TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Мизож нима?

Мизожни яхши билган табиб беморни муваффақиятли даволай олади, дейдилар. Аммо бунинг учун пухта билим, бой тажриба ва узоқ йиллик кузатувлар талаб этилади. Абу Али ибн Синонинг ёзишича, “унсурлар ўз қувватлари билан бир-бирига таъсир қилишлари натижасида бир кайфият вужудга келади ва ана шу кайфият мизождир”.

Табобатда тўрт хил – иссиқ, совуқ, ҳўл ва қуруқ мизож бор. Шунингдек, оралиқ мизожлар ҳам бўлиб, улар ҳўл-иссиқ, ҳўл-совуқ, қуруқ-иссиқ, қуруқ-совуқ, деб аталади. Дори-дармонлар ҳам худди шундай мизожларга эга. Бундай мизожлар “дориларнинг табиати” дейилади.

Қадимги табобатда даволаш асосан мизожга кўра белгиланган. Бунда ҳар бир кишининг мизожи томир, тил, кўз, бадан ва ахлат рангидан аниқлаб олинган ва шунга мос мизожли дори-дармонлар буюрилган.

Киши рангсиз, қонсиз кўринса, кўз оқи кўкимтирроқ бўлса, “совуғи ошибди”, деб дарров иссиқлик овқатларни беришган. Бунда қон йўқотган, камқувват одамларнинг овқатини яхшилаш кўзда тутилган. Бурунги табиблар фикрича, ёши ўтиб қолган кишилар кучли овқатларни кам истеъмол қилишлари зарур. Чунки уларнинг баданидан сув хийла қочган, қон томирлари озми-кўпми склерозга учраган бўлади. Ёши улғайган ёки семириб кетган одамнинг юраги “мижғиб” оғрий бошласа, боши айланса ёки жигар, ўт қопида касаллик аломатлари кузатилса, манти, норин, ёғли гўшт, балиқ, икра, қўй ёғи, ўткир ва шўр газаклар, ёғли пишлоқ, колбаса, қаҳва, какао, шоколад, аччиқ чой, спиртли ичимликлар ва тамакидан парҳез қилиш тавсия этилади. Бундай беморларнинг ва умуман ёши улуғ кишиларнинг ейиш-ичиши совуқроқ чой, сутли чой, суви қочганроқ нон, сабзавотли салатлар, сариёғ, тухум, ёғсиз шўрва, мева шарбатларидан иборат бўлмоғи лозим. Сабзавотлар билан бирга пиширилган гўштли овқатлар табиблар тили билан айтганда “ўрта мизожли овқатлар”дир. Серсабзи, пахта ёки зиғир ёғи ва ёғсиз гўштдан тайёрланган паловни ўрта мизожли дейдилар. Масалан, шу палов бўшроқ тайёрланса, унга майиз, беҳи солинса, кучли қувватга эга бўлмайди, яъни “иссиқлиги” паст ҳисобланади. Бу хилда пиширилган овқатлар бемор ва кексалар учун парҳез таом саналади ва тез ҳазм бўлади. Шунингдек, семизликка мойил одамлар “совуқ” овқатларни истеъмол қилишга ўтишлари зарур.

Овқатланишда организмнинг ўзига хос хусусияти ҳам ҳисобга олинади. Ёш болаларнинг овқатида мурч, қалампир, сирка бўлмаслиги керак. Булар меъда-ичак шиллиқ қаватини яллиғлайди, таносил аъзоларини таъсирлантиради. Шунингдек, улар меъда, буйрак ва жигар касалликларида ҳам тавсия этилмайди.

Бошқа табибларнинг айтишича, агар одамнинг тилини караш қоплаб, лаблари қовжираб, боши оғриб, бетига қон тепиб турган бўлса, “иссиқлиги” ошиб кетган ёки ранги ўчиб, томири суст уриб, кўнгли айниб, қусишга мойил кишининг “совуқлиги” ошиб кетган бўлади.

Бундан ташқари, бадан қуруқ ёки ҳўл бўлади. Совуқ ва қуруқ организмга шафтоли ейиш тавсия этилади. Иссиқ ва ҳўл баданга кашнич, ялпиз буюрилади. Иссиқлиги ошган танага лимон, апельсин, олча еб туриш фойдали. Совуқ ошганда эса майиз, асал, бодом, ёнғоқ ейишнинг хосияти катта.

Демак, табиб нафақат одам мизожини, балки турли ўсимлик, маъданлар ва ҳайвонлардан олинадиган дори-дармонлар табиати ва мизожини ҳам пухта билиши зарур экан. Масалан, киши оғзида аччиқ ва шўр таъм сезса, бу сафродир. Сафро эса қуруқ-иссиқ мизождан далолат беради, уни даф этиш учун чучук ва аччиқ анор сувини омухта қилиб, нонуштада ичиш тавсия этилади. Одамнинг оғзидан сув келиб, соч-соқол барвақт оқарса, қорни санчиб оғриса, табиб бу иллатлар сабаби балғам эканини айтади. Балғамнинг мизожи совуқ бўлиб, бундай беморларга иссиқ табиатли овқатлар (майиз, ёнғоқ) ейиш буюрилади.

Абу Али ибн Сино жигар, қон, юрак, ўпка, талоқ, буйрак, тери ва кафтни иссиқ аъзолар, деб уқтиради. Оёқ ҳам совуқ, бош эса иссиқдир. Шунинг учун кўпчилик “бошимдан совуқ ўтмасин десанг, оёқни иссиқ сақла”, дейишади. Шунингдек, киши мизожини ўзи яхши билиши ва шунга яраша овқатланиши керак. Нафсни тийиш касалликка чек қўйишдир. Мизож одамнинг ёшига, руҳиятига, еб-ичишига ва ҳатто фаслларга қараб ўзгариб туради. Ёшларда ва балоғат ёшига етганда, 30 ёшдан 40 ёшгача иссиқ ва совуқ мизож устун туради. Кексаларда (60 ёшдан ошгандан сўнг) аксинча, қуруқ ва совуқ мизожлилик кузатилади. Бундай мизож эгаси суюқ, иссиқ овқатларни тановул қилиши лозим. Сутли таомлар ҳам унга маъқул келади.

“Жинслар (эрлар ва хотинлар) эътибори билан мизожларнинг айирмасига келсак, хотинлар эркакларга нисбатан совуқ мизожлироқдирлар. Шунинг учун улар тузилишда эрларга қараганда кучсиздирлар. Яна уларнинг мизожлари ҳўлроқ ҳамдир”, дейилади ибн Сино асарларида.

Улуғ табибнинг таъкидлашича, сув билан боғлиқ ишлар билан шуғулланувчиларнинг мизожи ҳўлроқ, аксинча қуруқликда иш юритувчиларнинг мизожи қуруқ бўлар экан. Ўрта ёшлилар ва хусусан кексалар мизожи жуда совуқ бўлиши билан бирга жуда қуруқ ҳам эканлиги айтилган. “Буни уларнинг суяклари қаттиқлиги ва териларининг қуруқлигидан ҳам билиш мумкин”, дейди ибн Сино. Боларнинг суяклари ва асаблари эса юмшоқ экани таъкидланади. Шунингдек, болаларнинг мизожи мўътадил бўлади.

“Табобат хазинаси дурдоналари”да мизож ҳақида шундай ёзилади:

Аниқланур дарду алам ёшга қараб,

Тан мизожи, рангу рўй, тошга қараб.

Гоҳида дард қўзур фаслу замонлардан,

Турар жойлар, шаҳар, ўлка, маконлардан.

Табибларнинг айтишларича, мевалар, сабзавотлар, сут-қатиқ, кўкатли шўрвалар, хамир таомлар “совуқлик” бўлиб, буларни ёқтирган кишиларнинг мизожи совуқдир. Сабзавотлар билан қайнатилган парранда гўшти ва шўрваси совуқлик овқатларга киради. Агар шу парранда гўшти қўй ёғида қовурилса, “иссиқлик” овқат ҳисобланади. Одамнинг кўнгли нордон нарсани тусаса, табиб томонидан шундай овқатлар буюрилса, билингки, бу одамнинг меъдасида хлорид кислота кам, баъзи беморларнинг нордон нарсалар (ғўра, ҳўл мевалар, кўкатли овқатлар)ни ёқтиришининг сабаби шунда. Ёғли қўй, от, мол гўштлари, жигар, буйрак, ёғли балиқ эса иссиқлик овқатлар ҳисобланади. Бундай овқатларни севиб истеъмол қилган одамлар “иссиқ” мизожли бўлишади.

Хуллас, ҳар бир одам ўз мизожини яхши билиши ва ўзи ёқтирадиган таомлар ҳамда дори-дармонларнинг табиати билан қизиқиш керак. Ана шундагина касалликлардан тузалиши осонлашади. Бир хил касалликка чалинган ўн нафар кишига бир хил дори тўғри келмаслиги, ҳар бир дори ўз табиати билан шу бемор мизожига мос бўлгандагина унга буюрилиши зарурлигини билишимиз лозим. Зеро, мизожни ҳисобга олмасдан дори-дармон қабул қилиш худди кўр-кўрона даволанишга ўхшайди.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!