TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

КИЧИКЛИГИДАН ТОЗАЛИККА ЎРГАНСИН

Мактабгача ёшдаги болалар кўп вақтини очиқ ҳавода ўтказадилар. Улар қўллари билан ҳар хил нарсаларни, ҳайвонларни ушлайдилар. Шунинг учун болага қўлларини фақат овқат ейишдан олдин эмас, балки қўллари ифлос бўлганида ҳам ювиб туриш кераклигини ўргатиш лозим. Эрталабки сув муолажаси (душ, ванна ва ҳоказо) тери тоза бўлишни таъминлайди. Болани ҳар куни кечқурун чўмилтириш ҳам фойдали.

 

Кичкинтойнинг бошини ҳафтада бир марта ювиш керак. Агар боланинг сочлари қуруқ бўлса, 10 кунда бир марта ювиш тавсия этилади. Бош ювиш учун болалар совуни ёки шампунларини ишлатиш маъқул. Кир совун билан бош ювиш тавсия этилмайди.

Болага юз-қўлни қандай қилиб ювиш кераклигини ўргатиш керак. 2-2,5, ёшгача бўлган болалар учун хона ҳароратидаги сувдан фойдаланиш тавсия этилади. Ундан каттароқ ёшда бўлган болалар юз-қўлларини совуқ сувда ювишлари мумкин. Юз-қўл ювишни болага ота-онаси эслатиб туриши, уларнинг бажаришини назорат қилиши, баъзан эса кўмаклашиши зарур.

Кичкинтойнинг алоҳида сочиғи бўлиши керак. Боланинг қўл териси қуруқ бўлса, ювгандан сўнг қўлига болалар креми, глицерин-желе ёхуд хушбўй глицерин суртиш тавсия этилади. Болаларнинг тирноқларини тез-тез олиб туриш керак. Бармоқни сўриш, тирноқни тишлаш жуда ёмон одат. Боланинг оёғини ҳар куни кечқурун илиқ сувда ювиб, совуқ сувга чайиб туриш керак. Бу нарса терининг соғлом бўлишини таъминлайди. Яссиоёқликнинг олдини олиш учун махсус машқларни (оёқ яланг юриш, гоҳ оёқ учида, гоҳ товонда юриш, полдаги тўпни гоҳ чап, гоҳ ўнг оёқ билан айлантириш, стулга ўтириб олиб, ерга ташлаб қўйилган қаламларни оёқ бармоқлари билан кўтариб олиш) бажариш фойдалидир.

Тозаликка риоя қилиш фақат боланинг соғлиғини сақлаш учунгина эмас, балки унинг келажакда ҳам тоза бўлиб юриши омилидир. Айниқса, қизларни тозаликка ўргатиш муҳимдир. Оналар қизларнинг ташқи жинсий аъзоларининг тоза ва покизалигини диққат билан кузатиб боришлари зарур. Жинсий аъзоларни эрталаб ва кечқурун илиқ сувда совунлаб ювиш керак. Ана шу мақсадда душдан фойдаланиш мумкин. Агар душ бўлмаса, махсус идишда тайёрланган сувдан фойдаланиш керак. Қизларнинг ич кийимини ҳар куни алмаштириб туриш керак. Қизларга фақат ип (пахта) колготкалар кийдириш, эластик колготкалар кийдирмаслик керак.

Боланинг оғиз бўшлиғи ва тишлари доимий парваришга муҳтож. Шу боис уларни ўз вақтида парвариш қила бошлаш керак. Болани ҳар сафар овқатлантириб бўлгандан кейин қайнаган илиқ сув билан оғзини чайишга ўргатиш зарур. 2 ёшидан бошлаб тишларини тозалашга ўргансин. Бунинг учун кичкинтойга болалар тиш чўткаси, махсус тиш пастаси бериш лозим. Болага тишларни жипслаб турган ҳолда олдинги ва ён юзаларини ишқалаш, бунда чўткани пастдан тепага қаратиб ва аксинча юргизиш кераклигини айтиш ва кўрсатиб бериш лозим.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!