TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Клюква қандай мева?

Клюква Россия Европа қисмининг шимолий ва ўрта қисмида, Сибирь, Камчатка ва Сахалиндаги торф ва йўсинли ботқоқларда ўсади. Шу ерлардан йиғилган мева ва ундан тайёрланган маҳсулотлар Ўзбекистон бозорлари ва савдо тармоқларида сотилади.

Клюква – брусникадошлар оиласига мансуб, 60 см.гача узунликдаги судралиб ўсувчи пояли доим яшил ярим бута ёки бута. Барглари майда, қалин, чўзиқ-тухумсимон бўлиб, калта банди ёрдамида поя ва шохларда кетма-кет ўрнашган. Пушти ёки қизил рангли, майда, тўрт бўлакли гуллари 2-4 тадан узун банди ёрдамида жойлашган. Меваси – чўзиқ-шарсимон, қизил рангли, серширали резавор мева.

Май-июнь ойларида гуллайди, меваси август-сентябрда пишади.

Клюкванинг қуйидаги икки тури овқатга ишлатилади: майда мевали клюква (клюква мелкоплодная) ва (тўртгулбаргли клюква).

Овқатга етилиб пишган меваси қуритилмасдан (янги узилганича) ишлатилади. Ундан мураббо, жем, кисель пиширилади, шира, шарбат, морс, вино қилинади ва конфетга солинадиган масаллиқлар тайёрланади. Мевадан овқатга ишлатиладиган маҳсулотларни бўяш учун қўлланиладиган бўёқ моддаси олинади.

Клюква меваси жуда серширали (таркибида 87, 73-96, 07% сув бўлади) бўлиб, ўз таркибида органик (лимон, хин, бензоат) кислоталар, қандлар (глюкоза, фруктоза ва сахароза), антоцианлар, бўёқ, пектин, минерал (калий, кальций, фосфор, темир, мис, кобальт, молибдан, марганец ва бошқа элементлар тузлари), ошловчи ва бошқа моддаларни сақлайди. Клюква витаминларга бой эмас. Уни мевасида витамин С, Р- витамин таъсирига эга биркмалар ва каротин бўлади.

Халқ тиббиётида клюква мевасининг ширасини ангина, йўтал ва бошқа шамоллаш касалликларида, иситмада, куйган ва йирингли яраларни ҳамда гинекологияда яллиғланиш жараёнини (процессларни) даволашда қўлланилади. Шираси чанқовни қолдирувчи восита сифатида хам ишлатилади.

Истисқо касаллигида ва буйракни йирингли яллиғланишида, айниқса антибиотиклар ва сульфаниламид препаратларини ёрдами бўлмаган ҳолларда, антисептик, сийдик ҳайдовчи восита сифатида клюква мевасини қўллаш яхши натижалар беради.

Ангина, бод ва бошқа шамоллаш касалликларида клюква мевасини асал билан бирликда истеьмол қилинса, яхши фойда беради. Ширинча касаллигида болаларга мевани ейишга ёки уни ширасини ичишга берилади. Темиратки, қуруқ экзема, эритема ва бошқа тери касалликларида касалланган жойга мева ширасида намланган дока бойланади.

Иситмада ҳароратни пасайтирувчи восита сифатида беморларга таркибида клюква мевасидан тайёрланган экстракт бўлган нордон ичимлик ичишга берилади. Мевасидан янги олинган шира авитаминоз касалликларни даволаш учун қўлланилади.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!