TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

ОДАМ ҲУШДАН КЕТСА…

Одам тўсатдан ҳушдан кетганда бирпас ўзини билмай қолади, бунга миянинг қон билан етарлича таъминланмай қолиши сабаб бўлади. Ҳатто жисмонан бақувват, оғир-вазмин одамлар организми интоксикация, яхши овқатланмаслик, кам ухлаш, чарчаш, толиқиш оқибатида баъзан ҳушдан кетиши мумкин. Айрим ҳолларда узоқ вақтгача қимирламай тик туриш ёки узоқ вақт мобайнида ўрин-кўрпа ётгандан қилиб ётгандан кейин ўриндан туриш ҳам ҳушдан кетишга сабаб бўлади. Ҳавода кислород етишмаганда, масалан, баланд тоғларда гоҳо одам ҳушидан кетиши мумкин.

Одамнинг бирор жойи қаттиқ оғриганда, қонга кўзи тушганда, қон томирларни кенгайтирадиган дорилар қўлланганда ҳам киши тўсатдан ҳушидан кетиб қолади.

Ҳушдан кетишдан олдин одам ўзини ёмон сезади: беҳол бўлади, кўнгли айнайди, боши айланади, қулоғи шанғиллайди. Шундан кейин одамнинг ранга қув ўчади, эснай бошлайди, уни совуқ тер босади ва тўсатдан ҳушдан кетади. Ҳушдан кетганда одамнинг кўз қорачиқлари кенгаяди, кўз ёруғликка унчалик реакция кўрсатмайди, томир уриши сусаяди, нафас тезлашади, мушаклар бўшашади. Одатда киши тез ҳушига келади.

Беморга биринчи ёрдам бериш учун аввало миянинг қон билан таъминланишини яхшилашга ва эркин нафас олдиришга ҳаракат қилинади. Жабрланган одамнинг кўйлаги тугмачалари ечилади ва уни сиқиб турган белбоғ ёки камар бўшатилади. Агар бу одам яхши шамоллатилмаган дим хонада бўлса, деразани очинг, ветилятор қўйинг ёки ҳушдан кетган кишини очиқ ҳавога олиб чиқинг ва оёғини баландроқ қилиб ётқизиб қўйинг. Юзини ва бўйнини совуқ сув билан артинг. Юзларини шапатиланг, иложи бўлса, новшадил спирти билан пахтани ҳўллаб, унга ҳидлатинг, чаккаларига сирка суртинг.

Бош мия чайқалганда бош айланади, бош оғрийди, кўнгил айнайди, хотира бузилади, бош суяги шикастланган бўлса, бемор ҳушидан кетади.

Одам ҳушидан кетганда тили орқага кетиб қолиши ёки нафас йўлларига қусуқ массаси тушиши хавфи бўлади. Шунинг учун биринчи ёрдам кўрсатилар экан, беморнинг яхши нафас олишини таъминлаш лозим. Бу мақсадда жабрланган беморни чалқанча ҳолатдан ёнбошига ўгиринг. Аввал ўнг оёғини тиззадан букинг, товон эса думбага тегсин, ўнг қўлни тана бўйлаб шундай узатингки, бармоқлар думба таш соҳасида бўлсин. Шундан кейин чап қўли ва сонидан ушлаб, аста ёнбошлатинг. Беморнинг боши тагига чап қўли кафтини қўйинг, ўнг қўлини эса тана тагидан олинг.

Бемор ана шундай вазиятда ётганда миянинг қон билан таъминланиши яхшиланади, бинобарин кислород кўпроқ келади, тил орқага кетмайди, нафас йўлларига шиллиқ, қон, меъдадаги нарса тушмайди. Бемор тезроқ ўзига келади. У совқотиб қолмаслиги учун устига ўзининг устки кийимини ёки адёл ёпиб қўйинг.

Агар киши 30 дақиқа мобайнида ҳам ўзига келмаса, зудлик билан врач чақириш ва беморни даволаш муассасасига етказиш керак.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!