TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Остеоартроз оғриқлари

Статистик маълумотларга кўра, нафақага чиққанларнинг атиги бештадан биттасинигина бўғим хасталиги безовта қилмаслиги мумкин. Қолганларида эса бу муаммо аллақачон бошланган. Кўп ҳолатларда унга остеоартроз сабабчи бўлади. Халқ тилида бу касаллик туз йиғилиши деб аталади. Аслида унга биринчи навбатда туз йиғилиши эмас, балки бўғим тоғайларининг мўртлашиши ва бузилиши сабаб бўлади. Натижада оғриқлар, ҳаракатнинг бузилиши ва бўғимлар деформацияси юзага келади.

Остеоартроз қандай касаллик?

Маълумки, суякларимиз бир-биридан тоғайлар билан ажралиб туради. Бўғим юзалари эса пайлар билан мустаҳкамланган. Пайларимиз ҳаракат вақтида юзага келадиган зарбаларга қарши тўсиқ вазифасини бажаради. Бундан ташқари, бўғимларимизнинг ички қавати махсус пардалар билан қопланган бўлиб, бўғим бўшлиғига суюқлик чиқариб туради. Шунинг натижасида бўғимларнинг эластиклиги ортиб, эркин ҳаракатланади. Организмимизда бўғимлар ҳаракат ва таянч вазифасини ўтайди.

Остеоартроз – бўғимларнинг тоғай, суяк ва бириктирувчи тўқима элементларида юзага келадиган дегенератив-дистрофик ўзгаришлар билан ифодаланувчи сурункали жараён. Бу хасталик ҳар хил сабабларга кўра юзага келади, масалан, бўғимларнинг туғма етилмаслиги (дисплазия), ҳомиладорлик вақтидаги турли зўриқишлар, жароҳатлар (жароҳатли артроз), ўткир ва сурункали артрит, эндокрин бузилишлар, нерв касалликлари. Бундан ташқари, тоғайлар шикастланганда, организмда қон айланиши бузилганда тоғайлар зарарланади ва бўғимларга тушадиган оғирликни кўтаришга кучи етмай қолади. Шунингдек, кам ҳаракатлилик, углеводларга бой овқатларни кўп истеъмол қилиш оқибатида ортиқча вазн тўпланади, натижада бўғим ва тўқималарининг озиқланиши, кислород билан таъминланиши сусаяди.

Тизза бўғими артрози кўпинча шахтёрлар, футболчиларда; тирсак ва елка бўғим артрози эрталабдан кечгача болға билан ишловчи одамларда; майда панжа бўғими артрози компьютер клавиатураларида узоқ вақт ишлашга мажбур бўлганларда кузатилади.

Оғриқнинг пайдо бўлиши ҳар қандай модда алмашинуви, эндокрин тизими фаолиятининг бузилишига имкон туғдиради. Айнан шунинг учун ҳам хасталик қандли диабет, қалқонсимон без касаллиги, ортиқча вазн бўлганида ҳамда климакс даврида тезроқ ривожланади.

Майда бўғимлар жароҳатланиши билан кечадиган тугунли турида эса наслий мойиллик катта роль ўйнайди.

Шунингдек, тоғай бўғимининг қариши билан боғлиқ бўлган ёшга оид артроз ҳам мавжуд. Тоғай пайлари вақт ўтган сари емирилиб бораверади, уларнинг ўрнига янгилари ҳосил бўлмайди. Натижада тоғай янаям мўртлашади ва зўриқишларга унчалик мослашолмай қолади. Касаллик ривожланган сари суяк тўқималари (тоғай остида жойлашган) ўзгаради, бўғим четларида эса суяк ўсимталари юзага келади.

Хасталик белгилари

Остеоартрознинг илк аломатларидан бири оғриқдир. Оғриқ юрганда, эгилганда, ўтирганда ва бошқа ҳолатларда юзага келади, у турлича кечиши мумкин. Кучли оғриқ одатда бўғимлар яллиғланганда ёки ён-атрофдаги тўқималар (мушак, пайлар, халта, яъни ичида суюқлиги бор табиий берк бўшлиқ), фаолияти бузилган тоғай бўлаги бўғим бўшлиғига тиқилиб қолса, унинг ички пардасини таъсирлайди. Оғриқ одатда кечаси ҳис қилинади ва ҳар қандай бўғим ҳаракатида кучаяди.

Касалликнинг бошланғич босқичларида оғриқ сустроқ бўлади. Фақат бўғимлар кучли зўриқтирилганда беморни қийнайди (узоқ юрганда, югурганда, бир жойда кўп турганда). Агар бўғимларга дам берилса, оғриқ ўтиб кетади. Бироқ вақт ўтиши билан оғриқ яна кучаяди ва узлуксиз безовта қила бошлайди.

Қайси бўғимлар шикастланганига қараб, артрознинг бир нечта шакллари фарқланади. Касалликнинг бошида жараён майда панжа ва оёқ бўғимларидан бошланади. Бармоқларда қаттиқ тугунлар (суякли ўсимталар) пайдо бўлади. Шундай бўлса-да, бўғимлар ҳеч қанақа оғриқ ҳиссини бермасдан илгаригидек узоқ вақтгача хизмат қилаверади.

Оғриқ кучли бўлганидан кейин ҳаракат чекланади, юриш қийинлашади. Беморларга ҳаракат қилинг, десангиз, ўрнидан туриб, юриб кетишга қийналишади, лекин юргандан кейин ўзларини енгил ҳис қилишади. Остеоартрозда бўғим тирқишлари тораяди ва атрофига остеопороз (суякнинг ғовакланиши) йиғади. Остеопороздан кейин остеофитлар пайдо бўлади. Унда ҳаракат чекланиб, оёқлар шишади, оёқни босганда чидаб бўлмас даражада оғриқ туради.

Агар қўл бармоқларининг катта бўғимлари шикастланса, қўл ҳаракатида бу дарров ўзини билдиради: нарсаларни ушлашда, ёзиш ва бошқа ҳаракатларни бажаришда ноқулайликлар юзага келади. Агар тизза ёки бел-думғаза бўғимлари шикастланса, унда қўл-оёқларнинг қуйи қисми функцияси бузилади. Баъзан юрганда йирик бўғимларнинг бирида бирдан оғриқ пайдо бўлади ва у ҳаракат қилишга қўймайди.

Остеоартроз кўпроқ аёлларда учрайди, сабаби ҳомиладор аёл организмида турли витамин ва минералларга эҳтиёж ортади, бу биринчи масала. Иккинчидан, бу даврда улар ортиқча вазн ҳам тўплашади. Ҳар бир ҳомиладорлик, ҳар бир туғруқдан кейин оз-оздан вазн қўшилиб борган тақдирда ҳам оғирликниг ҳаммаси тизза бўғимига тушади. Демак, улар ҳам бўғимларга ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Айниқса, организмда кальцийнинг етишмаслиги хасталикнинг янаям тез ривожланишига туртки бўлади.

Давоси йўқми?

Ҳозирда остеоартрозни кўпчилик давосиз хасталик санашади. Чунки бўғимда юзага келган бузилишлар орқага қайтарувчи даволарга ҳар доим ҳам бўйин эгавермайди. Бироқ касалликнинг янаям ривожланиб кетишининг олдини олиш учун, албатта, муолажалар олиш зарур.

Касалликни даволашда унинг босқичлари ҳам катта аҳамият касб этади. Дастлаб касалликнинг келиб чиқиш сабабини ва унинг босқичини аниқлаб, ундан кейин бошқа чораларни кўриш керак бўлади. Остеоартрознинг ўткир, ўткир ости ва сурункали босқичлари бор. Организмда туз кўпайгач, у қон орқали кўпроқ ҳаракат қиладиган ва оғирлик тушадиган бўғимларга йиғила бошлайди. Шунинг учун ҳам хасталик асосан тизза бўғимида кузатилади. У қон босимининг кўтарилишига ҳам олиб келади. Агар аниқ ташхисни қўйиб, босқичига қараб тўғри муолажа олиб борилса, бемор секин-аста тузала бошлайди.

Кўпчилик реактив артрит, ревматоидли артрит ва остеоартроз хасталикларини адаштиришади. Остеоартроз аломатлари кўпроқ ревматоидли артритга ўхшаш бўлади. Яъни шишлар, оғриқлар, ҳаракатдаги чекланишлар ревматоидли артритда ҳам учраб туради. Реактив артритда остеоартрозга хос симптомлар бор. Лекин унда қисирлаш, оғриқлар, ҳаракат вақтида чегараланишлар бўлмайди.

Хасталик зўраймаслиги учун…

Биринчидан, таомномангизни кўздан кечиринг. Гўштли, ёғли, ширин таомлар истеъмолини чекланг. Айниқса, кечаси ортиқча еб қўйишдан сақланинг ва иложи борича кам-камдан, кунига 4-5 маҳал овқатланинг. Тузни ортиқча истеъмол қилишдан қочинг. Кўпроқ сабзавотлар, мевалар, резаворлар, сут маҳсулотлари енг ва кунига ичган суюқлигингиз 2,5 литрдан кам бўлмасин.

Озишга ҳаракат қилинг. Шунда узоқ вақтгача касалликнинг кучайиши ортга чекинади. Иккинчидан, касалланган бўғимларнинг зўриқишини камайтиринг. Агар қўл-оёқларингизнинг учлари шикастланган бўлса, узоқ вақтгача тез юришдан сақланинг. Оғир нарсалар кўтарманг, ер чопманг.

Агар қўлингиздаги бўғимлар безовта қилса, оғир сумка (3 кг.дан ортиқ) кўтарманг. Кирларни қўлда ювманг.

Хаста бўғимларнинг мушак корсетини мустаҳкамлаш учун кунора махсус машқлар бажаришга ҳаракат қилинг. У ҳаракат бўғимларидаги қон айланишини яхшилайди ва унга кўпроқ кислород ва озиқлантирувчи моддалар етиб боришини таъминлайди. Озроқ пиёда сайр қилиш (кунора 20-30 дақиқадан), сузиш ҳам фойдали.

Артрозда югуриш, сакраш, бирдан ўтириб-туриш, узоқ бир жойда ўтириш ёки бир ҳолатда тик туриш зарар.

'Остеоартроз оғриқлари' 2 комментария

    li class="comment even thread-even depth-1" id="comment-3070">

    29.08.2017 @ 07:48

    Mening yoshligimdan suyaklarim zirqirab og’riydi. Bu haqda nima deya olasiz, javob uchun oldindan raxmat

    li class="comment odd alt thread-odd thread-alt depth-1" id="comment-3071">

    31.08.2017 @ 21:27

    Men yana izoh qoldiryapman mening suyaklarim ayniqsa sovuqqotgandan keyin va qattiqroq ish kunidan keyin (ya’ni, ko’p oyoqda turilsa) og’riydi

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2017 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!