TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

ПАССИВ КАШАНДАЛИК СИНДРОМИ

Мутухассисларнинг маълум қилишича, сигарета чекаётган инсон қўлидаги тамакидан таралаётган хавфли тутуннинг 20 фоизини ичига ютса, қолган 80 фоизини ён-атрофига тарқатар экан. Бу эса яқин-атрофдаги кишиларни беихтиёр пассив кашандаларга айлантиради.

Илмий манбаларда келтирилишича, пассив кашандалик деб асосан ёпиқ иншоотларда бошқалар томонидан чекилган тамаки тутунидан нафас олишга айтилади. Пассив чекишнинг хавфли томони шундаки, унинг оқибатида турли касалликлар келиб чиқади, ушбу ҳолат секин-асталик билан ногиронлик, ҳаттоки, ўлимга сабаб бўлиши мумкин.

Бундан бир неча йиллар муқаддам Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Саратонни ўрганиш халқаро агентлигини томонидан олиб борилган изланишларда чекмайдиган «кашанда»лар фаол кашандалар организми қабул қилаётган барча канцероген моддалардан зараланиши исботланди. Сигарета тутунидаги 4000дан зиёд зарарли кимёвий бирикмалар, жумладан, 69 хил хавфли канцерогенлар инсон саломатлигига жиддий таҳдид солади. Айниқса, кучли таъсир кўрсатувчи аммиак, ацетон, азот ва углерод оксидлари, фенол, N-нитрозамин, 4-аминобифенил сингари моддалар барчага бирдек зарар келтиради. Гарчи чекувчи ичига тортаётган ва атрофдагилар нафас олаётган тутунда бир хил зарарли моддалар мавжуд бўлса ҳам, уларнинг концентрацияси турлича таъсир кучига эга. Янги изланишлардан маълум бўлишича, бир қанча канцерогенлар таъсири чекувчига қараганда унинг тутунидан «баҳра»олаётган кишиларда кучлироқ кузатилар экан. Бунинг сабаби сифатида эса оддий кишилар организми чекувчиларга қараганда кашандаликнинг салбий оқибатларига руҳан тайёр бўлмагани билан изоҳланмоқда.

Ачинарлиси шундаки, кашандаликдан кўпроқ ҳимоясиз ва организми заиф бўлган гўдаклар, ҳомиладор аёллар ва кексалар азият чекмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг расмий маълумотига кўра, айни пайтда 40 фоиз болалар, 50 миллион нафарга яқин ҳомиладор аёллар пассив кашанда ҳисобланади. Шунингдек, ушбу зарарли иллатдан ўзини тийган 33 фоиз эркак ва 35 фоиз аёллар ҳам тамаки тутунидан заҳарланиш хавфи остида қолган.

Ачинарличи шундаки, бугунги кунда пассив кашандалик туфайли дунё миқёсида ҳар йили 600 минг нафардан зиёд киши ҳаётдан кўз юммоқда. Ушбу кўрсаткич дунё миқёсидаги жами ўлимга олиб келувчи сабабларнинг бир фоизини ташкил этади. Энг ёмони, вафот этганларнинг 165 минг нафардан зиёди ёш болалар бўлса, 47 фоизи аёллардир. Пассив кашандалик натижасида вужудга келган инсульт ҳар йили 379 минг кишининг умрига зомин бўлса, нафас йўли хасталиклари эса 165 минг кишининг ёстиғини қуритган. Шунингдек, пассив кашандаликдан сўнг пайдо бўлган ўпка саратонидан бир йил ичида 21,4 минг киши ҳаётдан кўз юмган.

Мутахассилар фаол ва пассив чекувчилар организми қабул қилиб олаётган заҳарли моддалар концентрациясини қуйидагича шаклда тузиб чиқишди: бир соат давомида сигарета тутунига тўлган хонада ўтириш орқали киши организми 14 мг миқдоридаги турли канцероген моддаларни қабул қилиб олади. Жумладан, фаол чекувчи бир дона сигаретадан 18,4 мг ис газини ютса, пассив кашанда организмига бир соатда 9,2 мг ҳудди шу заҳарли модда ўзлаштирилади. Шунингдек, азот оксиди (0,3 мг — 0,2 мг), альдегидлар (0,8 — 0,2), цианид (0,2 — 0,005), акролеин (0,1 — 0,01), қаттиқ ва суюқ моддалар (25,3 — 2,3), никотин (2,1 — 0,04) каби заҳарли бирикмалар ҳам салбий асоратларга олиб келади. Бензопирен эса пассив чекишда аксинча, сигарета тутунини ичга ютишдан кўра 3,4 баробар кўпроқ зарар келтиради. Ушбу заҳарли моддаларнинг барчаси пассив чекувчи ўпкасида 70 кунгача сақланиб қолиши ҳам илмий жиҳатдан исботланган.

Агарда пассив чекувчи тамаки тутунидан 7-8 соат давомида нафас олса, 5та сигарета чеккандаги кимёвий хавфли бирикмаларни ўзлаштиради. Юқорида таъкидланганидек, ўз ихтиёрига кўра чекмагани боис, бундай кишиларда касалликларнинг ривожланиши чекувчиларга қараганда кўпроқ кузатилади.

Саратонни ўрганиш халқаро агентлиги мутахассислари томонидан аниқланишича, пассив кашандалик балоғатга етмаган қизларда кўкрак бези саратонига чалиниш даражасини 70 фоизгача ошириши мумкин.

АЈШ бош жарроҳининг 2006 йилги маърузасида сигарета тутунидан нафас олаётган ҳомиладор аёл қонида вужудга келган кислород танқислиги ҳомиланинг чала туғилиши ёки гўдак вазнининг кескин камайишига олиб келиши алоҳида таъкидланган эди. Мазкур маърузада, шунингдек, айнан исталмаган чекиш натижасида болаларнинг тўсатдан вафот этиши синдроми ҳолатлари ошиб бораётгани ҳам айтиб ўтилган.

Олимларнинг таъкидлашича, пассив кашандалик, айниқса қиз болаларга кўпроқ салбий таъсир кўрсатади. Ўзгалар томонидан чекилаётган тамаки тутуни болалар ва катталарда ўткир ва асоратли кечувчи бронхит, астма, туберкулёз сингари нафас олиш тизими касалликлари, отит, ўрта қулоқнинг яллиғланиши, эшитишнинг қисман ёки бутунлай йўқолиши, аллергия ва ҳаттоки, кариесга олиб келади. Шунингдек, сигарета тутунидаги никотин ва углерод оксиди болаларнинг ақлий ривожланишдаги тўхталишлар ва бошқа нейрологик салбий оқибатларни келтириб чиқаради. Эътиборлиси, чекувчилар орасида катта бўлганлар қонида никотиннинг катта миқдорини аниқлаш мумкин. Ҳаттоки, чекувчи аёл дунёга келтирган гўдак қонида ҳам ушбу зарарли модда катта миқдорда учрайди. Яқинда ўтказилган изланишлар эса кашандаликнинг наслдан-наслга ўтишини исботлади.

Пассив чекиш нафақат болалар ва аёллар, балки ёши 50 ва ундан ошган кексалар учун ҳам салбий таъсир кўрсатади. Жумладан, бундай кашандалик оқибатида 10 фоиз кексаларда ателослероз, ақлий заифлик, фикрлаш фаолиятининг кескин ёмонлашуви кузатилган.

Кўпчилик кашандаларнинг назарида чекиш шахсий иш бўлиб, гўёки унинг зарари бошқаларга мутлақо етмайди. Бироқ улар қўлидаги сигаретадан таралаётган ёки оғзидан завқ билан чиқараётган тутун ўзлари билан бирга яқин жигарлари, фарзанди, оила аъзолари ва ҳамкасблари саломатлигига жиддий хавф солаётгани ҳақида мушоҳада қилиб олишлари лозим.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!