TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

ПИЁЗ – ТАННИ ЭТАР СОЗ

Пиёзнинг шифобахш хусусиятлари бундан тўрт минг йил муқаддам Шарқ халқларига маълум эди. Қадимги Юнонистон, Миср халқлари бу шифобахш неъматга чуқур эҳтиром кўрсатиб, ипга тизилган пиёз шодаларини бўйинларига осиб юрганлар. Маълумотларда келтирилишича, ўтмишда пиёзга ҳар қандай хавфли касалликлардан муҳофаза этувчи “сеҳргар” сифатида қаралган. Ҳакимлардан Гиппократ ва Диоскорид пиёзни жуда қадрлашган, асалга аралаштириб, турли касалликларга қарши дори тайёрлашган экан. Саркарда Ксенофонт эса пиёзни қувват бағишловчи восита ҳисоблаб, ўз аскарларига доимо пиёз еб юришни буюрган.

Бурунги табиблар таркибида жуда кўп миқдорда фойдали витаминлар, ферментлар, ёғлар, кальций ва фосфор тузлари, лимон ва олма кислоталари ҳамда азот мавжуд бўлган пиёзни ичакнинг қаттиқ оғриғи, колит, атеросклероз, гипертония, тумов, чипқон, ҳўппоз, авитаминоз сингари дардларни даволашда ишлатишган.

Абу Али ибн Сино ўзининг “Тиббий ўгитлар”ида пиёзнинг хусусиятларини таърифлаб, шундай ёзади: “Суви бурунга юборилса, бошни тоза қилади. Бош оғирлашганида, қулоқ шанғиллашида, йиринг ва сув пайдо бўлганида қулоққа томизилади. Ейиладиган пиёзнинг сиқиб олинган суви кўздаги катарактада фойда қилади, кўзни равшанлаштиради. Бавосирда томирларнинг тиқилмаларини очади. Пиёзнинг ҳамма турлари шаҳвоний ҳирсни қўзғатади. Пиёз суви ҳайз қонини юргизиб, ични юмшатади”.

Пиёз препаратлари кучли бактериоцид хусусиятига эга. Майдаланган пиёзбошидан қийин битадиган ва йирингли яраларни даволашда фойдаланилади. Сариёғда қовурилган пиёз ёки сутда пиширилгани йўтални юмшатади, балғамни кўчиради.

Замонавий табобатда пиёзни истисқо (қоринда сув йиғилиши), жигар циррози, қон томирлар атеросклерози, жинсий аъзолар яллиғланишларини тузатишда ишлатилади. Соч тўкилишида, бошга бит тушганда, қазғоқда ҳар куни бош терисига пиёз суви ва бўтқаси суртилса фойда беради.

Пиёз – лоладошларга мансуб ўсимлик. Ер остида йирик пиёзбошиси бўлади, унинг таркибида эфир мойлари, қанд, каротин, витамин С, фитонцидлар мавжуд.

ПИЁЗЛИ МУОЛАЖАЛАР

Йирингли яраларда: пиширилган пиёзни қоқ иккига бўлиб, ярага боғланг. Ёки майдаланган пиёзга тенг миқдорда сут аралаштириб боғласангиз ҳам бўлади. У икки марта алмаштирилади.

Қаттиқ йўталда: ўртача катталикдаги пиёзни майда тўғраб, икки ошқошиқ шакар билан аралаштиринг. Икки соат илиқ жойда турсин. Кейин сувини бир ошқошиқдан кунига тўрт маҳал ичасиз. Агар йўтал қуруқ бўлса, шакар ўрнига асал соласиз. Сувини сиқмасдан пиёз ва асалли бўтқани овқатланишдан аввал бир ошқошиқдан истеъмол қилинади.

Томоқ оғриғида, тонзиллитда: майда қилиб тўғралган пиёзни сирланган идишга солиб, икки чойқошиқ шакар сепинг. Бир стаканнинг чораги миқдорида сув қуйиб, ўртача оловда ўн дақиқача пиширинг. Ҳосил бўлган бўтқани кун давомида бир ошқошиқдан истеъмол қиласиз.

Милклар қонаганда: пиёзнинг пўстлоғини майдалаб, уч чойқошиғини бир стакан сувда тўрт соатча тиндирилади. Бу сув билан оғизни ҳар уч соатда чайиб туриш керак.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!