TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Панкреатит? Ошқозон ости бези ёрдамга чақиряпти!

Сир эмас, кўпчилигимиз моддий эҳтиёжларимизни қондириш учун кўп ишлаймиз. Баъзида ҳатто овқатланишни ҳам унутиб қўямиз. Унутмасак-да, вақтимизни, кўпинча чўнтакдаги «қадри баланд» моянамизни тежаб, иштаҳамизни «бўғиб», ошқозонимизни алдаб қўямиз. Бундан кимга фойда, кимга зарар? Бу ҳақда ўйлашга ҳам вақт қурғур изн бермайди-да. Аммо кун келиб организм дегани «хархаша» қилиб қолса борми, терлаб, кечалари ухламай, ҳатто овқатланмай йиғиб-терган пулларимизни бир зумда дорихонага ташлаб чиқамиз. Ана ўшанда дўппини бошдан олиб, ҳаммасини бамайлихотир ўйлашга вақт ҳам топила қолади.

– Агар одам тўлиқ дам олмаса, қуруқ овқат билан кифояланиб, вақтни тежаб фастфуд, яъни тез пишадиган таомларни истеъмол қилса, организмда энергетик мувозанат бузилади, – дейди олий тоифали гастроэнтеролог Холида Очилова. – Энергиянинг кўп сарф бўлиши эса касалликнинг ривожланишига туртки беради. Оғир вазифани уддалаш учун организм захирадаги энергиядан фойдаланишга мажбур. Бунда тамаки, алкогол, қаҳва «беминнат ёрдамчи». Ғайратни оширувчи ушбу моддалар умуман бўлмаганда эди, тугаб битаётган ички резервлар зудлик билан ўзларининг оғир аҳволи ҳақида, албатта, дарак берарди: кишини эсноқ тутиб, кўзлари юмилиб кетаверади, одам ўзини ҳорғин ҳис этади, эрталаблари ёстиқдан бош кўтариш оғир кечади. Аммо тамаки ёки бир финжон қаҳвали «нонушта» бу аломатларни бир зумда даф қилади, оқибатда тетиккина «ишчан» яна ишга югуради. Кун бўйи тинмай ишлайди. Узоқ меҳнат кунидан сўнг ўзини тартибга солиш учун яна кўп-кўп қаҳва, тамакига эҳтиёж сезади. Меҳнаткашнинг доимий «ҳамроҳлари» (қаҳва, спиртли ичимликлар, тамаки, вақти-вақти билан бўладиган стресслар, қаттиқ чарчаш, қуруқ овқатланиш) – ҳаммаси биргаликда тўппа-тўғри ҳеч қандай тўсиқсиз бехато отиладиган «замбарак» – ошқозон ости безига йиғилади. Ва бундай ҳолатларнинг давомийлиги «замбарак»ни портлашга мажбур қилади. Якун ўзингизга аён – панкреатит! Яъни ўз ферментлари ҳисобига ошқозон ости бези тўқималари фаолияти бузилади ва яллиғланади. Панкреатит ривожланаётганда бу ферментлар ўн икки бармоқ ичакка ажралмасдан ошқозон ости бези тўқималарининг ўзида ишлай бошлайди ва унинг бузилишига олиб келади. Бундай пайтда бемор қорнининг юқори қисмида чапдан ёки «кўкрак ости»дан, бел айланасида оғриқ пайдо бўлади. Шу билан бирга, ич бузилиши (ич кетиш), елнинг кўпайиши, кўнгил айниши, қайт қилиш, иштаҳанинг йўқолиши ҳам кузатилади. Агар қориннинг юқори қисмидаги оғриқ ҳафтасига уч маротаба бўлса, парҳез ҳамда яшаш тарзининг тартибга тушиши аҳволнинг яхшиланишига олиб келмаса, албатта, гастроэнтеролог кўригидан ўтиш шарт.

Ўткир панкреатит асорати – панкреонекрозда ошқозон ости безининг катта қисмида тўқималарнинг ўлиши (некроз) кузатилади. Бундай пайтда жарроҳлик амалиёти ўтказилмаса, ўлимга олиб бориши мумкин.

Ўткир ва сурункали панкреатитни даволаётганда бемор биринчи 2-3 кунда ўзини овқатдан тиймоғи лозим. Бундан ташқари, шифокор махсус фермент дорилар ёзиб беради. Очлик давридан сўнг 5-7 кунгача жиддий парҳез тутилади. Бир кунда кам-камдан, 5-6 марта овқатланиш тавсия этилади. Рациондан аччиқ, ёғли, дудланган маҳсулотлар, хом сабзавот ва мевалар, дуккакли, гўштли, балиқли, қўзиқоринли қайнатмалар, қаҳва, какао, мевали, сабзавотли нордон шарбатлар, газланган ичимликлар, квас, сут, асал, шоколад, сирка, мурабболар олиб ташланади. Спиртли ичимликларнинг барча тури тақиқланади.

Бир ҳафтадан сўнг кучли шамоллаш ўтиб кетгач ҳам парҳез ушлаб турилади: табиий тоза озиқ-овқат истеъмол қилинади.

Ошқозон ости бези хасталигининг ривожланиш омиллари

  • Овқатланиш тартибининг бузилиши, катта миқдордаги ёғли таомларни ҳисобсиз истеъмол қилиш, рационда аччиқ егуликларнинг зиёдлиги, ёғ ва оқсилнинг кўплиги ёки етишмаслиги;
  • чекиш – ошқозон ости бези саратони хавфини кучайтиради;
  • спиртли ичимликларни ҳаддан ортиқ кўп истеъмол қилиш. Асосан 25-40 ёшли эркакларда шу важдан панкреатит ўткир тури кузатилади;
  • узоқ ва тез-тез кузатиладиган стресслар;
  • паразитар инфекциялар (лямблиоз) ва инвазия (описторхоз);
  • дори-дармон воситаларини назоратсиз қабул қилиш, ўз-ўзини даволаш.

Текин тавсиялар

Ишдан ташқари вақтда ҳам тинмай ишлайдиган, доимий стрессда юрадиганлар оғир иш кунидан сўнг куч тўплашни билиши керак. Руҳий-асаб танглигини қуйидаги усуллар билан бартараф этиш мумкин:

— аутоген машғулотлар ёрдамида;

— сувли муолажалар (иссиқ ванна – бўшаштиради, совуқ ё илиқ душ тетиклаштиради, ланжлик ва ҳорғинликни олади;

— жисмоний машқлар ва спорт билан шуғулланиш. Бу стресслар билан курашишга ёрдам бериб, кун бўйи йиғилган адреналинларни организмдан чиқариб ташлайди, танани кислород билан тўйинтиради, мушакларнинг фаол ишлаши асаб тизими фаолиятини яхшилайди;

— яшаш тарзини бир муддат ўзгартириш (табиат қўйнида сайр қилиш, шаҳар четига, дачага бориш, туристик саёҳатлар ва ҳоказо);

— хобби – коллекциялаш, тўқиш, рақс мусиқа ва ҳоказо.

'Панкреатит? Ошқозон ости бези ёрдамга чақиряпти!' have 1 comment

    li class="comment even thread-even depth-1" id="comment-3101">

    17.05.2018 @ 15:57

    Невронома 2 артирерия ёнида жойлащган яний опкаани ёнида ренгерда кисточный деп айттила операция Кир олип ташап крае дейишди ман нима килишим керак

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!