TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Шамоллаган кичкинтойга кўмак

Касалликнинг илк кунларида йўтал қуруқ, томоқни таъсирлайдиган, балғамсиз бўлади. Бу асосан трахея билан боғлиқ йўталдир. Шу пайтда қийин кўчувчи балғамга қарши балғам кўчирувчи дорилар буюриш лозим. Булар асосан ўсимликлардан тайёрланган бўлиб, ошқозон шиллиқ қаватини таъсирлаш орқали йўтал марказини рефлектор фаоллаштириб, нафас йўлларидаги киприкчалар ишини кучайтиради. Бу киприкчалар эса чўтка каби болангиз нафас йўлларидаги балғамни чиқариб юборишда қатнашади. Лекин бу дори воситалар жуда кичик ёшдаги болаларда эҳтиёткорлик билан қўлланилиши лозимки, қайт қилиш каби ножўя таъсири кузатилади.

Ингаляциялар қилинг ва фарзандингизга турли шифобахш ўсимликлар (мойчечак, зубтурум, мармарак) дамламаларини беринг. Бу ўсимликлар йўтални юмшатиб, нафас йўлларининг таъсирланган шиллиқ қаватини тинчлантиради ва шу билан бир қаторда яллиғланишга қарши хоссага ҳам эга.

Асал тенги йўқ шифо воситасидир. Фарзандингизни асал билан массаж қилинг (бу маҳсулотга нисбатан аллергияси бўлмаса, албатта). Бир чой қошиқ асални 40 даража ҳароратгача илитиб, қўлингизга олиб, кўкрак (тўш усти) ва икки курак орасига яхшилаб ишқалаб суртинг.

Икки-уч кундан сўнг йўтал намли бўлиб (яъни «юмшаб»), балғам чиқиш бошланганда шифокорингиз балғам кўчирувчи (муколитик) дори буюради.

Агар болангиз муколитик препаратлар қабул қилса, кўпроқ суюқлик (чой, сув, мева шарбати) истеъмол қилиши лозим.

Узоқ муддат давом этувчи йўталда, айниқса, нафас олиш ва чиқариш ҳуштаксимон товуш ва хириллаш билан бирга кечса, ҳансираш пайдо бўлган бўлса, болангизни албатта шифокорга олиб боринг (пневмония ва обструктив бронхитни истисно қилиш мақсадида).

Бразилия халқ табобати усулидан фойдаланиб кўринг: бананли пюре тайёрланг. Бу пюре болангизга хуш келади. 1-2 дона бананни яхшилаб эзиб, озгина қайнатилган илиқ сув ва асал қўшинг. Фарзандингиз бу пюрени кун давомида еб битирсин. Ёки яна бир усул: анжирни сутда паст оловда қайнатинг ва болангиз анжир доначаларини еб, сутни илиқ ҳолда ичсин.

Иссиқ оёқ ванналари, кўкрак қафасини ишқалашни фақатгина юқори ҳарорат бўлмаган пайтда амалга ошириш мумкин!

Агарда грипп ёки шамоллашдан сўнг йўтал анчагина давом этса, ҳаттоки тез-тез безовта қилмаган тақдирда ҳам болангизни аллерголог ёки пульмонологга кўрсатинг. Чўзилиб кетган йўтал астматик бронхитнинг эрта аломатларидан бири бўлиши мумкин. Астматик бронхит эса астмага айланиб кетиши ҳеч гап эмас. Грипп, парагрипп, респиратор-синцитиал вируслар ва аденовируслар нафас йўллари эпителий қаватини шикастлаб, аллергенларнинг организмга киришига ва бронхлар юқори сезувчанлиги ва таъсирчанлигига олиб келади. Соғлом болаларда мазкур ҳолат ўткир респиратор вирусли касалликдан сўнг 2-6 ҳафта мобайнида давом этади. Айнан шу даврда фарзандингизнинг нафас тизимини асраш лозим: бу даврда астма билан касалланиш хавфи ниҳоятда юқори бўлади!

Агар нам (яъни балғамли) йўталда йўтал рефлексини тормозловчи дори воситасини (кодеин, либексин каби) болангиз қабул қилса, бронхлари шиллиққа тўлиб, нафас олиш қийинлашади. Таркибида кодеин бўлган дори воситалари ёш болаларга тавсия этилмайди.

Фарзандингизни инфекциялардан асранг

– Бола кўпроқ ухласин, кундузи ҳам. Уйқу иммунитетни тикловчи энг яхши воситадир.

– Болаларнинг кўчадаги одамлар билан мулоқотини чекланг, айниқса, совуқ кунларда.

– У билан кўпроқ сайрга, яхшиси, бирга табиат қўйнига чиқинг, бундай болалар шаҳар ташқарисига чиқмайдиган тенгқурларига нисбатан камроқ касалланадилар.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!