TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

ҚАЙ БИРИ ЯҚИНРОҚ: ГЛОБАЛ ИСИШМИ ЁКИ МУЗЛИК ДАВРИ?

Сўнгги йилларда глобал иқлим ўзгаришлари ҳақида тез-тез гапирилаётганига ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Шу мавзуга бағишлаб турли халқаро анжуманлар ўтказиляпти, катта-катта минбалардан иқлим ўзгаришларига қарши фаолроқ курашишга чақириқлар янграмоқда. Ушбу ундовларга бефарқ қарай олмаймиз, зеро, гап сайёрамиз тақдири, демакки, инсониятнинг келажаги ҳақида бормоқда. Бу ўринда қизиқ бир жиҳат бор. Иқлим ўзгаришлари ҳақида оғиз очилса, одатда хаёлимизга биринчи бўлиб саёрамиздаги ҳаво ҳароратининг кўтарилиши келади. Бунинг қарангки, олимлар орасида бунинг аксини – глобал музлик даври яқин яқинлашаётганини таъкидловчилар ҳам йўқ эмас.

Ваҳимали тахминлар

Глобал иқлим ўзгаришлари ҳақида сўз борар экан, мутахассислар умидбахш ваъдалардан кўра ташвишли тахминларни кўпроқ билдиришади. Хусусан, БМТнинг Иқлим ўзгаришлари бўйича ҳукуматлараро экспертлар гуруҳи ошкор этган маълумотлар соғлом фикрли ҳар кимни ўйлантириб қўйиши аниқ. Улар 2016-2035 йиллар орасида Ер юзида ҳаво ҳарорати 0,7 даражага, 2081 йилга бориб эса 2 даражага кўтарилишини айтишмоқда. Ҳавонинг исиши XXII асрда ҳам давом этади. Бу қандай оқибатларга олиб келишини англаш учун алломаи замон бўлиш шарт эмас: қурғоқчилик, сув тошқинлари, ўрмон ёнғинлари ва ҳоказо. Мутахассисларнинг айтишича, баҳор ва куз фасллари умуман йўқ бўлиб кетиши мумкин экан, яъни қисқагина қишдан кейин жазирама ёз эшик қоқади, мавсумлар орасидаги совуқ ва иссиқ атиги бир кунда ўрин алмашади.

Соҳиллардан яшайдиган миллионлаб аҳоли тез-тез содир бўладиган сув тошқинлари туфайли бошқа жойларга кўчишга мажбур бўлади. Озиқ-овқат энг асосий муаммолардан бирига айланаши кутилмоқда. 2050 йилга бориб дон маҳсулотлари ҳосили 25 фоизга камаяди. Кўпгина балиқлар шимолий сувларга сузиб кетади, айрим минтақаларда балиқ овлаш 50 фоизгача камайиб кетиши мумкин.

Сув тошқинлари ҳақидаги мавзунинг давоми сифатида айтиш мумкинки, мутахассисларни энг кўп хавотирга соладиган масалалардан бири – Гренландия музликларининг эриши. Бу денгиз сатҳининг 7 метрга (!) кўтарилишига олиб келиши айтилмоқда, натижада соҳилдаги шаҳарлар – Майамидан тортиб Бангкоккача сув остида қолиши мумкин. Шунингдек, Мальдив, Кирибати ва Тувалу каби орол давлатларга ҳам катта хавф туғилади. Кўнглингизни хотиржам қиладиган томони – бундай ўзгаришлар ҳали-вери кутилмаяпти: музликларнинг бунчалик шиддат билан эриши учун ҳаво ҳарорати 4 даражага кўтарилиши керак, бу эса бизнинг асримизда рўй бермас экан.

Ўзгаришлардан ночор мамлакатлар кўпроқ азият чекади, лекин сув тошқинлари ва қурғоқчилик ўзига тўқ ўлкаларни ҳам четлаб ўтмайди. Қайта тиклаш ишларига миллиардлаб доллар керак бўлиши мумкин.

Олимлар сайёрамиз келажаги ҳақида бунчалик ташвиш билан гапирар экан, ўз-ўзидан савол туғилади: хўш, нима қилиш керак? Мутахассисларнинг таъкидлашича, энг авввало глобал исишнинг асосий сабабчиси бўлмиш карбонад ангидрид гази чиқишини камайтириш зарур. “Яшил иқтисодиёт”, “қайта тикланадиган энергия манбалари” деган гаплар қулоғингизга чалинган. Булардан мақсад – экологияга камроқ зарар етказиш, атмосферага зарарли газлар чиқишининг камайишига эрашиш. Зеро, глобал исишга одамзод, унинг битмас-туганмас эҳтиёжлари учун тараққий эттирилган саноат айбдор қилиб кўрсатилади.

Балки совиб кетар?..

Охирги йилларда илм-фан иқлим тарихи ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлди. Асрлар давомида сайёрамиздаги ҳарорат дам кўтарилган бўлса, дам пастлаган. Бундай алмашинувнинг аниқ сабаби ҳозирча маълум эмас. Масалан, сўнгги 100 йилни олайлик. 1990 йилдан 2000 йилгача сайёрамиздаги ўртача ҳаво ҳарорати пасайиб борган. 40-йилларга келиб ҳаво ҳарорати бир даражага кўтарилди, ваҳоланки, саноат ҳозиргидек тараққий этмаган ва зарарли газлар ҳавога камроқ кўтарилар эди. Шундай экан, ҳаво нима учун исиди?.. Бу саволга жавоблар кўп, лекин жўялисини топиш қийин. Кейин саноат гуркираб ривожлана бошлади, кетма-кет завод-фабрикалар қурилди, ҳаво ҳарорати эса… пасайиб борди. 1975 йилдан эътиборан дунёмиз исишда давом этмоқда.

Глобал исиш ҳақидаги фикрга қаршиларнинг айтишича, музлик даврлари ўртасидаги энг илиқ палла 5-6 минг йил муқаддам ўтиб кетиб бўлган, энди сайёрамиз иқлими совишга қараб кетмоқда. Албатта, эртагаёқ ҳамма ёқни қаҳратон қоплаб олмайди, бу жараён бир неча минг йиллар ичда содир бўлади.

Эҳтимол, улар ҳақдир. Ўтган йилнинг кузида Арктикадаги муз қоплами 9 минг куб километрни ташкил этгани аниқланди, бу аввални кўрсаткичлардан ангча кўпдир. Арктика музларининг кўпайишига умид ёздаёқ – муз қоплами 2012 йилдагидан 1,5 баравар кўплиги аниқланганида пайдо бўлган эди. Хуллас, Арктиканинг “ўзига” келаётгани айтилмоқда.

Бундан ташқари, Қуёш фаоллигининг сусайгани ҳам таъкидланяпти. Британиялик профессор Ричард Харрисоннинг фикрича, жаҳон аҳли яна бир Маундер минимумига тайёргарлик кўриши лозим. Инглиз олими Эдвард Уолтер Маундер (1851-1928) ўз тадқиқотларида 1645-1715 йиллар мобайнида Қуёш фаоллигининг сусайгани, бу эса “кичик муз даври”га олиб келганини аниқлаган. Бу сўнгги 500 йил ичидаги энг совуқ давр бўлган.

Таниқли япон океанологи Мототака Накамура ҳаво ҳарорати пасайиши ҳақидаги фикр тарафдорларидан бири. Унинг сўзларига кўра, муз қоплами тропик минтақаларгача етиб келади. Бунақаси олдин ҳам бўлган, умуман, сайёрамиз ҳар бири 10 минг давом этган 15 та музлик даврини бошдан ўтказган. Ҳозир эса музлик даврлари орасидаги илиқ палланинг охирида яшаяпмиз ва навбатдаги музлик даврига тайёргарлик кўраверишимиз керак.

Харрисон, Накамура ва уларга фикрдошлар глобал исиш учун одамзодни айблашни бас қилишга чақиришмоқда. “Иқлим ўзгаришлари инсониятнинг айби билан эмас, балки табиатдаги даврлар алмашинуви туфайли рўй бермоқда”, – дейишяпти улар. Бу алмашинувнинг сабаблари эса олимларга ҳозирча қоронғи.

Хўш, ким ҳақли: глобал исиш тарафдорларими ёки музлик даври яқинлашаётганини айтаётганларми?.. Ҳар бир тарафнинг ўзига яраша хулосалари, далил-исботлари бор. Аммо тугал бир хулосани айта оламиз: демак, илм-фан иқлим ҳақида ҳали жудам кам нарса билади…

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!