TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

КАШАНДАЛАР БРОНХИТИ: ЎҲ-ҲЎ, ЎҲ-ҲЎ!

Бронхит бронхларнинг яллиғланиши бўлиб, бу касаллик натижасида нафас олиш қийинлашади, шиллиқ қават таьсирланиб, кўп миқдорда шиллиқ ишлаб чиқара бошлайди. Брохитда энг кўп кузатиладиган белги йўталдир.

Бронхит ўткир ва сурункали кечади.

Ўткир бронхит тез ривожланади, касаллик белгилари оғир бўлиши мумкин. Лекин бир неча ҳафтада ўтиб кетади. Кўп ҳолларда ўткир бронхитнинг сабабчиси вируслар ҳисобланади.

Сурункали бронхит ўрта ва оғир кечади ва узоқ вақт – бир неча ой ва ҳатто йилларгача давом этиши мумкин. Сурункали бронхит билан касалланган одамларнинг ўпка ва нафас йўллари бактериал инфекцияга сезувчан бўлади. Сурункали бронхит шамоллаш ва иситмадан ташқари, балғамли йўтал, ҳансираш, нафас етишмаслик белгилари билан кечади.

Сурункали бронхитга чалинган беморлар шамоллаш ва нафас йўлларининг бошқа касалликлари билан тез-тез оғришади ва тузалиш даври ҳам узоққа чўзилади. Ҳансираш, нафас етишмаслиги ва йўтал кундалик ҳаёт тарзига айланади. Нафас олиш қийинлашиб боради.

Чекиш ва бронхит

 Тамаки тутуни 80 фоизгача ҳолларда сурункали бронхитнинг сабабчиси ҳисобланади. Чекиш ўпкага турли салбий таъсир кўрсатади. Масалан, нафас йўлларининг зарарланиши туфайли нафас йўллари шиллиқ қаватининг чекиш натижасида ҳосил бўладиган қолдиқ моддалардан ва ортиқча шиллиқдан тозаланиши тўхтайди. Вақт ўтиши билан тамаки тутунидаги зарарли моддалар нафас йўлларига доимий равишда таъсир кўрсатиб боради. Бу эса ўпка ва нафас йўлларида эмфизема, ўпка саратони каби жиддий касалликларини юзага келиш хавфини оширади.

Чекиш, шунингдек, шиллиқ ҳосил қилувчи безларни катталаштиради ва кўп миқдорда шиллиқ ишлаб чиқаришига олиб келади. Сурфактант – альвеола ва бронхиолаларни кенгайтирувчи моддани фаолсизлантиради. Тамаки тутунида заҳарли заррачалар ва кимёвий моддалар бўлиши билан бирга улар чекувчини сурункали равишда йўталтиради.

Сурункали бронхитнинг олдини олиш ва даволаш учун чекишдан воз кечиш, ҳесч бўлмаса камайтириш лозим.

Сурункали бронхитни даволашга қаратилган асосий тадбирлардан бири нафас йўлларини очиш ва унинг фаолиятини тиклашдир. Бу нафас йўлларида шиллиқ тўпланиши ва инфекция ривожланишидан ҳимоя қилади.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!