TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

ОФТОБ УРСА…

Мана, ёз ҳам бошланди. Мазкур фаслда қуёшнинг қизғин нурлари остида бошяланг юриш оҳибатида «офтоб уриши» мумкин. Бу ҳолат, ўз навбатида, кўнгилсиз асоратларга сабаб бўлади.

Айниқса, жазирама кунларда зироат ишлари, бунёдкорлик ишлари билан машғул бўлганлар, шунингдек, қир-яйловларда мол боқувчилар, соясиз кўчада кўп юрганлар орасида офтоб уриши кузатилади. Бундай ҳолат гоҳида сув ҳавзалари бўйида тобланганда ҳам учраб туради.

Одатда енгил кўринишдаги офтоб уришида одамнинг боши оғрийди, қулоқлари шанғиллайди. Оғирроқ ҳолатларда эса беморнинг кўнгли айнийди, юрак уриши тезлашиб, ҳапқиради, тана ҳарорати кўтарилади, томири тортишиб, чангак бўлиши ҳам мумкин.

Хуллас, офтоб уришида одам миясида қон айланаш мароми бузилади, бу эса одамнинг физиологик ҳолатига жиддий таъсир кўрсатмай ҳолмайди.

Авваламбор, айни жазирама кунлари қуёшнинг тиғиз нурларидан ҳимояланиш лозим. Албатта, бошни қуёш нуридан ҳимоя қиладиган сербар бош кийимлар, соябонлар, оқ тусли дурра ва рўмоллардан фойдаланиш керак. Иссиқ кунларда сунъий толалардан тикилган кийим-кечакларни умуман кийманг.

Офтоб урган беморни соя-салин жойга олиб ўтилади. Исиб турадиган кийимлари ечилади, ёқалар, бўйинбоғлар бўшатилади. Бемор ярим ўтиргизилган ҳолда бўлсин. Боши совуқ сувга намланган сочиқ билан ўралади, танаси совуқ сувга намланган лунги билан артилади. Беморнинг эс-ҳуши жойда бўлса, хоҳишига қараб салқин маъданли сув, квас, қатиқ, айрон, чалоб бериш мумкин. Унга маълум даражада ором бериш учун елпиб турган маъқул. Офтоб урган беморни сувга ҳўлланган чойшаб билан 5 дақиқага ўраб қўйиш ҳам фойдали амаллардан ҳисобланади.

Баъзан офтоб уриши одамлар истиқомат қиладиган жойлардан йироқда – дала, яйлов, дарахт сояси бўлмаган очиқ майдонларда юз бериши мумкин. Ана шундай пайтларда бемор танасини ўт-ўланлар воситасида паналаб қўйишга тўғри келади. Яқин орада қариқиз ўсаётган бўлса, ёпирма баргларини узиб, беморнинг бошига қўйиш лозим. Бу бемор ҳолатини енгиллаштиради, ўзига келишига ёрдам беради.

Эсингизда бўлсин: офтоб уришида пешоб ҳайдовчи воситаларни бериш мумкин эмас! Шунингдек, беморга оғриқсизлантирувчи ва ҳароратни пасайтирувчи (масалан, аспирин каби терлатувчи) дорилар бериш тавсия этилмайди.

Агар кўрилган чораларга қарамай бемор ўзига келмаса, зудлик билан «Тез тиббий ёрдам»ни чақириш даркор.

Маннон Набиев, доришунос

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!