёғ. Агар сўз болаларда кальций етишмовчилиги ҳақида кетаётган бўлса, бунга алоҳида эътибор қаратиш лозим бўлади. Чунки ёғ кальций билан эримайдиган бирикмаларни ҳосил қилади, улар эса ичакда сўрилмайди. Катталар таркибида кальций моддаси мавжуд маҳсулотлар қанча ёғли бўлса, улардаги кальций миқдори ҳам шунча кам бўлишини билиб қўйганлари маъқул.

Шунингдек, баъзи моддалар организмдан кальцийни тезда чиқариб юборишини ҳам инобатга олиш зарур. Агар сиз газли ичимликлар, масалан кока-колани яхши кўрсангиз, кальций танқислигини тўлдириш учун фақат озиқ-овқат маҳсулотларининг ўзи етарли бўлмайди. Гап шундаки, ушбу ичимликлар таркибида кальцийни сийдик билан бирга чиқариб юборадиган моддалар мавжуд.

Кичкинтойларга ҳам таркибида бириктирувчи тўқималари кўп маҳсулотлар, нордон маҳсулотлар ва шоколад тавсия этилмайди. Уларнинг барчаси кальцийнинг организм томонидан ўзлаштирилишига тўсқинлик қилади ва болаларда кальций танқислигини келтириб чиқариши мумкин.

Демак, юқорида қайд этилганлардан хулоса қилиш мумкинки, кальций етишмовчилигини тўлдириш учун кальций моддасига, витаминларга бой маҳсулотларга асосланган оқилона парҳез ҳамда ушбу моддаларнинг ўзлаштирилишига тўсқинлик қилувчи баъзи маҳсулотлар истеъмолини чеклаш зарур.

Агар ўзингизда кальций етишмовчилигининг аломатларини сезсангиз, аввало, шифокор билан маслаҳатлашинг. У сизга тўғри рационни танлашга ёрдам бериб, қўшимча равишда кальций препаратларини тайинлайди. Бу ишга маслаҳатсиз қўл урсангиз, организмда кальций моддасининг ошиб кетишига замин яратишингиз мумкин. Бу ҳолат ҳам организм учун хавфли.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!