TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

КИЧКИНТОЙИНГИЗ СОҒЛОМ ЎССИН

Ҳаётингизда янги оила аъзоси пайдо бўлганлиги билан табриклаймиз! Бу кичик, беозор бола узоқ йиллар давомида умрингиз мазмунига айланиб, сизга бахт ва қувонч келтирсин. Албатта, сиз бу кичкинтойни узоқ ва мазмунли ҳаёти давомида соғ¬лом, бахтли, қувноқ ўсишини хоҳлайсиз. Лекин сиз ҳамма вақт бола билан қандай мулоқотда бўлишни билмаслигингиз мумкин. Ўйлаймизки, эътиборингизга ҳавола қилинаётган мазкур қўлланма фарзандингиз соғлом ўсиб-улғайишида сизга ёрдам беради.
СИЗНИНГ ЯНГИ ТУҒИЛГАН ЧАҚАЛОҒИНГИЗ
Биринчи ҳафтада ота-онада болага нисбатан вақти-вақти билан бехотиржамлик пайдо бўлиши мумкин
Киндик. Кўпинча чақалоқнинг киндик қолдиғи туғруқдан сўнг 4 6-куни тушади ва тузала бошлайди. Баъзан бу жараён чўзилиши мумкин. Уйга жавоб бўлгандан сўнг боланинг киндик қолдиғига алоҳида эътибор талаб қилинмайди, фақатгина ҳар кунги чойшабларни дазмоллаб тоза сақлаб туриш лозим. Агар киндик қолдиғида қизариш, ажралма, ҳид пайдо бўлса, тезлик билан болалар хирургига ёки оилавий шифокорга мурожаат қилинг.
Тери. Кўпинча янги туғилган чақалоқларнинг юз териси ва баданида қизил доғлар пайдо бўлади. Бу доғлар тез ўтиб кетади. Айрим вақтда белнинг пастки қисмида доғлар кам бўлиб, думбасида кўкимтир доғлар учрайди, бу ҳолатлар ўтиб кетади. Шунингдек, гўдакларнинг бурун ва кўз атрофида майда оқ доначалар бўлиши мумкин. Бу эса даво талаб этмайди ва тезда йўқолади.
Сочлар. Кўпгина болалар қалин соч¬лари билан, баъзилари эса кам сочлар билан туғилади. Деярли ҳамма сочлар тўкилади ва ўрнига янги сочлар чиқади. Кўпгина чақалоқларнинг баданида, пешона ва ёноқларида момиқ сочлар бўлади. Улар аста-секин тўкилиб кетади.
Лиқилдоқ. Болангизнинг бошида юмшоқ жой борлигини сезишингиз мумкин (катта лиқилдоқ). Энса соҳасида яна бир кичик лиқилдоқ мавжуд. Бир неча ой мобайнида суяклар ўсиб, шу жойни ёпиб қўяди. Бу қисмдаги тери қаватининг қалинлиги сабабли бошни ювиш хавфсиздир.
Кўз. Бола туғилгандан сўнг кўп ҳолатларда қовоқлари шишган, кўзида қизил нуқталар бўлади. Бу шиш ва қизил нуқталар секин-аста йўқолади.
Оғиз. Тилнинг оқариши боланинг сут эмиши билан боғлиқдир. Оғиз бўшлиғининг оқариши артганда қийин кетиши инфекция борлигини кўрсатади ва бу ҳолат даво талаб этади.
Лаблар. Боланинг юқоридаги лабида эмишдан кейин пуфакча пайдо бўлиши мумкин. Бу ҳолат даво талаб қилмайди.
Кўкрак. Чақалоқларда кўкрак безлари баъзида шишган бўлади ва ундан сут чиқиши мумкин. Бу шишлар бола ҳаётининг биринчи ҳафтасида йўқолади. Шишларни ҳеч қачон сиқмаслик лозим, акс ҳолда кўкрак безларига шикаст этказиш мумкин.
Нажаси. Янги туғилган чақалоқларнинг нажаси дастлаб тўқ яшил рангли шилимшиқ модда чиқаради. Сут билан эмизиш давомида бу модда секин-аста сарғайиб суюқлашади.
Сийдик. Бола жуда тез сийиб туради, бу ҳолатга тайёр бўлинг, вақтида чойшабларини алмаштиринг. Баъзида қиз болаларда кам миқдорда қонсимон ажралма келиши мумкин. Бу ҳолат тиббий давога муҳтож эмас ва тезда ўтиб кетади.
ГЎДАКНИ ПАРВАРИШЛАШ
Бола ҳаётининг биринчи дақиқасидан бошлаб унга энг кераклиси бу – иссиқлик, тўғри овқатланиш, тозалик, хотиржам ухлаши учун жой, касаллик ва жароҳатлардан асраш ҳамда энг асосийси оила меҳридир.
Хона ҳарорати этарли даражада иссиқ (+20 22оС) бўлиши лозим. Бола ётоғини деразага, совуқ деворга яқин қўймаслик ва энг муҳими элвизакдан сақлаш лозим. Болани чўмильтириш ва кийинтириш вақтида совуққотишдан сақлаш керак. Бола иссиқликни ҳам оғир кечиради, шу сабабли бола ётоғини печка ёки электр иситгичлар яқинига қўймаслик ҳамда тик қуёш нурларидан сақлаш лозим.
Гўдак яшайдиган хона ҳароратини керакли ҳолатга келтириш учун хонани мунтазам равишда шамоллатиб туриш лозим. Бу нафақат хона ҳароратини ўзгартириш учун, балки ҳавони ҳам тозалашга ёрдам беради, чунки болаларда кислородга бўлган эҳтиёж катталарга нисбатан кўпдир. Шу билан бирга бола ётган хонанинг нам¬лигини ҳам эътиборга олиш лозим, шунинг учун очиқ идишда (масалан, оддий банкада) сув сақлаш керак. Гўдакни тамаки тутунидан сақланг, уйда чекишга йўл қўйманг.
Гўдагингизга кийим, чойшаб танлашда ҳар доим табиий матолардан яратилган нарсаларни танланг. Сунъий толалар болангизнинг терисига ҳаво ўтказишни чеклайди ва аллергик тошмаларни юзага келтириши мумкин.
Гўдакни қалин ўраманг, бу бадан қизишига, эмишдан воз кечишга ҳамда кучли терлашга олиб келади.
Болага энгил ва иссиқ ёпинғич танлаш лозим. Гўдакка ёстиқ керак эмас. Гўдакнинг бадани тоза сақланишини таъминланг. Болани илиқ сув билан ювинтиринг, кўзлар қайнатилган илиқ сувда ҳўлланган пахта билан алоҳида-алоҳида артилади. Бурунлари юмшоқ пахта билан тозаланади.
Боланинг кийими ёки чойшабини алмаштирганда уни ювинтиринг ёки нам сочиқ билан артинг ва ҳар гал ичи келишидан сўнг албатта ювинтиринг. Қиз бола олдиндан орқага қаратиб ювинтирилади, ўғил болани эса қўлингизга қорин билан ётқизиб, ювинтириш мумкин.
ЧЎМИЛТИРИШ
Болангизни чўмильтиришдан олдин керакли буюмларни: тоғора ёки ванначани (бола учун алоҳида бўлиши мақсадга мувофиқдир), болалар совуни, болалар шампуни, чўмильтиргандан сўнг болани ўраш учун сочиқ ёки чойшабни тайёрлаб қўйиш лозим. Хона чўмильтириш учун керакли даражада иссиқ бўлишига эътиборни қаратинг. Ҳар доим тоғора ёки ваннага олдин совуқ сув қуйиш, кейин эса иссиқ сувни қўшиш лозим. Агар қўл остингизда термометр бўлмаса ва сиз сувнинг ҳароратини аниқлай олмасангиз, энг оддий усул – тирсагингизни сувга теккизинг. Агар сиз илиқ, ёқимли ҳароратни сезсангиз, демак сув ҳарорати болани чўмильтириш учун тўғри келади. Болани чўмильтиришда оила аъзоларингиз ёрдам бериши мумкин.
УЙҚУ
Бола биринчи ойларда суткасига ўртача 16 18 соат ухлайди. Кўпгина оилаларда болани уйқу вақтида бешикка солишади. Бу боланинг ҳаракатига халақит беради. Ҳаракат суяк-мушак тизимни ривожлантирибгина қолмай, бутун организмни ҳам тетиклаштиради. Бола ҳаракатланганда нафас олиши яхшиланади ва организмдаги тўқималарга кислород этказиб бериш яхши таъминланади. Бола кўп вақтни бешикда ўтказса, унинг ота-онаси, атрофдагилар билан мулоқоти камаяди. Бу эса бола руҳиятига салбий таъсир қилиб, ақлий ривожланишдан орқада қолади. Бола қанча кўп ҳаракатланса, мия шунчалик тез ривожланади. Шунинг учун эркин йўргаклаш бола учун муҳимдир.
САЙР ҚИЛДИРИШ
Бу гўдакнинг асосий парваришларидан биридир. Кўпинча оналар урф-одатларимизга бўлган эътибори ёки вақт топа олмаслиги сабабли болани сайр қилдира олмайдилар. Ёз вақтларида болани ўртача 1,5 2 соат сайр қилдириш лозим. Бизнинг иқлим шароитимизда бола учун сайр қилиш эрталаб ва кечқурунги вақтларга тўғри келади.
КЎКРАК СУТИ БИЛАН ОВҚАТЛАНТИРИШ
6 ойликкача овқатлантиришнинг энг қулай усули – бу кўкрак сути билан овқатлантиришдир. Туғилгандан сўнг бола биринчи 15 30 дақиқадан сўнг кўкрак устига қўйилади. Онада туғруқдан кейин биринчи кунларда кўкрак безларидан оғиз сути келади. Оғиз сути чақалоқ учун жуда фойдалидир. У энгил ҳазм бўлувчи оқсил, углевод, керакли микроэлементлар ва сувдан иборат. Кўкрак сутининг афзаллиги шундаки, болани витаминлар ва озиқлантирувчи моддалар билан қониқтиради. Болани ўзи қониққанча кўкрак билан эмизиш керак. Тунги эмизиш оралиғи 4 6 соатдан ошмаслиги лозим.
Гўдак она сути билан озиқлантирилган вақт¬да, ҳатто иссиқ кунларда ҳам, бош¬қа қўшимча суюқликларни бериш шарт эмас. Она сути гўдакни ҳар хил касалликлардан халос этади.
Янги туғилган гўдакнинг овқатланиши учун табиат яратган ягона махсус маҳсулот – бу она сутидир.
* Она сутининг таркиби боланинг эҳтиё¬жи учун керак бўлган оқсил, ёғ, углевод, витаминлар, минераллардан иборат.
* Она сути таркиби асосий ферментлардан иборат. Бу ферментлар оқсил, ёғ, углеводларни ҳазм қилишга ёрдам беради.
* Она сути таркибида юқумли касалликлар (юқумли ичак хасталиклари, гепатит, бўғма, қоқшол ва бошқа касалликлар)дан сақловчи ҳужайралар мавжуд.
* Она сутида ўсишни, жисмоний ва ақлий ривожланишни таъминловчи моддалар мавжуд.
* Эмизиш вақтида она ва бола ўртасидаги яқинлик, меҳр бола ҳаётида сақланиб боради.
Она сутининг болага этарли бўлиши учун нима қилиш керак? Бунинг учун она кундуз куни дам олиши ва ухлаши лозим. Унга оғир уй юмушларини бажариш ман этилади. Она сарфланган қувватни ва сутни тўлдириш учун тўйимли овқатланиши керак. Эмизадиган она учун бир кунда 5 маҳал, эмизишдан 30 40 дақиқа олдин овқатланиш тавсия этилади.
Суюқлик миқдори кунига (шўрва, сабзавот ва бошқалар) ўртача 2 литрни ташкил қилиши лозим. Она сути билан эмизиш вақтида шоколад, какао, табиий кофе, цитрус мевалар (апельсин, мандарин), асал, ёнғоқ каби маҳсулотларни чегаралаш лозим. Пиёз, саримсоқ пиёз ҳамда дориворлар она сутига таъм ва ҳид беради. Шунинг учун уларни камроқ истеъмол қилиш лозим. Эмизикли аёлларга спиртли ичимликлар истеъмол қилиш қатъиян ман этилади.
Кўкрак сути билан эмизганда келиб чиқадиган хатолар
* Оналар болани соат бўйича эмизишга ҳаракат қиладилар.
* Кўкракда мастит касаллиги бўлса эмизмайдилар (фақат касал кўкрак эмас, балки соғ кўкракни ҳам бермайдилар).
* Дори ичиб юрган вақтда эмизишни тўхтатадилар (шифокор билан маслаҳатлашинг).
* Кўкрак сути этмайди деб сунъий озиқлантиришга ўтадилар.
* Кўкракни тўғри бермаслик: эмизганда кўкракнинг фақат учини эмас, балки кўкрак учи атрофини ҳам гўдакнинг оғзига бериш керак.
ҚЎШИМЧА ОВҚАТЛАНТИРИШ
Агар болангиз кўкрак сутини эмса, унга биринчи қўшимча овқатни 6 ойликдан бошлаб бериш керак. То 6 ойликкача бошқа овқат ва суюқликлар: сув, чой, ҳар хил аралашмалар бериш мумкин эмас. Агар бола 4 ойлик ва ундан катта бўлганда унга яхши вазн қўшилмаса, қўшимча равишда қўшимча овқатлантиришни бошлаш керак.
Қўшимча овқатлантиришнинг асосий тартиб-қоидалари
* Қўшимча овқатлар қошиқча билан берилади.
* Қўшимча овқат берган вақтда кичик миқдордан (1 2 қошиқ) бошлаб, 2 ҳафта давомида керакли миқдорга этказиш лозим.
* Биринчи қўшимча овқатни сабзавотли бўтқадан бошлаш керак.
* Агар боланинг вазни ойига мос келмаса, уни 4 ойликдан бошлаб қўшимча овқатларга ўтказиш керак. Бунинг учун 5 % манний бўтқаси ва сабзавотли бўтқадан 1 2 маҳал эмгандан сўнг бериш керак.
* Қўшимча овқат таркибига гўшт, сабзавот, мева, дон, тухум, сут маҳсулотлари (сузма, қатиқ) кириши керак.
* Суюлтирилмаган сигир сути ва сут маҳсулотларини 9 ойгача бериш мумкин эмас, сутдан фақат 6 ойликдан бўтқа тайёрлаш учун фойдаланиш лозим.
* Болага қора ва кўк чой бериш қатъиян ман этилади.
Ҳар бир қўшимча овқатда бола:
* 6 7 ойда: 10 ош қошиқ (150 мл) овқат;
* 8 10 ойда: 12 ош қошиқ (180 мл) овқат;
* 11 12 ойда: 15 ош қошиқ (225 мл) овқат билан таъминланиши керак.
* Агар 6 12 ойлик болага кўкрак сути берилмаса, 15 ош қошиқда қўшимча овқат (225 мл) берилиши лозим.
Этарли миқдорда қуюқ овқатлар беринг
6 12 ойликда берилиши керак бўлган маҳсулотлар:
* сабзавотли бўтқа (картошкали ёки сабзили, 1 чой қошиқ сариёғ);
* гўштли, гуручли ёки хамирли шўрва;
* майдаланган ёки пиширилиб қир¬ғичдан ўтказилган гўшт (жигар, товуқ, мол, ёғсиз барра қўй гўшти, балиқ), тухум сариғи;
* қуюқ гуручли, манний бўтқаси ёки гречкали бўтқа 1 қошиқча сариёғ билан;
* донли маҳсулот бўтқаси.
Агар бола ичишни хоҳласа унга қуйи¬дагиларни беринг:
* қайнатилган сув, уйда тайёрланган мевали ва сабзавотли шарбат, қатиқ, ширин бўлмаган компотлар.
Қўшимча овқатлар билан биргаликда, кўкрак сути 2 ёшгача болалар учун бебаҳо озуқа ҳисобланади.
Эмлашдан кейин келиб чиқадиган ҳолатлар
Эмлашдан кейинги ҳолатлар организмнинг жавобли реакцияси ҳисобланади. Кўпинча болада инжиқлик, ҳароратнинг кўтарилиши, эмланган жойда қизариш, оғриқ кузатилади. Кўпинча АКДС реакцияси вактсинани олганда кузатилади. Бу ҳолат 2 5 кунда ўтиб кетади. Агар муолажа қилинган жойда тугун ҳосил бўлса, 20 30 кундан кейин ўтиб кетади. Ҳарорат кўтарилганда паратсетамол таблеткаси берилади. Дори миқдорини шифокор белгилайди.
1 ЁШГАЧА БЎЛГАН БОЛАНИНГ ЎСИШИ ВА РИВОЖЛАНИШИ
Одатда болалар ҳар хил ривожланади. Вақти келиб улар кулиш, ўтириш, юришни ўрганадилар. Ҳар ой шифокор ҳузурига бориб, боланинг бўйи, оғирлиги, жисмонан ўсишини кузатиб боринг.
Бола ўсишининг энг тез муддати
1 йилнинг биринчи чорагига тўғри келади. Бўйининг умумий ўсиши 12 ойлигида 25 см. атрофида. Бола тана вазнининг кўпайиши нотекис бўлиб, 5 ойлигида 2 марта кўпайса, йил охирига бориб 3 баравар кўпаяди.
1 ойлик бола турли хил ишораларга кулади. 2 ойлигида қорнида ётиб бошини тута билади, қўл-оёқларини ўйнатади. 3 4 ойлигида ўйинчоқларни ўзи олиб, қўлида ушлаб туради. 3 5 ойликда бола орқасидан қорин соҳасига айланади. 5 7 ойлигида мустақил ўтира олади. 6 8 ойлигида бировнинг ёрдами билан тик тура олади. 6 9 ойлигида эмаклайди, суюқликни пиёладан ича олади. 8 10 ойлигида бировнинг ёрдами билан юра олади. 9 11 ойлигида мустақил тик тура олади, қийин бўлмаган сўзлар “ав-ав”, “ада” дея олади. 10 12 ойлигида мустақил юра бошлайди. Оддий сўзлар захираси 10 тага яқин бўлади.
СИЗ ВА СИЗНИНГ БОЛАНГИЗ ДУЧ КEЛАДИГАН БАЪЗИ МУАММОЛАР
Нима учун болалар кўп йиғлайди?
Йиғи – бу бола катталарни ўзига қаратиш ҳолатидир. Қачонки бола оч қолса, таги ҳўл бўлса, бир жойи оғриса ёки ким биландир гаплашишни истаса йиғлаши мумкин. Кўпинча йиғлашнинг асосий сабаби ичакларда газ алмашинувининг бузилишидир. Бунинг учун бола қорнини соат йўналиши бўйича болалар малҳами билан уқалаш тавсия қилинади. Газни ҳайдаш учун болани қорни билан ётқизиш керак. Агар бола ҳеч қандай сабабсиз йиғласа, уни чалғитиш учун ашула айтишга, шеър ўқишга, ҳар хил қилиқлар қилишга киришинг. Болага қарашга опа-акаларини жалб қилинг. Бу сизга нафақат осойишталик яратади, балки келажакда уларнинг бир-бирига меҳрибончилигига асос бўлади.
ҚУСИШ
Эрта даврда болада қусишга мойиллик бўлади. Қусиш вақтида сут бурун халқумидан ўрта қулоққа ўтиб, яллиғланишни келтириб чиқариши мумкин. Бу эса қулоқ оғришига сабаб бўлади. Бунинг олдини олиш учун болани бешикда эмас, балки қўлга олиб эмизиш, эмизганда ҳам боланинг бошини бир оз кўтариш керак.
Бола эмаётган пайтда ютган ҳавони кекириб чиқариб юбориши учун, уни қисқа муддат тикроқ қилиб кўтариб юриш тавсия қилинади; бунда унинг элкасидан пастроғига астагина уриб қўйиш ҳам мумкин.
ИССИҚЛИК ВА БИЧИЛИШ
Иссиқлик тошиши – кўпинча гигиена қоидаларига риоя қилмаслик ва ҳаддан ташқари исиб кетиш натижасида келиб чиқади. Иссиқликнинг бадандаги кўриниши майда қизил нуқтачалардан иборат. Болани илиқ сувда чўмильтириш иссиқликни даволашда ёрдам беради. Қизариш кўпинча думба, чов ва табиий тери бўғмаларида пайдо бўлади. Бу ҳолат – терининг ифлосланиши, сийиш, ич кетиши, терини яхши парвариш қилмаслик натижасида юзага келади. Дастлабки бичилиш ва теридаги қизариш, кейинчалик йирингчали тери касалликларига айланиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун болани вақти-вақти билан чўмильтириб туриш ва артиш керак.
БОШНИНГ СОЧЛИ ҚИСМИДАГИ ҚАЗҒОҚ
Қазғоқ – тер ва ёғ безларидан чиқувчи қалин сарғимтир пўстлоқдан иборат. Кўпинча бу ҳолат кўп терлаш, нотўғри овқатланишдан келиб чиқади. Қазғоқ ҳосил бўлишининг олдини олиш учун чўмильишдан 30 дақиқа олдин бошнинг сочли қисмига тозаланган ўсимлик ёғи суртилади. Чўмильтириш вақтида бу пўстлоқчалар тез кўчади. Агар соч кўп бўлса, ажралган пўстлоқчаларни ювишдан олдин секинлик билан артиш керак. Бу муолажани ҳар сафар эҳтиёткорлик билан бажариш лозим.
ТИШЛАРНИНГ ЁРИБ ЧИҚИШИ
Боланинг биринчи сут тишлари 6 8 ойликда ёриб чиқади. Тишларнинг ёриб чиқиш белгилари – ёриб чиқаётган тишларнинг милкида шиш ва қизаришлар кўринишидир. Болада сўлак ажралиши кучаяди. У безовта, инжиқ, қўлига тушган буюмларни оғзига солиб, милкларини қичийди. Кўпинча тана ҳарорати кўтарилиши кузатилади, лекин ҳарорат 37,7оС дан ошмайди. Одатда, бу ёшдаги болаларда ҳароратнинг кўтарилиши ва ахлатнинг суюқланиши тиш чиқиши билан боғлиқ бўлади, деб нотўғри фикрга борилади. Бундай ҳолатда албатта шифокор билан маслаҳатлашиш шарт!
Бу парвариш турларига қарамасдан, бола касал бўлиши мумкин. Шифокор қачон чақириши ва қайси вақтда бу ҳолатдан чиқа олишингизни билишингиз керак.
Агар фарзандингизда қуйида кўрсатилган белгиларнинг бирортаси ёки улардан бир нечтаси кузатилганда, тезда шифокорга мурожаат қилиш керак!
* Боланинг безовталиги ёки тўхтовсиз йиғлаши;
* Бола хириллашли, тезлашган, қи¬йинлашган, шовқинли нафас олиши;
* Тутқаноқ хуружлари бўлиши;
* Ҳароратнинг кўтарилиши (38,5оС дан баланд);
* Ҳароратнинг пасайиши (35,5оС дан паст);
* Эмишдан бош тортиши;
* Қусиш ҳолатининг пайдо бўлиши;
* Ич кетиши (диарея);
* Гўдак терисининг ранги ўзгариши ва тошма пайдо бўлиши;
* Кўздан суюқ ёки йирингли ажралма келиши;
* Киндик атрофининг қизариши, ундан суюқ ёки йирингли ажралма чиқиши;
* Ахлатда қон ва шилимшиқнинг пайдо бўлиши;
* Боланинг ташқи таъсирларга бефарқ¬лиги.
Ҳар қандай касалликлар ва уларнинг асоратларини вақтида олдини олсангиз, фарзандларингизнинг соғлом ўсишига кўмаклашган бўласиз!
РАХИТ НИМА?
Рахит – витамин Днинг этишмаслиги натижасида келиб чиқадиган касалликдир. Рахит билан касалланган болаларда қўрқоқлик, таъсирланувчанлик, инжиқлик, ҳолсизлик кузатилади. Кўп терлаш, айниқса, эмизган вақтда тер томчиларининг юзда пайдо бўлиши ёки уйқу пайтида энса соҳасининг терлаши кузатилади. Болани бош қичиши безовта қилади, у бошини ёстиққа ишқалайди, бунинг натижасида энса соҳасидаги сочлар тўкилади.
Бу ҳолатнинг олдини олиш учун тоза ҳавода сайр, она сути билан боқиш, парваришни тўғри йўлга қўйиш лозим. Шифокор маслаҳати билан витамин Дни қиш ва куз ойларида бериш керак.
ДИАТEЗ НИМА?
Диатез – бола организмининг муҳим ҳолати бўлиб, моддалар алмашинувининг бузилиши натижасида келиб чиқади. Айрим озиқ-овқат маҳсулотларини (кўпинча сут, тухум, асал, цитрус мевалар, шоколад, қулупнай) кўтара олмаслик ҳолатлари кузатилади. Теридаги ўзгаришлар бола ҳаётининг биринчи ҳафталарида, айниқса, иккинчи ярим йилликда, овқатнинг ҳар хил бўлишида кучли намоён бўлади. Бу ўзгаришлар 3 5 йилдан сўнг йўқолади. Белгилари ёноқда, қош тагида сариқ рангли доғлар юзага келади, тери қизариб кўчиши, бошнинг сочли қисмида пўстлоқчаларнинг юзага келиши кузатилади.
ДИАРEЯ НИМА?
Диарея (ич кетиш) – бу кўпгина ҳолатларда овқат маҳсулотларининг таркиби ва овқатланиш тартиби ўзгаришига боғлиқ бўлган ҳазм фаолиятининг бузилишидир. Диарея асосан касалликларга қарши кураш фаолияти сусайган болаларда келиб чиқади. Белгилари: суткасига 5 6 маҳал суюқ ич ўтиши, ич ўтишининг тез-тез бўлиши, боланинг безовталиги, қўзғалувчан ёки уйқучан бўлиши, кўзларининг ичга ботиши, чанқаш. Агар бола суюқликни тутоқиб ичса ёки яхши ичмаса, ахлатида қон бўлса тезда ёрдам кўрсатиш ва овқатланишни тартибга солиш мақсадида врачга мурожаат қилиш зарур.
ГИПОТРОФИЯ НИМА?
Гипотрофия сурункали озиқланишнинг бузилиши, тана оғирлигининг йўқолиши билан кечади. Асосий сабаблари: онада сут миқдорининг этишмовчилиги, нотўғри эмизиш, сунъий сутли бўтқаларни узоқ вақт давомида бериш, чала туғилиш, тўйимсиз ва бир хил овқат, ёмон парвариш, тартибнинг бузилиши, тоза ҳавода кам юриш, ошқозон-ичак касалликларидир. Белгилари: болада вазннинг йўқолиши, бўй ва ривожланиш кескин орқада қолиши кузатилади. Тери оқимтир, осилувчан, қуруқ, бурмали бўлиб қолади.
ДИСПЛАЗИЯ НИМА?
Дисплазия – бола она қорнидалигида чаноқ сон суяги тўқималарининг тўлиқ ривожланмаганидан келиб чиқадиган ҳолатдир.
Сиз бундай болаларни қандай қилиб аниқлашингиз мумкин?
* Оёқ узунлигининг ҳар хиллиги;
* Орқа томондан қараганда боланинг думба ва сон соҳасидаги тери бурмалари ассиметрик ёки бир томонда бурмаларнинг йўқлиги;
* Оёқларини қимирлатганда боланинг инжиқлик қилиши;
* Товоннинг ташқи томонга қараши.
ФИМОЗ НИМА?
* Баъзан ўғил бола туғилганда охирги тери олат бошчасини ёпиб қўяди. Фимоз – бу тери олатни сиқиб қўйиши натижасида олат бошчасининг чиқиши қийинлашувидир. Сийдик чиқиши бузилмаган, шикастлар бўлмаган бўлса – физиологик фимоз дейилади. Бу ҳолат ўз-ўзидан ўтиб кетади.
Тавсиялар – болани чиниқтиринг
* Боланинг жинсий аъзоси доимо тоза бўлиши лозим;
* Фимоз бўлса болалар жарроҳидан маслаҳат олиш керак;
* Кўп ҳолларда ташқи терининг яллиғланиши, олатнинг қизариши, ташқи терининг ички қисмида йиринг ажралиши, сийган вақтда оғриқ кузатилади. Бундай ҳолларда ҳам шифокорга мурожаат қилиш керак.
БОЛАНГИЗНИНГ ХАВФСИЗЛИГИ ҲАҚИДА ЎЙЛАНГ
Болангиз ўсиши билан, атроф-муҳитдаги ҳар бир нарса унга қизиқ туюлади, чунки у ўзини ўраб турган муҳит ҳақида ҳеч нарса билмайди. Сиз болангизга бирор нарсани ман қилишингиз, лекин бола ман қилинган нарсани кечроқ англаб этиши мумкин. Ўз олдингизга савол қўйинг: «Уйда болангизни қандай қилиб хавфдан асрашингиз мумкин?» Биринчи навбатда уйингиздаги хавфли жойларни қидириб топинг.
Болалик ёшидаги шикастланишларнинг асосий сабаблари:
* тепаликдан сакраш;
* буюмларнинг бола устига тушиши;
* куйишлар;
* ҳар хил турдаги заҳарланишлар;
• нафас йўлига ёт жисмнинг тушиши.
ДОИМО ЭСДА ТУТИНГ!
Болангизнинг қўлидан ҳамма нарса келади. Бола эмаклашни бошладими, уни ёлғизлатиб қўйманг. Катта болалар зиммасига ҳам юкламанг. Кўпинча боланинг бармоқлари эшик тирқишига кириб қолиши мумкин, электр розеткаларни махсус ёпқич билан ёпиш керак. Болалар ўткир буюмларни ушлаб олиши мумкин. Оғир жисмни устига тушириб юбориши, иссиқ чой ёки қайноқ сувни устига тўкиши мумкин.
Боланинг ютиш рефлекси туғилгандан бошлаб юзага келиб, бола ҳамма нарсани оғзига олиши мумкин. Оғзига жисмларни солиши 5 ойликдан бошланади, нимани топса таъмини билгиси келади. Бу бола ҳаётига ёки соғлигига хавф солиши мумкин. Болангизни бу хавфлардан асранг!
Бола ҳаётининг биринчи йили ажойиб йилдир. Кўзимизнинг олдида, қисқа муддат ичида сизнинг кичик, ёрдамга муҳтож болангиз янги қилиқларни чиқаради – юришни, гапиришни, ўз-ўзини бошқаришни ўрганади. Ўз болангиздан қувонинг, у билан кўпроқ мулоқотда бўлинг, ўйнанг, иложи борича у билан суҳбатлашинг.
• Биз сизга ва болангизга бахт ҳамда соғлик тилаймиз!

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2017 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!