TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Ошқозон ости бези саратонини эрта аниқлаш усули топилди

Британиялик олимлар оддий пешоб таҳлили асосида ошқозон ости бези саратонини бир зумда аниқлаш усулини тақдим этишди. Маълум бўлишича, мазкур хасталикка чалинган вақтда пешобда учта оқсил миқдори юқори даражада бўлар экан. Мазкур “имзо” бир мунча кенг тарқалган хасталикни ўз вақтида аниқлаш имконини беради. Шунингдек, мазкур усул саратоннинг яллиғланиш ҳолатидаги сурункали панкеатитдан осонгина ажратиб олишга ҳам хизмат қилади. Зеро, кўп ҳолларда ташҳис қўювчилар ошқозон ости бези сератонини билан панкретитни тўғри ажрата олмай қолишади ва даволаниш нотўғри ўзанга йўналтириб юборилади.

Маълумки, саратоннинг мазкур турини эрта босқичларданоқ аниқлаш мушкул иш. 80 фоиздан зиёдроқ ҳолатларда беморлардаги саратон ташҳиси касаллик кенг тарқалиб, метастаза босқичига ўтгандан кейин аниқланади. Бу ҳолатда беморларнинг жарроҳлик столига ётқизилиб, хавфли ўсмаларнинг олиб ташланиши фойда келтирмайди. Ушбу хасталикка чалинганларнинг яшаб қолиш имконияти эса тиббиёт тараққий этган Британиянинг ўзида 3 фоизни ташкил этади ва сўнгги 40 йилдан бён давом этиб келаётган уринишлар ушбу кўрсаткичга ижобий таъсир кўрсатганича йўқ.

Шунингдек, айни пайтда ошқозон ости бези саратонининг келиб чиқишнинг умумий сабаблари ҳам аниқ эмас. Фақатгина чекувчилар, ортиқча вазнга эга кишилар, мазкур касалликка ирсий мойил беморлар ҳамда 50 ёшдан ошган қандли диабетга чалинганлар саратонга чалиниш хавфи юқори бўлганлар тоифасига киради.

Лондондаги қиролича Мария университети тадқиқотчилари 488 та пешоб намунасини таҳлил қилиб чиқишди. Уларнинг 192 таси ошқозон ости бези саратони, 92 таси сурункали панкреатитга чалинган беморлардан, 87 таси эса соғлом кўнгиллилардан олинган эди. Шу билан бирга, тадқиқот натижаларини тасдиқлаш учун яна 117 та намуна бошқа жигар ва ўт пуфагида хавфли ва хавфсиз ўсма аниқланган беморлардан олинди.

Пешоб намуналарида тахминан 1500 та турли‑туман оқсиллар топилиб, уларнинг қарийб ярми барча беморлар учун хос бўлган. Бироқ учта очсил – LYVE1REG1A и TFF1 навбатдаги чуқур изланишлар учун ажратиб олинди. Маълум бўлишича, ошқозон ости бези саратонига чалинган беморларда мазкур оқсиллар миқдори соғлом кўнгиллиларникига қараганда анча юқори экан. Сурункали панкреатитда эса ушбу оқсиллар саратонга чалинганларга қараганда пастроқ экани кузатилди.

Тадқиқотчиларнинг қайд этишича, ушбу уч оқсил касалликнинг I-II босқичларига 90 фоиздан зиёд аниқликда ташҳис қўйишга имкон туғдиради.

“Ошқозон ости бези саратони бошланғич босқичларда аломатларсиз кечгани боис жуда кеч аниқланади. Уни ўз вақтида аниқлаш яшаб қолиш имкониятини ошириши мумкин. Масалан, хасталик иккинчи босқичда аниқланса, яшаш имконияти 20 фоиз, биринчи босқичда эса ўсмалар жуда кам бўлгани боис беморларнинг тузалиб кетиш эҳтимоли 60 фоизгача ортади”, дейди тадқиқот муаллифларидан бири, профессор Ник Лемуан (Nick Lemoine).

 

 

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!