TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

ОДАМЛАР НИМАЛАРНИ ЕМАЙДИ-Я!

Қуйидаги таомларни татиб кўришни ҳар ким ҳам истайвермайди…

Копальхем ёхуд чириган буғу

Шимол халқларининг деярли барчаси айниган… ҳайвонларни ейишни ёқтирар экан. Буғунинг ўрнига кит, тюлен ёки морж ҳам бўлиши мумкин. Скандинавияда эса акула ўлигини севиб истеъмол қилишади. Бундай таомларнинг рецептлари бир-биридан унчалик фарқ қилмайди: ҳайвон ерга кўмилиб, бир неча ойдан кейин ковлаб олинади. Бу пайтгача бактериялар ҳайвон жасадини кулранг ва шиллиқ массага айлантирган бўлади. Унда кадаверин, путресцин ва неврин деб аталувчи заҳарлар бўлгани учун европаликларга умуман мумкин эмас. Бу овқат нафақат европаликлар, балки бизга ҳам тўғри келмаслиги аниқ. Шимолликларда эса ундаги заҳарларга нисбатан иммунитет бўлса керак.

Сюрстремминг

Бу шведларнинг миллий таоми ҳисобланади. Уни тайёрлаш учун селд балиғи тузланади, идишга жойлаштириб, бижғигани қўйилади. Сўнг консерваланади. Банка очилганда ичидан водород сульфид (сероводород) чиққани учун кучли овоз эшитилади, атрофига нохуш ҳид таралади. Норвегияда трескадан тайёрланадиган шунга ўхшаш маҳсулот лютефиск деб аталади.

Авиаташувларда сюрстремминг банкалари портлаши хавфи бўлгани учун Франция, Буюк Британия ва АҚШда унинг импорти тақиқланган.

Касу Марцу

Бу Италияда қўй сутидан тайёрланадиган пишлоқнинг номи. Тўғри, баъзи жойларда пишлоқ тайёрлашда ҳашаротлардан (масалан, Германияда каналардан) фойдаланилади, аммо маҳсулот тайёр бўлгач, улар олиб ташланади. Касу Марцуни эса… тирик пашша личинкалари билан ейишади. Пишлоқни паққос тушираётганда личинкалар сакраши мумкин, шунинг учун кўзни юмиб туриш тавсия этилади.

Касу Сарцу пишлоғи айниган маҳсулот ҳисоблангани сабабли унинг экспорти тақиқланган. Зеро, унинг номи «ачиган пишлоқ» деган маънони билдиради.

Копи Лювак

Бу Индонезияда тайёрланадиган қиммат қаҳва навининг номи. Одамларнинг таъбига ҳам ҳайронсан: бу қаҳва мусанг деб аталувчи ҳайвоннинг тезагидан тайёрланади! Айтишларича, мусанг энг яхши қаҳва донларини танлаб ер ва ошқозонида ферментация жараёни кечар экан. Қаҳва донлари мусанг ошқозонида тамомила ҳазм бўлмайди, фермерлар уни ювиб, 1 килосини 500 доллардан пуллашади.

Қонли шўрва

Вьетнамда ғоз, ўрдак ёки чўчқанинг янги қонига ёнғоқ ва хушбўй гиёҳлар қўшиб, шўрва тайёрлашади. Кўпинча уни спиртли ичимликлар билан бирга истеъмол қилишади.

Филиппинча балут

Бу тез тайёрланадиган таом ҳисобланади. Ўрдак тухуми ичидан ҳали ёриб чиқмаган жўжа билан қайнатилади. Сўнг тухум тешилиб, ичидаги бульон ичилади. Баъзан сотувчилар балутга туз ва пиёзли қайла ҳам қўшиб беришади. Қизиғи, балутнинг таъми оддий тухумнинг таъмига ўхшайди.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!