TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Компьютер саломатликка қандай зарар етказиши мумкин?

Бугунги кунимизни компьютерсиз тасаввур қилиш мушкул. Аммо бир яхшининг бир ёмони бор, деганларидек, компьютернинг ҳам зарарли томонлари йўқ эмас. Масалан, унинг саломатликка салбий таъсири ҳақида билиб қўйишимиз фойдадан холи бўлмайди.

Компьютердан инсон соғлиғига етадиган асосий салбий омилларни қуйидагиларга бўлиш мумкин:

– узоқ муддат бир хил ҳолатда ўтириш;

– монитордан чиқадиган электромагнит тўлқинлар таъсири;

– кўзнинг чарчаши, зўриқиши;

– бармоқлар бўғимларининг зўриқиши;

– маълумотлар йўқолганида стрессга тушиш.

Компьютер қаршисида ўтирган одам бир қарашда дам олаётгандек кўриниши мумкин, аслида эса ундай эмас. Бўйин, бош мушаклари, қўл ва елканинг зўриқиши натижаси ўлароқ катталарда остеохондроз, болаларда эса сколиоз келиб чиқади. Шунингдек, бир жойда кўп ўтирган кишининг тос соҳасида қон айланиши бузилади, қарабсизки, простатит ва бавосил деган хасталиклар намоён бўлиб турибди. Булар узоқ муддат даволаниш талаб этиладиган касалликлар ҳисобланади. Эртадан кечгача компьютердан ажралмайдиган танишингиз бир муддат ўтгач семириб кетса, ҳайрон бўлманг, шунақаси ҳам учраб туради.

Уззукун монитордан кўз узмаслик кўзойнак тақишга сабаб бўлса ажаб эмас. Тўғри, замонавий мониторлар хавфсиз деган гап-сўзлар тез-тез қулоққа чалиняпти. Аммо мазкур даъвони нисбий тушунишимиз керак, қолаверса, фалон пулга энг янги мониторни олиш ҳар кимнинг ҳам чўнтагига тўғри келавермайди. Мониторнинг тинимсиз милтиллаши ёки ноқулай жойлаштирилиши, ранг ва шрифтларнинг нотўғри танланиши каби сабаблар ҳам кўзингизнинг бевақт хиралашишига ҳисса қўшади.

Компьютерни эндигина ўргана бошлаган пайтингизда бармоқларингизнинг клавиатура бўйлаб шарақ-шуруқ ишлаши балки сизга завқ бағишлар. Шу ўринда бир маслаҳат – бармоқларни асло зўриқтириб қўйманг, акс ҳолда улар увишади, бўғимлари эса касалланиб, кейинчалик бу ҳолат сурункали кўриниш олиши мумкин.

Компьютеридан керакли маълумотни йўқотиб қўйиб, асаблари танглашган ҳамкасбларингизни кўп кўрган бўлсангиз керак. Чунки улар ўша маълумотнинг захира вариантини сақлаб қўйишмайди-да. Қолаверса, вируслар компьютерга зарар етказиш учун ҳар қаёқдан ҳужум уюштириш билан банд, энг яхши деб тан олинган фирмаларнинг винчестери ҳам бузилиб туради, ҳатто, энг уста дастурчи ҳам билмаган ҳолда «ўчириш» тугмасини босиб юбориши мумкин… Бунақанги вазиятларда инфарктга учраганлар ҳам бўлган.

Компьютер, ундаги ваҳимали ўйинлар, интернетга боғланиб қолиш, айниқса, бола руҳиятига салбий таъсир кўрсатиши эндиликда ҳаммага маълум.

 

'Компьютер саломатликка қандай зарар етказиши мумкин?' have 1 comment

    li class="comment even thread-even depth-1" id="comment-604">

    30.05.2016 @ 11:40

    Qanday qilib bularniboldini olish mumkin.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!