TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Семизлик балоси

Семизлик балоси

XXI асрда ривожланган мамлакатларда семизлик катта тиббий ижтимоий муаммога айланди. Ҳозирда аксарият мамлакатларда углеводли овқатларнинг тобора ортиб, уни енгил истеъмол қилиш одат тусига киргани, умумий овқатланиш тизимидаги кафе, бар, ошхоналарнинг сони кескин кўпайгани билан бирга жисмоний ҳаракатнинг пасайгани аниқланган. Одамларнинг овқатланиш хусусияти, яшаш тарзи ўзгаришга дучор бўлмоқда. Кўплаб мамлакатларда кузатилаётган умумий кўриниш деб гўшт ва ёғларнинг истеъмол қилиниши ошганлигини айтиш мумкин. Шу билан бирга, семизлик қандли диабет ва атеросклероз ёғ моддасининг алмашинуви бузилиши, гормонал тизимининг шикастланишидан келиб чиқади. Айтиб ўтиш жоизки, семизликка озиқ-овқатни кўп миқдорда истеъмол қилиш билан бирга унинг кучли энергияга эга эканлиги асосий омиллардан биридир.

Бир қатор олимларнинг маълумотига кўра, АҚШ аҳолиси орасида семизлик 20 фоизни ташкил қилар экан, уларнинг 20 миллионида вазн оғирлиги 10-20 фоиз, 5 миллионида эса 20 фоиздан ошиқ, деб белгиланди. Европа мамлакатларида (Англия, Франция, Германия) ҳам семизликнинг аҳоли бўйича тарқалиши 20-30 фоизни ташкил этади. Россияда ўтказилган охирги текширишлар хулосасига кўра, мазкур ҳолатни 26 фоиз, деб топишди. Ўзбекистонда олиб борилган илмий изланишлар бу кўрсаткич юртимизда 20-24 фоиз эканлигини тасдиқлади. Болаларда эса 10 фоизгача семизлик касаллиги аниқланди.

Семизлик умрни қисқартиради

Семизлик метаболик ва клиник ҳолат бўлиб, у ўрта ҳаёт ва яшаш муддатини, яъни умрни қисқартиради. Бундай ҳолатдаги таъсир семизлик асоратлари, унинг оғир турлари ва қўшимча кузатиладиган ўткир ва сурункали касалликларга боғлиқ. Семизлик диабет касалигининг ўсиш даражаси, юрак хуружига чалинган беморларнинг сони тобора ошиб боришига ҳам сабаб бўлади. Шунингдек, семизлик қон-томирлар тизими касалликлари келиб чиқишига сабаб бўлади. Буларга артеросклероз, юрак эшемик касаллиги, артериал гипертония, веноз қон алмашишини етишмовчилиги киради.

Изланишлар шуни кўрсатдики, 25 ёшдан ошган семиз эркакларда тўсатдан ўлиб қолиш фоизи баланд, 50 ёшдан ошганларида мазкур фоиз камаяди. Бундай ўлимнинг 70 фоизидан кўпи қон айланиш тизимидаги касалликлар туфайли содир бўлади.

Семизлик аҳоли ўртасидаги ўлимни оширадиган омил ҳисобланади. Буни исботлаш учун 2 гуруҳ беморлар олинади: семизликка дучор бўлган беморлар ва иккинчиси меъёрий вазнга эга бўлганлар; уларнинг натижалари бир-бири билан солиштирилади. Агар бундай таққослаш кексаларда ўтказилган бўлса, яққол натижа, фарқини белгилаб беради. Қарияларнинг 70 фоиздан кўпида ўлим қон айланиши тизими касалликлари сабабли рўй беради. 45-50 ёшдаги семиз беморларда тана вазнининг 13,6 кг.га ошиши умрни 28 фоизга қисқартиради. Семизликка боғлиқ бўлган ўлимлар сонининг ўсиши ёш йигит-қизларга тааллуқли эмас. Бу аниқ, кўп марта текширишлардан ўтказилган натижалардир.

Семизлик асоратлари

Семизлик борасида олиб борилган илмий изланишлар гормонал бузилишларни аниқлаб берди. Маълум бўлдики, семизлик синдромида бир қатор физиологик, метаболик ва клиник турдаги бузилишлар мавжуд.

Инсон танасида ортиқча вазн кўпайгани сайин ички аъзолар фаолияти қийинлашиб бораверади. Масалан, юрак қон ҳайдашга, жигар заҳарларни тозалашга, эндокрин безлар эса организмни керакли миқдордаги гормонлар билан таъминлашга қийналади. Ортиқча вазн ва семизлик саломатликка зарарли таъсир кўрсатиб, бир қатор сурункали касалликларга сабаб бўлиши мумкин.

Юрак билан боғлиқ касалликлар. Кўп ҳолларда одамлар орасида юракни ёғ босибди, нафас олиши қийинлашибди, деган гаплар юради. Семиз одамнинг терлаб, нафаси тиқилиб зўрға кетаётганини кўрганлар шундай дейишади. Семизлик ва коронар (юракнинг тож томирлари) қон томирларида арте­ри­о­склероз (артерия деворларининг қаттиқланиб, дағаллашиб эластиклигини йўқотиши)нинг ривожланиши масаласи жуда мураккабдир. Лекин шунга қарамай, семизлик ва артериосклероз ўртасида ижобий корреляция (боғланиш) борлиги тўғрисида жуда кўп далиллар бор. Статистик маълумотларга суянган ҳолда айтиш мумкинки, семиз одамларда артериосклероз кўп ва эрта пайдо бўлади, шу билан бирга кўпинча кичик ва ўрта калибрли артерияларга хосдир.

Юракнинг ишемия касаллиги. Мазкур касаллик семизликнинг оғир даражаларига эга бўлган беморларда кўп учрайди. Бундай беморлар кўпинча ўрта ва кекса ёшда, семириб кетган, томирлари атеросклерозга учраган ва қон босими ошган бўлади. Юрак ишемия касаллигига қандай тез чалинишига ва аломатларнинг қандай намоён бўлишига кўра, семизликнинг даражаси катта таъсир кўрсатади.

Семизликда перикардиал жойда ёғ тўқимаси сони кўпайиб кетади, айниқса, ўнг қоринча ва юрак учида. Юрак мушак толаларининг ўртасида ёғ сақловчи ҳужайраларнинг кўплаб пайдо бўлишини кузатиш мумкин. Миокардда бўлган ёғ захира депоси катталашади ва юрак умумий оғирлигининг 50-60 фоизини ташкил қилади. Юрак деворлари ёғ босганлиги учун кўп ишлашга мажбур бўлади ва шу туфайли кенгаяди, яъни гипертрофия ҳолатига дучор бўлади.

Қандли диабет. Семиз одамларда диабет касаллиги анча кеч аниқланади, чунки бу касаллик симптомсиз, яширин ҳолда кечади. Катта семизликка эга бўлган одамларнинг 70 фоизида диабет касаллиги бор, жинс томондан аёлларда кўп учрайди. Ўзбекистонда олиб борилган илмий изланишлар вояга етган аҳоли ўртасида қандли диабет 2 фоизни ташкил этишини тасдиқлади. Бунинг учун юртимиздаги 70 минг аҳоли ўртасида глюкозага чидамлилик тести ўтказилди. Мазкур жараёнда бир стакан илиқ сувга 75 грамм глюкоза қўшиб кўрикдан ўтаётган одамларга ичирилди. 1-2 соатдан сўнг қондаги қанд миқдори текширилди. Тадқиқот натижасида семиз одамларда қандли диабетнинг учраши нормал вазнга эга бўлганларга қараганда 4-5 баробар кўп эканлиги аниқланди.

Барча семиз одамларда вақти-вақти билан қондаги глюкоза миқдорини текшириб туриш керак. Қондаги қанд миқдори меърий чиқса-да, аммо тез-тез пешобга чиқиш, озиқ-овқатларни кўп ейиш, лабларнинг қуриб қолиши, чанқов – бу беморда диабет белгилари борлигидан далолат беради. Мазкур ҳолатларда уларда глюкозага чидамлилик тести ўтказилади, лекин бу натижани олиб бўлгандан сўнг эндокринолог шифокорга маслаҳат учун учрашиш керак.

Диабет семизликнинг кечишини оғирлаштиради ва кўпинча бу ҳолат 40 ёшдан ошганда бўлиши мумкин. Кам ҳолларда диабет кучли чанқов, кўп сийиш ва ацидоз ҳолатлар билан кузатилади. Кўпинча семизларда кечаётган диабет ўзининг маккор ва юмшоқ кечиши билан белгиланади. Бунда чет атрофидаги терининг қичиши, чипқонлар чиқиши, тишларнинг мўрт бўлиб туша бошлаши кузатилади.

Шу билан бирга семиз одамларда қандли диабет касаллигининг қўшилиши вазнни йўқотиш, озиб кетиш симптомлари билан белгиланади. Диабет ва семизлик биргаликда кечганда секин-аста, майин кечади. Энг аҳамиятлиси, семиз одам даволаниб озса, қондаги глюкоза миқдори ҳам пасаяди ва бемор ўзини анча енгил ҳис қилади.

Семизлик ва жигар. Семиз одамларда жигар ҳажми катталашади. Ёғ тўқималари жигар устида ва унинг тўқималарига кириб боради. Жигар ҳужайралари, яъни гепатоцитлар ичида ёғ тўпланиши кузатилади. Бундай ўзгаришлар функционал ва орқага қайтмас ҳолатда бўлади. Мазкур структур ва функционал ўзгаришлар умумий холестерин миқдорининг қонда кўтарилишига олиб келади. Бу ҳолат ультратовуш текшириш (УТТ)да ҳам кўп беморларда тасдиқланади.

Пигментларни ташқарига олиб чиқиш ҳусусиятлари ҳам семизликда бузилади. Нормал вазнга эга бўлган одамларда қондаги пигментларни олиб чиқиб кетиш даври анча қисқадир.

Семиз одамлар орасида жигар стеатози кўп учрайди. Бу касаллик қандай кечади, унинг олдини олиш мумкинми, одам ундан ногирон бўлиб қоладими, унинг асоратлари, белгилари, даволаш усуллари нималардан иборат?

Жигар – ҳаёт учун энг муҳим аъзо бўлиб, унинг фаолияти ниҳоятда хилма-хилдир. Жигар танамиздаги энг йирик без ҳисобланади. Жигар қорин бўшлиғининг ўнг томонида анчагина жойни эгаллаб туради. Спиртли ичимликларни тез-тез, кўп миқдорда истеъмол қилиш жигарни хавфли касалликларга олиб келади. Алкогол ичимликларни кўп ва доимий истеъмол қиладиган одамларнинг жигарида тўқималар аста-секин бузилади ва унинг ўрнига ёғ тўқимаси ҳосил бўлади. Бундай касаллик организм учун хавфли ва кўпинча ўлимга олиб боради.

Томирлардан оқиб келадиган ҳамма қон жигар орқали ўтади. Шу туфайли заҳарли моддалар ҳам қон орқали жигарда тўпланиб қолиши кузатилади. Бу ерда улар зарарсизланиб ўт билан биргаликда ичак орқали чиқариб юборилади.

Илмий изланишлар кўрсатдики, Ўзбекистон аҳолисининг бешдан бир қисми тана вазни меъёрдан оғирлиги билан тавсифланар экан, бундай ҳолат республикамизнинг барча вилоятларига хосдир.

Семизлик ва жинсий аъзолар. Агар семизлик ўспиринлик давридан бошланган бўлса, жинсий ривожланиш бузилади, бундай ҳолларда шифокорлар гипогонадизм (жинсий безларнинг (тухумлар ёки тухумдонларнинг) функцияси пасайиши, бу иккиламчи жинсий белгиларнинг бўлмаслиги ёки етарлича ривожланмаслигига олиб келади) ташхисини қўйишади. Кўпинча ёш йигитларда ташқи жинсий азоларнинг яхши ривожланмаганлиги билан кузатилади ва бу ҳолат беморнинг руҳий эзилишига, депрессияга олиб келади.

Семиз эркакларда кўпинча импотенция ҳолатлари учрайди, бу аёл кишига интилиш ва жинсий потенциянинг камайиши билан изоҳланади. Аёлларда кўпинча ҳайз кўринишининг бузилиши, бефарзандлик кузатилиши мумкин.

Вазнингиз камми ёки ортиқча?

Ҳозирги кунда олимлар ва шифокорлар одамда вазн етишмовчилиги ёки семизликни аниқлаш учун махсус формуладан фойдаланадилар. Буни ҳисоблаш учун бутун дунёда Тана оғирлиги кўрсаткичи (ТОК) қабул қилинган. Қуйидаги формула ёрдамида вазнингиз кўп ёки камлигини билиб олишингиз мумкин: ТОК1 = вазн (кг) : бўй (м)2

Айтайлик, вазнингиз 90 кг, бўйингиз 1,68 см. Демак, ТОК1 = 90 : (1,68 х 1,68) = 32,1. Кўриниб турибдики, сиз I даражали семизликка чалингансиз.

Ҳозирги кунда бутун дунё бўйича шифокор терапевт, педиатр, эндокринолог, гинекологлар ушбу жадвалдан самарали фойдаланишмоқда.

Кўрсаткич

Эркаклар Аёллар

Вазн етишмовчилиги

19

19

Меъёрий вазн

19-25 19-24

Ортиқча вазн

26-29

25-29

I даражали семизлик

30-34

30-34

II даражали семизлик

35-39

35-39

III даражали семизлик

39

39

Вазн ортиши сабаблари

Нотўғри овқатланиш. Овқатланиш тизимининг бузилиши семизликнинг келиб чиқишида катта роль ўйнайди. Шу билан бирга парҳез орқали овқатланиш ушбу касалликда даво омили ҳисобланади. Юқори калорияли, ёғли ва холестеринга бой таомлар юқорида санаб ўтилган касалликларнинг тарқалишида дастлабки омиллардан ҳисобланади. Текширишларга кўра, ёғлар миқдори овқат­ланишнинг жисмоний нормаларига кўп жиҳатдан мос келмас экан, яъни бунда ҳайвон ёғи, қўй думба ёғи, мол ёғи асосий миқдорни ташкил қилади. Шунингдек, қўшилган омихта ёғи, илик ёғи ҳам киради.

Кам ҳаракатлик. Ҳозирги вақтда, айниқса, охирги 10-15 йиллардан буён шаҳар аҳолиси орасида жисмоний меҳнат билан шуғулланадиганлар анча камайиб қолди. Ерли хонадонда турувчи шаҳар аҳолиси озгина бўлса ҳам ҳаракатда бўлади. Лекин кўп қаватли биноларда яшаётган кўп минг сонли оилалар гиподинамия (кам ҳаракатчанлик, ҳолсизлик) билан бандлар. Шу туфайли шаҳар аҳолиси қишлоқда истиқомат қиладиган одамларга нисбатан семизлик билан кўпроқ оғрийди. Бу ҳолатни илмий текширишлар асосида тасдиқладик. Марказий шаҳарларда туғилган эркаклар қишлоқда туғилган эркакларга нисбатан кўпроқ семизлик касаллиги билан хасталанадилар. Шу билан бирга бундай семизлик ўлим ҳоллари хавфининг ошишига сабаб бўлади.

Ирсият ва семизлик. Бир қатор олимлар овқатни кам истеъмол қиладиган ва кўп ейдиган одамларни текшириб шундай хулосага келишдики, семизлик ирсият билан боғлиқ экан. Шу боис улар сув ичса ҳам семираверади. Бир оилада она семиз бўлса, унинг фарзанди, кўпинча қизида ҳам секин-аста бу хасталик пайдо бўлади.

Семизлик кўп ҳолларда аёлда учраб, қизига ҳам ген орқали берилади. Семиз болаларни ота-онаси ҳам 40-80 фоиз семизлик хасталигига дучор бўладилар. Бундан ташқари, бундай оиладаги овқатланиш тизимида кучли, калорияси катта бўлган овқатлар кўп истеъмол қилиниши аниқланган.

Семизликка қарши курашиш усуллари

Кўпчилик хотин-қизлар семизликка қарши курашнинг энг осон йўли кам овқат ейиш ёки оч юриш деб ўйлашади. Бу хато тушунча. Чунки узоқ йиллар давомида олиб борилган илмий текширишлар кўрсатишича, очликда кишининг жигари ва юрак фаолиятига катта зарар етади. Шунинг учун бу даво усули тиббиётда қўлланилмайди.

– Энг яхши самарали даво усули калорияси чекланган овқат рационини қўллашдан иборатдир. Истеъмол қилинадиган овқат калорияси, яъни қуввати, энергетик қиммати анча паст (1800-2000 ккал) бўлиши лозим. Шундагина организмдаги ёғлар парчаланиб, ортиқча оғирлик йўқола бошлайди. Таомнинг таркибида углеводлар кам бўлиб, оқсил ва витаминлар кўп бўлиши учун, овқатни доимий равишда ўсимлик ёғида пиширган маъқул. Ҳар куни овқат олдидан кўп миқдорда тайёрланган аччиқ-чучук, турли салатлар ейилса мақсадга мувофиқ бўлади, ошқозон тўлиб, қорин очлиги йўқолади.

– Ҳафтада 2 марта озиш кунларини уюштириш керак. Бу кунларда олма, қовоқ, бодринг, сабзини хомлигича ейиш тавсия қилинади. Масалан: 1,5 кг кўк, аччиқ олмани (ширин сортлари тўғри келмайди), кунига беш қисмга бўлиб, фақат шу маҳсулотни истеъмол қилиш лозим. Биринчи кунлари ўрганмаган беморларга қийин, албатта, овқат егиси келади, баъзи ҳолларда билмасдан еб ҳам қўяди. Лекин 3-4 марта шундай озиш кунлари қўллангач, бемор тажрибага эга бўлиб бемалол уни қўллайди.

– Эрталабки бадантарбия, физкультура ва жисмоний меҳнатнинг бирор ёқадиган тури билан доимий равишда шуғулланиб туриш мақсадга мувофиқдир. Дарвоқе, узоқ вақт пиёда юриш ҳам жисмоний ҳаракатга киради.

– Озиш учун парҳез қилаётганлар тез-тез эндокринолог шифокор билан маслаҳатлашиб туришлари керак. Барча тавсия қилган, иштаҳани бўғадиган таблеткаларни ўз вақтида қабул қилиш даволаш гаровидир.

– Парҳезда енгил сингадиган углеводлар (кондитер маҳсулотлари, қанд, ҳар хил мурабболар) бўлиши лозим.

Ёғ босган одамлар овқатида углеводлар кам, оқсиллар, витаминлар кўп, ёғлар озроқ миқдорда бўлиши керак. Углеводларни 100-150 граммдан ортиқ емаган маъқул. Енгил сингадиган углеводлар, яъни қанд ёғнинг ёғ тўқимасида синтезланишига ёрдам бериб, инсулинни фаоллаштиради, бу эса уларни полисахаридларга – қийин сингадиган углеводларга айлантиради. Бизнинг республикамизда ноз-неъматлар сероб бўлганидан қишин-ёзин парҳезда сабзавотлар – хом ўсимлик маҳсулотлари бўлишига имкон беради, сабзавотлар таркибида қийин сингадиган углеводлар ва зарур минерал моддалар бўлади.

– Тавсия этиладиган калорияси кам парҳез ортиқча тошнинг қисқа вақт ичида йўқолишига имкон бериши, бемор аҳволини яхшилаши учун қулай бўлиши зарур, чунки ёғ босиши узоққа чўзиладиган касаллик ҳисобланади. Парҳез таом ёғ босган беморларга узоқ муддатга буюрилади, шу сабабли парҳез буюришда беморнинг ўзига хос ҳаёт шароитларини ва урф-одатларини, ўзи ўрганган овқатларни ҳисобга олиш керак.

– Биз семиз одамларда “бақалоқлар шўрваси” деб аталган таомни хафтада 2 марта истеъмол қилдирганимизда 1,5-2 кг вазнини йўқотишганига гувоҳ бўлдик. Сиз ҳам ана шу шўрвани 1-2 ой эринмасдан, иродани бир жойга тўплаб қўлласангиз, ютуқли натижаларга эришасиз.

“Бақалоқлар шўрваси” рецепти: 8 дона ўртача пиёз, 5 дона кичикроқ помидор, 2 та ўрта болғор гармдориси, 1 кг карам, 1 боғ укроп, 1 боғ сельдер майдалаб кастрюлкага солинади ва унинг устига 2 литр совуқ сув қуйилади. Газ оловида қайнатамиз, меъёрида туз соламиз. Сув қайнаб чиққандан кейин 40-50 дақиқа қайнатамиз ва тайёр шўрвани бир кунда учга тенг бўлиб истеъмол қиламиз. Шўрвани қора нон билан истеъмол қилиш керак.

Шўрвани истеъмол қилгач, ўша куни бошқа ҳеч нима ейилмайди, шўрва қоринни тўқ тутади ва енгил ҳазм бўлади. Натижа узоқ куттирмайди – 1 ойда 4-6 кг йўқотишингиз турган гап.

Тоҳир Ибрагимов, тиббиёт фанлари доктори, профессор

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!