TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Оила қуриш ва жинсий ҳаётга тайёрлаш

Ўсмир ёшларнинг балоғатга етиш даври уларнинг организмида ўзига хос психологик ва физиологик ўзгаришлар кузатилиши, бу физиологик жараёнларнинг асосида ўсмирлар организмидаги ички секреция безлари ишининг фаоллашуви ётиши ҳамда буларнинг мутлақо меъёрий физиологик жараён эканлигини таъкидлаб ўтиш ўринли.

Ёшларнинг жинси жиҳатдан етилиш жараёнлари физиологиясини билиш, уни даврларга ажратиб ўрганиш, ҳар бир даврнинг ўзига хос ҳусусиятларидан келиб чиққан ҳолда гигиеник талаблар қўйилиши ва тарбиявий таъсир кўрсатилиши муҳим амалий аҳамиятга эга. Жинсий етилиш жараёни 10-17 ёшлар орасидаги даврни ўз ичига қамраб олади ва бу даврда улар организмда жисмоний, руҳий ва ахлоқий ўзига хос ўзгаришлар содир бўлади.

15-18 яшар ўсмир жинсий жиҳатдан етилади ва унда ўзга жинсга нисбатан интилиш майли пайдо бўлади. Жинслар ўртасидаги масалаларга қизиқа бошлайди; ўсмирнинг гавда шакли, руҳияти, хулқ-атвори ўзгаради.

Ўсмир тез ўсади, бу унга ҳаддан ташқари тез ўсгандай туюлади, ўсмир ўзини бесунақай сезади, сут безлари катталашади, ўғил болаларнинг юзига ҳуснбузарлар тошади.

Ўсмир ўз ҳолатидаги ўзгаришлар тўғрисида ота-оналарига тушунтиришлари ва улардан бу борада бамаслаҳат тўғри тушунчалар олишлари лозим.

Ота-оналардан уялиб, зарур нарсалар ҳақида тушунчалар ўз вақтида олинмаса, ўспирин ёшлар билмасдан оғир оқибатларга, ҳатто фожиаларга олиб борадиган ишлар қилиб, хатоликларга йўл қўядилар.

Жинсий балоғатга етиш муддати ҳар бир шахснинг жинсига, шароитига, миллатига, саломатлигига, яшаш ва бошқа хусусиятларига қараб 11-12 ёшдан бошланади ва қизларда 18 ёшда, ўғил болаларда 19-20 ёшгача чўзилади.

Баъзан ўсмир йигит ва қизларда балоғатга етиш кечикади. Бундай ҳолларда албатта эндокринолог врачлар билан маслаҳатлашиш лозим.

Қизларда балоғатга етиш ҳар ойлик ҳайз цикли билан намоён бўлади. Бу даврда қизлар гигиена қоидаларига амал қилиб жинсий аъзоларини доимо тоза сақлашга эътиборли бўлишлари лозим. ҳайз кўриш даврида ички кийимларни тез-тез алмаштириб туриш, зўриқтирадиган оғир жисмоний иш қилмаслик, сакраш, югуриш, рақсга тушиш, от, велосипед миниш, сув ҳавзалари (бассейн)да сузиш мумкин эмас.

Илмий текширишлар шуни кўрсатдики, йигит ва қизлар 18 ёшга етганда морфологик ва физиологик жиҳатдан (бош мия, скелет, мускуллар, ички секреция безлари, хусусан, жинсий аъзолар) эндигина такомилга етган бўлади. 18 ёшга тўлмасдан турмуш қуришнинг аксарият ҳолларда йигитга ҳам, қизга ҳам салбий таъсир кўрсатиши илмий равишда исботланган. Маълумки, 18 ёшда йигит-қизлар тўлишиб, бўйлари ўсади, йигитларнинг овозлари дўриллаб қолади, аммо бу ҳали уларнинг анатомик ва физиологик жиҳатдан бутунлай етилганликларини билдирмайди.

Айрим йигит ва қизлар бир йил олдинроқ балоғатга етишлари ҳам мумкин. Бу ҳол республикамизнинг жанубий вилоятларида яшовчи ёшлар ўртасида кўпроқ кузатилган. Бунга сабаб иқлим шароитининг иссиқлиги, ташқи муҳитнинг одам организмига таъсири натижасидир. Бироқ илмий маълумотларнинг кўрсатишича, оилавий ҳаёт қуришга 18 ёшдан олдин шошилмаслик лозим.

Никоҳ қуриш аввало фарзанд кўришдек мураккаб физиологик жараёнлар билан алоқадор бўлганлиги сабабли, жуда эрта турмуш қуриш кўпинча пуштсизликка, боланинг ой-куни етмай туғилишига ва шунингдек ҳомиланинг нотўғри ривожланишига сабаб бўлиши мумкин.

Илмий маълумотларга кўра, қизлар ва йигитлар деярли 20 ёшдан кейингина анатомик ва физиологик жиҳатдан бутунлай камолатга етадилар.

Баъзи ҳолларда йигит ва қизларнинг ўзига хос иқлимга оид хусусиятларини, етилиш кўрсаткичларини ҳисобга олиб, бу ёшни бир оз камайтириш мумкин. Кўпгина мутахассис олимларнинг маълумотларига (статистик кўрсаткичларга) кўра, қизлар 20-22 ёшда, йигитлар 23-25 ёшларда турмуш қурганлари маъқул.

Соғлом турмушни издан чиқарадиган ирсий касалликларга сабабчи бўладиган салбий урф-одатлардан бири яқин қариндош-уруғлар (тоғавачча, холавачча, амакиваччалар) ўртасидаги никоҳдир. Бизга маълумки, эси паст, кар, соқов ва бошқа жисмоний нуқсонлар билан туғиладиган болалар асосан яқин қариндошлар ўртасида никоҳланган оилаларда кузатилади.

 

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!