TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Оила — мўъжаз ватан

«Ёшим 32 да. Қишлоқда туғилиб ўсганман. Ҳозир пойтахтда болалар шифокори бўлиб  ишлайман. Пешонамга икки маротаба уйланиш ёзилган экан. Илк рафиқамнинг оқила, қаноатли аёл эканлигини, афсуски, энди англаб етдим.


С. билан курсдош эдик.  Институтни тугатиш арафасида турмуш қурдик. Ўқишни тугаллагунга қадар ётоқхонада яшадик. Ўқишни тугаллаб, фарзандли бўлгач, ижарада яшай бошладик. Бор-йўғи бир хонали уйдан  иборат ҳотамтой «аканг қарағай»нинг хонадони бозорга келадиган аксари ҳамқишлоқларимизнинг меҳмонхонасидай бўлиб қолганди. Улар бозорга бирор нарса сотишга олиб келиб, ҳафталаб уйимда  қўним топишарди. Оиламизга совуқчилик оралай бошлади. Гоҳо ойлаб тўшакдаги эр-хотинлик муносабати унут бўлиб кетар, рафиқам ўғлим билан ошхонада ухлашга мажбур бўлишарди. Ичкилик, бор-будимни дастурхонга тўкиш хонадонимдан баракани ҳам кўтарди. Рафиқам дастурхонни чиройли тузатса-да, аста-секин чеҳраси ёришмайдиган, қовоғи солиқроқ юрадиган бўлиб қолди. Уйга келадиган «меҳмон»лар орасида келинпошша менга муносиб эмаслигини гап устида қистириб ўтадиган айрим маслаҳатчилар пайдо бўла бошлади. Охири ажралишга бориб етдик.


Каминага мактабни энди тугаллаган, «онаси ўпмаган сулув» ҳамқишлоқ қиз насиб этди. Ўша  ҳамқишлоқларимдан қарз кўтариб, ижарада яшайдиган бир хонали уйни сотиб олишга ҳам муваффақ бўлдим. Энди уйимга нафақат бозорчилар балки пойтахтга келадиган узоқ танишлар ҳам «бостириб» келишга одатланишди. Янги келинчак,  кир-чиру турмуш икир-чикирларидан ортмай қолди. Бора-бора барчасидан чарчай бошладим. Шундай шароитда икки фарзандли бўлдик. Кундан кунга яшаш шароитимиз оғирлаша борди. Дастурхонимдан барака кўтарилди, сиҳатим ёмонлашди. Рафиқам билан ўғринча, қисқа муддат эр-хотинлик муносабатида бўлардим. Бора-бора рафиқам, фарзандларим, ўзим ҳам турли  дардларга гирифтор бўла бошладик. Чунки уйимизда даволанишга келган беморлар ҳам яшашарди. Дастлаб бутун оиламиз билан «қўтир», «қичима» дардига йўлиқдик. Чунки бозорчи қариндошлар эски фуфайка ва пайтаваларда ҳам келаверишарди. Чойшаблар, сочиқлар, оёқ кийимлари ҳам умумий бўлиб кетганлиги сабаблими, оёғимда замбуруғли  касаллик пайдо бўлди. Ёш рафиқамдан ҳам кўнглим совиди, у мени «бобой» деб чақиришга ҳам одатланди.


Шундагина илк рафиқамнинг қадрига ета бошладим. Чунки у меҳмонларни очиқ юз билан кутиб олмаса-да, уларнинг кийим бошлари-ю, пойафзалларини келганлари ҳамоно тозалаб қўяр, улар кетгач, чойшабу сочиқларни қайнатиб ювишдан эринмасди. Шу боис ҳам соғлом яшаган эканмиз. Илк рафиқам  айрим кунлари ишдан эртароқ қайтишимни сўрар, келишимга ширин таом тайёрлаб, кундузи бўлса-да эр-хотинлик муносабатини амалга оширишимизга имкон яратарди. Ўйлаб қарасам, шунинг ҳисобига эркаклик қувватим сақланиб, дардга йўлиқмаган эканман.


Ўзимдан ўн ёш кичик иккинчи рафиқам эса яқин кунлардан бошлаб, арзимаган нарсага жанжал чиқаришга одатланди. Унинг назарида «чол» бўлиб қолганлигим, пайтида эркалашга имкон топа олмаслигим, меҳмонлардан ортмаслигим сабаблими навбатдаги турмушим ҳам бузилиш хавфи остида».


Азизлар, келинг, ушбу қисмат соҳиби кечмишларига теранроқ назар солиб, турмушимизга раҳна солаётган  атрофимиздаги айрим қусурли жиҳатларни англашга ҳаракат қилайлик.


Даставвал, фасоҳат ва фаросат бобида замондошларимизга ибрат манбаи сифатида хизмат қилувчи айрим ўгитларга ўрин берайлик. 


1. Ота-боболаримиз ҳовли-жой қилганларида уни бежизга ички-ташқи қисмларга бўлмаганлар. Зеро, ички ҳовлига  номаҳрам  кишининг қадам босиши оила шанига таҳдид дея қабул қилинишида ҳам оламжаҳон ҳикмат бор. Бор-йўғи бир хонадан иборат ҳужрада истиқомат қиладиган кишининг уйида тунаш, эр-хотинлик иттифоқига аста-секин  зарба беришдан ўзга нарса эмас. Оила нафақат илоҳий мўъжиза, балки мўъжаз ватан ҳамдир. Унинг чегаралари ор-номус, ибо-ҳаё, сир-синоатлар билан муҳофаза этилишга муҳтож.

2. «Меҳмон — отангдек улуғ» нақли ўринли, албатта. Аммо эр-хотин ётоғида ҳам муқаддаслик мавжуд. Демак, ётоқхона вазифасини ўтовчи хонада ҳафталаб қўним топиш  аслида андишасизлик, бефаросатликдан ўзга нарса эмас. Қолаверса, эркакка меҳмоннинг ёнида, оила аъзоларидан алоҳида ўрин солиш ҳам асло мезбонлик  таомилига ва сиҳатга мувофиқ келмайди. Чунки эркак кишининг ҳафталаб жинсий муносабатдан мажбурий мосуво этилиши уни димланган простатит каби оғир дардларга гирифтор этади. Аёли вафот этган эркак учун иддадек муддатлар тайин этилмаслиги, тез фурсатда уйланишга рухсат мавжудлиги ҳам исломий аҳкомларнинг нақадар бекаму кўстлигидан далолатдир. Онаси ўлгач, ўғил отасини жадал уйлантириши шартлигида ҳам ҳикмат бор.


3. Суҳбатдошимиз ўз ҳамкасабаси бўлган, оқила шифокор аёлдан ажралиб кетишига ҳам талай омиллар сабаб бўлган. Биринчидан, андишадан бегона, саноқсиз меҳмонлар эр-хотин орасидаги интим муносабатга ташналик ҳиссиётига дарз етказишган. Зеро, мусулмончиликда оила бузилишига, яъни талоққа қадар бир қанча босқичлар мавжуд. Дастлаб, эркак киши аёлига панд-насиҳат қилади, кор қилмаса, тўшагини алоҳида қилиш билан жазолайди. Демак, эр-хотиннинг алоҳида тўшакда ётиши талоқ  томон қўйилган салмоқли қадам экан.


Иккинчидан, жинсий эҳтиёжнинг мунтазам равишда қондирилмаслиги эрнинг ҳам, хотиннинг ҳам асабий-беқарор бўлиб қолишига сабаб бўлади. Қолаверса, аёл кишининг лаззат топа олиш шартларидан бири уйида эри билан холи қолиши ва эркаловчи сўзлардан имкон қадар кўпроқ баҳраманд бўлишидир. 


Учинчидан, оиладаги ички масалаларга атрофдагиларнинг таъсири нечоғли салмоқли бўлса, турмуш шу қадар омонат бўлади. Афсуски, бугунги кунда ажралишларнинг кўпайиб кетаётганлигига сабаблардан бири ҳам оиланинг ташқи салбий таъсиротлар комида қолиб кетаётганлигидир.


Тўртинчидан,  йигитнинг иккинчи оиласи ҳам бузилиш хавфи остида қолганлигида юқоридаги сабаблардан ташқари ёшлари орасидаги фарқнинг ҳам ўрни бор. Аммо, энг асосийси, йигирмадан энди ҳатлаб ўтган келинчакнинг руҳий далдага, суҳбатларга эҳтиёж сезишидир. Қолаверса, ўттиздан ошган йигитнинг мижози анча суст бўлиб қолишига ҳам меҳмонларнинг кўнглини оламан деб оиласига, вужудига зулм қилаётганлиги сабаб бўлган.

Бу йигитни текширишлардан ўтказиб, унга «Мураккаблашган тусдаги жинсий заифлик» деган ташхис қўйдик. У ўз ҳаётида икки инқилобий ўзгариш ясашга сабот-имкон топиб, ҳаётини буткул янги изга солди:


Биринчидан, у ўз вужудидаги дардлардан қутулиш учун астойдил ҳаракат қилиб, мақсадга эришди. Улфатчиликлардан, маишатдан, ичкиликбозликлардан воз кечиб, илмий ишини қайтадан бошлади. Спорт,  ибодатни ўзига йўлдош қилди.


Иккинчидан, марказдаги бир хонали уйини бозорлардан йироқ, шаҳар четидаги икки хонали уйга алмаштирди. Рафиқасини, фарзандларини атроф-муҳитнинг зарарли таъсиротларидан халос қилиб, оиласини тубдан ислоҳ қилди. Ҳозир уларнинг хонадонига фақат яқин қариндош-уруғларгина онда-сонда ташриф буюришаётган экан, холос. Боғчада тарбиячи бўлиб ишлаётган рафиқаси эндиликда эри йўқ пайтда маҳрам бўлмаган меҳмонларнинг хонадонига аввалгидай сурбетларча кириб келишига изн бермаётганлиги ҳам аслида ибратли ҳолдир.


Афсуски, эр-хотинлар орасида жинсий номутаносибликнинг пайдо бўлишида «одамгарчилик»ка йўйиладиган айрим қусурли одатларнинг сабаб бўлиш ҳолатлари борган сари кўпроқ учрамоқда.


Аксар оилалар орасидаги мажороларга бир хонадонда кўплаб оилаларнинг биргаликда яшашлари, серфарзандлик боис эр-хотин тўшагига болажонларнинг «шерик» бўлиб қолиши ҳам сабаб эканлиги кузатилади. Қолаверса, олис ҳудудларимиздаги қишлоқларда болаларнинг доимо ота-она билан биргаликда, бир хонада ётишлари ҳам тиббий жиҳатдан асло тўғри эмас. Эр-хотиннинг тўшакдаги муносабатлари «болам уйғониб қолмасин» қабилида хуфёна, қисқа муддатда кечиши оила бирдамлигига дарз етказувчи омиллардандир.


Қолаверса, бу ҳол бора-бора аёлдаги жинсий совуққонликка ва эрдаги мижоз сустлигига олиб келади. Айрим иродаси суст эркакларнинг кўча-кўйга интилишлари-ю, оиласига хиёнат қилишларининг илдизи ҳам кўпинча аҳамият берилавермайдиган мана шундай ноўнғай шароитлар боис юзага келиши ўз илмий исботини топган. Шунингдек, бола икки ёшдан ҳатлаб ўтган заҳотиёқ, алоҳида хонада, ўз жинсдошлари (ўғил бола — ака-укалари, қиз бола — опа-сингиллари) билан ётишига имконият яратиш лозим. Бу жинсий тарбиянинг амал  қилиниши шарт бўлган талабларидан бири ҳисобланади.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!