TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

САЛОМАТЛИКНИ ИЗДАН ЧИҚАРУВЧИ 7 ҚУСУР

Бизнинг давримизда инсон ўтган вақтлардагидан кўра кўпроқ руҳий ва жисмоний хуружга дуч келмоқдалар. Биз узоқ вақт давомида нимадандир ёки кимдандир норози бўлиб юрар эканмиз, қаттиқ азоб чекамиз ёки касаллик чангалига илинамиз. Булар ҳаммаси вақти-соати келиб, танамизни абгор қилади. Шунинг учун ҳар бир инсон ўз танасининг функциясини назорат остига олиши, ўзини-ўзи ҳимоя қила билиши лозимдир. Бу қандай амалга ошади? Немис олими, тиббиёт доктори Х.Линдеманнинг жавоби шундай: «Инсон ўз вужудига буйруқ беришга ўрганиши ва ўзини-ўзи бошқара олиши лозим. Яъни у ёки бу хасталикдан азоб чекаётган бўлсангиз, оғриқни енгишга ўрганинг, толиқиш, заифлашиб қолиш, қўрқиш, руҳий тушкунлик, журъатсизлик, уятчанлик, «нозик» масалалардаги журъатсизлик ва шу каби бир қанча одатларни йўқотиш учун ўзини-ўзи бошқара билиш услубларини ўрганиб олинг. Бундай турмуш эртами-кечми, барибир, асаб бузилишларига олиб келади, мазкур бузилишлар ҳам ўз навбатида, «аср касалликлари» – гипертония, стенокардия, меъда яраси ва ҳоказоларга дучор қилади. Бу доирани кетма-кет янгидан-янги дори-дармонлар ишлаб чиқариш билан ҳам ёриб ўтиб бўлмайди».

БЕҒАМЛИК

Кўпчиликда: «Лоқайдлар касалликка камроқ чалинадилар», – деган тушунча бор. Баъзида беғамроқ одамларга ҳавас ҳам қилинади. Кузатувлар шуни кўрсатдики, беғамлик ҳис-туйғуларнинг пасайиши ва диднинг ўтмаслашиши натижаси экан. Ҳаёт завқини ҳис қилмаслик, куним ўтса бўлди, дея тор фикрлаш лоқайдлик мевалари бўлиб, бундай ҳолат учта сабаб туфайли келиб чиқади. Биринчиси – қонда зарур витаминларнинг етишмаслиги; иккинчиси – журъатсизлик ва умидсизлик, иштиёқсизлик; учинчиси – меҳр, садоқат туйғуларининг пасайиши.

Ана шу учта омил туфайли лоқайд кишилар овқатнинг меъёрини ҳам билмай қолишади. Бунда ичаклар фаолияти бузилиб, қариш аломатлари кучаяди. Шунинг учун ҳам лоқайдлар ҳаётсевар кишиларга қараганда 5-6 ёшга кекса кўринадилар.

Кузатувлар яна шуни кўрсатдики, беғамлик оилада ҳамиша нотинчликка сабаб бўлади. Лоқайдларнинг ҳаракатларида сустлик кучайиб, юзларидан нафосат узоқлашиши мумкин. Улардаги ҳафсаласизлик, бир ишни чала бажариш мавжуд имкониятларни ҳам йўққа чиқаради. Лоқайдлар меъда-ичак касалликларига кўпроқ чалинадилар.

Ҳаётдан завқ олиб яшашни истасангиз, ҳамма вақт ҳаётни севинг. Ана шунда сизни ғайрат, оиладагиларга нисбатан меҳр-оқибат тарк этмайди. Ҳаракатчан одамнинг фикри тиниқ, омади олдинда, чеҳраси очиқ ва жозибадор бўлади. Истараси иссиқ бўлганга не етсин!

ДАНГАСАЛИК

Дангасаликнинг пайдо бўлиши, асосан, нотўғри тарбияга боғлиқ. Бундайлар кўпроқ ушалмайдиган ўй-хаёл суриш билан банд бўлиб, очофатликда уларнинг феъл-атворини илонга қиёслаш мумкин. Бу кишилар овқатни керагидан ортиқ еб, ҳазм қила олмай, жигарни тезда ишдан чиқарадилар. Мазкур хасталик уларнинг юзини буриштириб, фикрини хиралаштириб, фаросатини ҳам ўтмаслаштириб қўяди. Кўпчиликка маълумки, дангасаларда муҳаббат ва мурувват туйғуси паст даражада бўлиб, бировга яхшилик қилишни ўйламайди. Шу боис улар анчайин қўпол, миннатчи, хиёнатчи, таъмагир ҳам бўладилар.

Дангасалар шафқатсиз ҳам бўлишади. Хулоса қилиб айтиш мумкинки, айтиб ўтилган қусурлар, яъни салбий ғурбатлар, энг аввало, танбалликдан бошланади, десак муболаға бўлмайди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, тиниқ чеҳрали ва мафтункор бўлай десангиз, асло дангасаликка мойил бўлманг. Ўзингизни англаган ҳолда меҳнатда чиниқиб, жўшқинликка, ҳаётсеварликка интилинг. Кечиримли ва ҳимматли бўлинг, ана шунда дилингиз равшан тортиб, саломатлик ва навқиронликка  эришасиз.

ЖИЗЗАКИЛИК

Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, жиззаки одам омадсиз ва омадсиз одамлар жиззаки бўлишади. Уларнинг чеҳрасидан назокат кўтарилиб, гап уқмас, муросасиз ва турқи совуқ бўлиб бораверади.

Жиззакилик қусури нўноқлик, калтабинлик ва журъатсизлик туфайли келиб чиқади. Бундай инсонларнинг вужудида зарарли, яъни салбий энергия шу қадар кўп йиғилиб қоладики, улар таъсирида мияда қон айланиши бузилиб, фикрлаш қобилияти сусайиб бораверади. Улардаги ақл ишлатишга нўноқлик қусури туфайли юзларидан андиша кўтарилиб, мулойимлик ўрнини сурбетлик, қўполлик, жанжалкашлик эгаллаб олади. Шу боис жиззаки одамлар бора-бора психосоматик бузилишга йўлиқиб, қон босими касалини орттирадилар.

Унутманг, беш дақиқа бақир-чақир қилган одамнинг иш қобилияти икки баробарга пасайиб кетади. Уларнинг чеҳрасида ғазаб аломатлари яққол сезилиб, турқини совуқ қилади. Салбий энергия иммунитетни пасайтиргани сабабли, жиззакилар бошқаларга нисбатан икки карра кўпроқ касалликка чалинадилар.

Оғир-босиқ ва мулоҳазали бўлинг. Кечиримли инсонларнинг чеҳраси фариштамонанд ва ўзлари омадли бўладилар. Улар узоқ умр кўрадилар.

ЗИҚНАЛИК

Зиқналик, асосан, руҳий номутаносибликнинг бир тури. Зиқна одамларни кузатсангиз, уларда қўрқув, ишончсизлик, шубҳа-гумон, умидсизлик ва меҳрсизликлари яққол сезилиб туради. Уларнинг қовоғи ҳамиша солиқ, ҳеч кимдан, ҳеч қачон рози бўлмайдилар.

Кузатувлардан хулоса шуки, зиқналик кўпроқ эркакларга хос бўлиб, улар меъда ва жигар хасталикларига бошқалардан анча эртароқ чалинадилар. Аммо эркакнинг зиқналиги хотини ва фарзандларини ҳам одамови, тажанг, касалманд қилиб қўяди. Уларнинг бошқаларга нисбатан ишонч, оқибат сусайиб, нўноқ ва иккиланувчи бўлиб қолишади. Зиқналарнинг ҳаёти ҳузур-ҳаловатсиз, зерикарли бўлиб, юзларидан назокат узоқлашади.

Қўли очиқликка нима етсин! Топганингизни оилангизнинг бахт-саодати учун сарфланг. Ана шунда чеҳрангизда нафосат балқиб туради. Феълини кенг тутган инсон ҳаёт завқини ҳеч қачон зиқналик исканжасига туширмайди.

ҚЎРҚОҚЛИК

Қўрқоқлар, одатда, мақтанчоқ ва лаёқатсиз бўлишади. Улар ҳасрат-надомат туфайли ўзларидан бошқа ҳеч кимни тан олмай, калтафаҳмлик сиртмоғига тушиб қоладилар.

Кузатишлардан хулоса шуки, қўрқоқлик замирида нотавонлик ва айёрлик ётади. Улар ўз қиёфаларини тез-тез ўзгартириб туришлари боис, бачкана фикрлар гирдобидан чиқа олишмайди. Бироқ ўзларини ақлли санаб, орзу-режаларининг ушалишини мушкуллаштириб ҳам қўядилар. Бир умр армонлар, ғийбатлар, миш-мишлар ва хаёлий орзулар қуршовида яшаб, тор фикрлашлари туфайли ўзларини ҳам, бошқаларни ҳам хуноб қилиб юришади.

Қўрқоқлардаги иккиюзламачилик қусури иймонни суст, гина ва адоватга берилувчан, майдагап ва мижғов қилиб қўяди. Қўрқоқларнинг юзида назокат бўлмайди, ҳамиша беҳаловатлик акс этиб, айёрлик сезилиб туради. Улар кексайган сайин инжиқлашиб, ҳеч кимнинг гапи ёқмайдиган бўлиб, ҳасрат қилишдан бўшамай қоладилар. Дарвоқе, қўрқоқлар жуда хунук қаришади. Улар энг яқин кишиларига ҳам осонгина панд бериб қўйишлари мумкин. Қўрқоқларда кўпинча бош, юрак ва бел оғриғи хасталиклари пайдо бўлади.

Саломатлик ва навқиронликка эришмоқчи бўлсангиз, ҳаётда журъатли бўлинг. Бахт ҳамиша журъатли ва қувноқ одамларга эргашиб юради.

ҒИЙБАТЧИЛИК

Ғийбатдан ҳам касаллик пайдо бўладими, дерсиз? Ҳа, ғийбат инсоннинг тафаккур дунёсини торайтириб, юзидан нафосатни йўқотади. ўийбатчилар бора-бора сурункали бош оғриғи касалига мубтало бўладилар. Сабаби шундаки, одамнинг ўй-хаёли ҳамиша миш-мишлар ва кўнгилсиз воқеалар билан банд бўлса, ундаги ҳаётий жўшқинлик сусайиб, ғурбатлар исканжасига тушиб қолади. Бу ҳолат эса фикрнинг аста-секин торайишига, юздан нафосатнинг узоқлашувига сабаб бўлади. Демак, ғийбат шунчаки валақлаш эмас, балки ўзининг ақл-фаросатига ва нафосатига болта уриш билан баробардир.

Кузатишлар орқали ғийбатнинг яна бир салбий томони ойдинлашган: ғийбатчиларда ўз нуқсонларига нисбатан эътиборсизлик пайдо бўлади. Негаки, улар «бошқаларнинг қилмишлари олдида менинг нуқсонларим ҳеч гап эмас», дея ўзларига тасалли беришга одатланиб қолишади. Охир-оқибат ғийбатчиларнинг маънавияти қашшоқлашиб, асаби мўртлашиб, ғийбатдан бошқа гап ёқмайдиган бўлиб қолади. Бундай ғурбат сурункали бош оғриғининг келиб чиқишига сабаб бўлади.

Бундай қусур уларнинг юзларида кўпроқ акс этади. ўийбатчиларнинг кўз қорачиқлари нурсизланиб, юзига инжиқлик, маъносизлик аломатлари аста-секин муҳрланиб бораверади. Ғийбат одамда фаросатсизликни кучайтиради.

Юқоридаги каби одатлардан қутилиб, қариганда нуроний кўринишга эга бўлишни истасангиз, меҳр-муҳаббатга лиммо-лим ҳолда яшашга интилинг. Ана шунда тафаккурингиз кенг ва теран, чеҳрангиз латофатли ва ақл-идрокингиз ўткирлашиб, нуроний тортиб бораверасиз.

ҲАСАДГЎЙЛИК

 Дунё руҳшунослари ҳасадни гўштқиймалагичга қиёслайдилар. Бунинг боиси шуки, ҳасад ўтида беш дақиқа қовурилган одам ўз умрини икки йилга қисқартиради. ҳасадгўйлар бошқаларга нисбатан эртароқ қаришларини кўпчилик билади.

Тадқиқотлар кўрсатишича, ҳасадни келтириб чиқарадиган омиллар уқувсизлик ва қобилиятсизлик экан. Савол туғилади: ҳасадсиз яшаш мумкинми? Руҳшунослар шундай жавоб берадилар: бунинг энг самарали давоси – жисмоний машқлар, муттасил муроқабага тушиш ва совуқ сувда чўмилишдир. Доимий жисмоний машқ ва муроқаба инсоннинг ботиний онгига ўрнашиб қолган салбий ҳиссиётларни онга чиқаради ва ҳайдайди, феълни кенгайтириб, қон айланишини мўътадиллаштиради.

Ўзгаларнинг ютуғини кўра олмаслик ҳиссиётлар кодлашган қалбда тугунча пайдо қилади ва асаб тизими фаолиятини издан чиқара бошлайди. Бу эса юрак-қон томир касалликларининг келиб чиқишига сабаб бўлади. Одатда, ҳасадгўйларнинг юзига эрта ажин тушиб, хасталикларга жуда мойил бўлиб қоладилар. Руҳий номутаносиблик кучайиб, ёлғизликни истайдилар. Ана шу туфайли ўзини-ўзи қийноққа солиб, майда-чуйда ишлар гирдобидан чиқа олмай юраверадилар. ҳасадга сурункали берилиш оқибатида эса қалбдан меҳр-оқибат, меҳр-шафқат ва меҳр-муҳаббат узоқлашиб, кўзлар нурсизланиб, куч-қувват салбий ҳис-туйғулар ҳисобига пасайиб бораверади.

Кимки бундай иллатдан нари бўлишни хоҳласа, ҳасадга асло мойил бўлмасин. ҳавас қилсин ва ҳар бир ишга зўр ҳафсала, ғайрат билан киришсин, тез орада ижобий натижага эришади. Ана шунда юзи беғубор, фикри равшан, қалби пок, иймони саломат, юраги бақувват, асаби мустаҳкам яхши шахсга айланади.

А.Усмонхўжаев, тиббиёт фанлари номзоди

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!