TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Радикулит ва унинг турлари

Радикулит кўп учрайдиган нерв тизими хасталикларидан бири ҳисобланади, бунда орқа миянинг нерв илдизлари ва улардан кетадиган нерв толалари зарарланади. Шифокорларнинг таъкидлашича, бу касаллик кўпинча умуртқа поғонаси дарди – остеохондроз оқибатида келиб чиқади. Шунингдек, радикулит жароҳатлар, совқотиш, организмнинг ичдан заҳарланиши, юқумли касалликлар асорати сифатида ҳам ривожланиши мумкин.

Умуртқа поғонаси ҳақида

Радикулит ҳақида маълумот беришдан аввал умуртқа поғонаси физиологияси хусусида сўз юритсак.

Умуртқа поғонасини узунасига кесиб қаралса, поғоналар ҳосил қилган суякдан иборат умуртқа канали кўзга ташланади. Умуртқа каналида орқа мия мавжуд, шу орқа миядан ўттиз бир жуфт нерв илдизчалари чиқади. Нерв илдизчалари умуртқа каналидан ингичка суяк тешиги ор­қали чиқади, унинг диаметри илдизча диаметридан салгина катта холос. Ҳар битта нерв ва илдизча бир-биридан ажралиб турадиган нерв толаларидан иборат. Бир хилларининг толалари сезгир, иккинчи хиллари атрофдаги тўқималарнинг озиқланиши ва қон айланишини, учинчилари эса мушаклар қисқаришини бошқариб туради. Сезгир толаларнинг зарарланишида игна санчилгандек оғ­риқ кузатилади, моддалар алмашинуви ва қон айланишини бошқарадиган нерв толалари зарарланганда соч ўсиши ва тер ажралиши издан чиқади, тирноқлар тез синадиган ва мўрт бў­либ қолади. Учинчи хилдаги нерв то­ла­лари зарарланганда эса мушаклар атрофияси (озиб, кичрайиши) ва спазм­лар рўй беради.

Умуртқа поғонаси зарарланишидан ташқари баъзан гиподинамия (камҳаракатлилик) ва асабий зўриқишлар ҳам радикулит хавфини келтириб чиқаради. Бу касалликнинг биринчи аломати – оғриқ, яъни зарарланган нерв илдизчалари ва нерв толалари бўйлаб оғриқ туриши, сезувчанликнинг йўқолиши рўй беради. Радикулит одатда бирданига пайдо бўлиб, кўп ҳолларда сурункали тусга ўтади ва кейин тез-тез қўзғаб туради.

Радикулитнинг турлари

Нерв толалари ва илдизчаларининг қайси қисми зарарланганига қараб радикулит турларга бўлинади.

Бел-думғаза радикулити анча кенг тарқалган бўлиб, бунда бел ва думғаза соҳасида ҳамда қуймич нерви бўйлаб ҳар хил оғриқ пайдо бўлади. Оғриқ қимирлаганда кучаяди, шунинг учун ҳам бемор бирданига қи­мирлолмайди, юрганда эса танасини олдинга ёки ён томонга эгиб олади, на­тижада умурт­қа поғонасининг қийшайиши, орқа мушакларнинг таранглашиши рўй беради. Баъзан бемор оғриқни камайтириш учун ўринда оёқларини букиб, қорнига тортиб ётади. Агар фақат бел нерви илдизчалари зарарланса, оғриқ сон юзасида бўлади. Қуймич нерви чиқадиган думғаза бўлими илдизчалари зарарланиши билан кечадиган бел-думғаза радикулити кўпинча «ишиас» деб ҳам юритилади. Ишиасда оғриқ қуймич нерви бўйлаб (думба, соннинг орқа юзаси, болдир, оёқ панжасига) тарқалади. Оёқ совқотади, увишади, чумоли ўрмалагандек сезги пайдо бўлади. Бора-бора касал оёқ­нинг мушаклари тонуси сусаяди, «сў­либ» қолганга ўхшайди. Бу атро­фия­га учрашдир. Қуймич нервининг тортилиши (одам энгашганда, оёқ кўтарилганда) оғриқнинг зўрайишига олиб келади.

Бўйин-елка радикулитида оғриқ энса, елка ва куракка тарқалади. Бошни қимирлатганда, атрофга қийшайтирилганда ва қўл қимирлатилса, баъзида эса йўталганда оғриқ кучаяди. Радикулитнинг бу оғир турида қўл увишади, ловуллаб ачишади, санчади, кейинчалик сезувчанлиги ўзгариб атрофияга учрайди, бунда мушаклар кучсизланиб қолади.

Кўкрак радикулити жуда кам учрайди. Бунда оғриқ асосан қовурғалар оралиғида бўлади ва бемор қимирлаганида, айниқса, чуқур нафас олганида кучаяди. Радикулитнинг бу турига асло бепарво бўлиш керак эмас, чунки касаллик зўрайиб, ўткир тусга ўтиши ва бошқа жиддий асоратларга сабаб бўлиши мумкин.

Ўзбошимчалик қилманг!

Радикулит касаллигининг кечиши турлича бўлади. Айрим ҳолларда у уч-тўрт кун ичида ўз-ўзидан ўтиб кетади. Бу ўткир ҳолат дейилиб, ке­йинчалик қайта қўзғаши ҳам мумкин. Кўп ҳолларда эса радикулит узоқроқ давом этади. Бу вақтда эътиборсизлик қилинса, оёқ фалажланади, бора-бора киши ногирон бўлиб қолиши мумкин. Умуман, радикулит билан оғриган беморни невропатолог шифокор даволайди, аввало, касалликни келтириб чиқарган сабабларни аниқлаш лозим. Шундан сўнг оғриқни камайтирувчи дорилар берилади, шунинг баробарида физиотерапевтик муолажалар, даво гимнастикаси, умуртқа оралиғини кенгайтириш (умуртқалараро диск фаолиятини тиклаш), санаторийларда даволаниш тавсия этилади.

Ўзбилармонлик билан белга иссиқ қилиш, оғриқ қолдирувчи дорилар ичиш фа­қат вақтинча наф бериши мумкин. Агар бемор қунт билан даволанса, бу­тунлай тузалиб кетади. Сурункали радикулит ва унинг вақти-вақти билан зўрайишининг олдини олишда даво гимнастикаси, физкультура ва эгилувчанлик машқлари билан шуғулланиш муҳим аҳамиятга эга.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!