TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

ШИФОГА КОН ШАРБАТЛАР

Шарбаттерапия парҳезнинг бир туридир. Маълум кунларда сабзавот ёки меваларнинг янги сиқиб олинган сувини истеъмол қилиш орқали тана турли дардлардан халос бўлади. Шарбатлар организмга куч бағишлашини ва касалликлардан тезроқ тузалишга ёрдам беришини одамлар қадим замонларданоқ билишган. Аммо бу борадаги клиник тадқиқотлар анча кеч – 1951 йилда немис врачи Ойген Хойн томонидан ўтказилди. Шундан кейин шарбаттерапияга эътибор бутун дунёда кучайди.

Сабзавотларнинг суви турли витаминлар ва биологик фаол моддалар – клетчатка, органик кислоталар, пектин, эфир мойларига бой. Бирор сабзавотнинг сувини сиқиб олдингизми, узоғи билан ярим соат ичида ичинг. Чунки дақиқалар ўтгани сайин унинг шифобахшлик хусусиятлари камайиб бораверади.

Сабзавотлар сувини овқатланишдан ярим соат олдин ёки 1,5-2 соат кейин ичган маъқул. Истасангиз, ичимлик суви (яхшиси, қайнатиб, совитилгани) аралаштиришингиз мумкин, лекин асло шакар ёки туз қўша кўрманг. Сабзавот сувини шошилмай, қултумлаб ичинг. Гап шундаки, оғиздаги сўлак билан аралашган бундай сув яхшироқ ҳазм бўлади.

Шарбаттерапияни бошлашдан олдин шифокор билан маслаҳатлашинг, акс ҳолда билиб-билмай ичилган шарбат касалликни даволаш ўрнига зўрайтириб юбориши, аллергик реакцияларга сабаб бўлиши мумкин. Шарбатни организмингиз тилаганича ичинг, ортиқчасига ўзингизни зўрламанг. Одатда яхши самарага эришиш учун кунига 600 мл ичилади, лекин организм ўрганиши учун 50 мл.дан бошланг.

ҚОН ВА ИММУНИТЕТ УЧУН. Сабзи сувида витаминлардан А, В, С, D, Е, К мавжуд. У иштаҳани очади, ҳазм ишини яхшилайди, тишларни ва иммунитетни мустаҳкамлайди, тери ва кўзлар учун фойдали. Лекин сабзи сувини ҳаддан ортиқ ичиш ярамайди, чунки у ёғда эрийдиган А витаминига бой бўлиб, унинг ортиқчаси гипервитаминоз ва жигар фаолиятининг бузилишига олиб келиши мумкин.

Лавлаги (қизилча) суви қон учун жуда фойдали – эритроцитлар ҳосил бўлишини рағбатлантириб, гемоглобинни оширади. Гипертония, атеросклероз ва уйқусизликда ёрдам беради, шунингдек, у жигар, буйрак, ўт қопини тозаловчи восита ҳамдир.

ҲАЗМ УЧУН. Карам сувининг таъми кўпчиликка ёқмайди, лекин озишни ва организмни тозалашни истасангиз, чидашингизга тўғри келади. Бундан ташқарии, карам суви қабзият, кислоталик пастлиги билан кечувчи сурункали гастрит, ошқозон ва ўн икки бармоқ ичак яраси, жигар ҳамда талоқ касалликларида тавсия этилади.

Картошка сувининг таъми ҳам мақтагулик эмас, лекин у карам суви сингари ҳазм иши билан боғлиқ муаммолардан қутулишга ёрдам беради, қолаверса, нерв тизими учун фойдали. Унутманг: қандли диабетнинг оғир турида ва ошқозон шираси пасайганда картошка суви мумкин эмас.

Карам ва картошка сувлари таъмини яхшилаш учун нафақат бир-бири билан, балки бошқа сабзавотлар суви билан ҳам аралаштириш мумкин. Масалан, бодринг, лавлаги ва сабзи сувлари. Кунига ана шундай аралашмадан ярим литр ичсангиз, организмга катта ёрдам берган бўласиз.

ГЎЗАЛЛИК ВА ЁШАРИШ УЧУН. Сочларингиз чиройли бўлишини истасангиз, бодринг сувидан фойдаланинг. У минерал тузларга бой, таркибида калий, кальций, натрий ва фосфор бор. Бодринг суви ажойиб пешоб ҳайдовчи восита ҳисобланиб, атеросклерознинг олдини олади, хотирани яхшилайди, юрак ва томирларни мустаҳкамлайди, тишлар, милк ҳамда тери учун фойдали. Бир кунда 100 мл.гача бодринг суви ичиш мумкин. Уни томат суви, қора смородина ёки олма шарбатига аралаштириб ичилса, таъсир янада кучаяди. Сабзи ёки лавлаги сувига аралаштирилгани тери касалликларида яхши таъсир кўрсатади.

Томат (помидор) суви таркибидаги фитонцидлар ичак ишини яхшиласа, калий юрак фаолияти учун керак, органик кислоталар эса моддалар алмашинувига кўмаклашади. У аскорбин кислотага бойлиги жиҳатидан цитрус мевалардан асло қолишмайди. Бир стакан томат суви ичсангиз, организмнинг каротин ва витамин С га бўлган бир кунлик эҳтиёжини қондирган бўласиз. Томат сувини қовоқ сувига ёки олма, лимон шарбатларига аралаштириб ичиш мумкин.

Сельдерей суви қадим замонлардан бери куч-қувват манбаи ҳисобланади. У иштаҳани очади, ҳазм ишига ёрдамлашиб, вужудимизни шлаклардан тозалайди, айниқса, моддалар алмашинуви бузилганида ва семизликда фойдали. Оғир жисмоний меҳнатдан кейин ичилган сельдерей суви одамни тетиклаштиради.

ЮРАК УЧУН. Витаминларга бой (С, РР, каротин, В гуруҳидагилар) қовоқ суви пешоб ҳайдовчи яхши восита саналади. Юрак касалликлари, гипертония, семизлик, холециститда тавсия этилади. Бундан ташқарии, гемоглобинни кўпайтириб, организмдан ёмон холестеринни чиқариб ташлайди ва юрак-қон томир тизимини мустаҳкамлайди. Қовоқ сувини кунига 3 маҳал, овқатланишдан олдин ичинг.

Қовоқча (кабачок) суви камқонлик, нерв, юрак, жигар ва буйрак касалликлари, гипертонияда фойдали. Қовоқча сувини ҳам қовоқ суви каби олма шарбатига аралаштириб ичган маъқул.

БУЛАРНИ УНУТМАНГ!

– Сабзи суви билан даволанаётганда крахмалли маҳсулотлар (масалан, картошка) ва хамир овқатлар емай турган маъқул. Сабзининг сувини сиқиб олгач, сузинг. Озроқ қаймоқ қўшинг, чунки ёғ витамин А нинг ўзлаштирилиши учун зарур.

– Лавлаги сувининг ўзи бош айланиши ва кўнгил айнишига сабаб бўлиши мумкин, шунинг учун, яхшиси, бироз совиткичда сақлагач, сабзи суви билан 1:3 нисбатда аралаштириб ичинг. Лавлаги суви билан даволанаётган пайтда вақтинча гўшт ва балиқ еманг.

– Карам сувини илиқлигича ичинг ва ҳеч қачон туз қўшманг, акс ҳолда у шифо эмас, зарар келтиради. Карам қоринни дам қилиши мумкинлигини унутманг, шу сабаб метеоризмга мойиллар карам сувини эҳтиёткорлик билан ичишлари керак.

– Ошқозон-ичак, жигар ва ўт йўллари касалликлари ва хасталикларнинг ўткир даврида сабзавотлар сувини ичимлик суви билан 1:3 нисбатда аралаштириб ичинг.

– Шарбаттерапиянинг энг асосий қоидаси меъёрга риоя қилишдир.

– Лавлаги сувини аввалига кунига 1 чой қошиқдан ичиб, аста-секин 1/3 стаканга етказинг. Лавлаги суви ичимликнинг энг кўпи билан учдан бирига тенг бўлиши керак.

– Карам суви кунига 3-4 маҳал, овқатланишдан 40-50 дақиқа олдин 1 стакандан, томат суви эса кунига 3 маҳал ярим стакандан ичилади.

– Редиска, турп, пиёз, саримсоқ ва ерқалампир суви кўпи билан 1-2 чой қошиқдан, бошқа шарбатларга аралаштирган ҳолда ичилади.

ТАҚИҚЛАР БОР! Шарбаттерапия қанчалик фойдали бўлмасин, энг аввало шифокор билан маслаҳатлашинг. Чунки унга қарши ўзига яраша тақиқлар мавжуд. Айтайлик, одамнинг иммунитети паст бўлса, бактериал инфекция хавфининг олдини олиш учун пиширилмаган сабазавот ва мевалар истеъмол қилмаган маъқул. Шунингдек, қонида қанд миқдори кўпайган кишилар ҳам эҳтиёт бўлишлари керак: шаратдаги қанд тезгина сингиб, қонга ўтади. Ҳазм тизимида муаммоси борлар эса нордон шарбатлар (олма, смородина, цитрус)дан ҳазир бўлишсин. Хуллас, қайси шарбатни қанча ичиш кераклигини, яхшиси, парҳезшунос врач белгилаб берсин.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!