TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Шикастларда биринчи ёрдам (1-мақола)

Ҳамида СОДИҚОВА,
ТДПУ кафедра мудираси, доцент.
Сир эмаски, ҳар куни кўз олдимизда у ёки бу фалокат юз бериб туради. Жабрланувчининг ҳаёти теградагиларга боғлиқ бўлган ушбу кезда афсуски, кўпчилик биринчи тиббий ёрдам бериш услубини билмасдан ҳангу манг бўлиб тураверади. Зеро, шу дамда илк тиббий ёрдамни кўрсатишни оқилона уддалаш шикаста кишининг келгуси тақдирида ўчмайдиган из қолдириши мумкин. Биринчи тиббий ёрдам кўрсатишни билиш фақатгина шифокорлар бурчи эмас, балки ҳар бир киши билиши лозим бўлган тадбирлар мажмуидир. Қуйида ҳар хил бахтсиз ҳолатлар рўй берганда кўрсатилиши зарур бўлган биринчи тиббий ёрдам сабоқларидан баҳраманд бўласиз.
Шикастланган жойга дарҳол ҳўл сочиқ ёки музли халта қўйилади. Чунки бунда оғриқ камаяди, шиш ва ички қон қуйилишнинг олди олинади.
Пайлар чўзилганда қисувчи боғлам ёрдам беради. Бўғимлар шикастланганда, пайлар чўзилганда қўл-оёқни боғлаш ёки қимирлатиш мумкин эмас.
Юз урилганда тери кўкариб қолмаслиги учун музли, қорли халта, совуқ сувда хўлланган сочиқ қўйилади. Агар шикастланган жой барибир кўкарса, эртаси куни 2-3 маротаба иссиқ сувли грелка, қизиган қум солинган халтача қўйилади.
Бурун қонаганда беморни бошини пастга энгаштириб бурун ичига пахта, бурун устига совуқ нарса қўйилади. Бошни орқага ташлаш мумкин эмас. Чунки бунда қон бурун-ҳалқумга бориб бемор уни ютиши, оқибатда қайт қилиши ва нафас йўлларига қусуқ тиқилиши мумкин. Агар бу тадбир фойда бермаса, жабрланувчи дарҳол даволаш муассасасига жўнатилади.
Бурун ёки қулоқдан сувдек рангсиз суюқлик ёки қоннинг оқиши, кўзлар атрофини кўкариши нохуш аломат ҳисобланади. Бу белгилар миянинг оғир шикастланишидан далолат беради.
Калла суяги синиши ва ёрилишида томирлар тортишиши (талваса), баъзида қўл-оёқ шол бўлиши, хушдан кетиш, қусиш аломатлари кузатилади. Бундай ҳолатда зудлик билан «тез ёрдам» чақирилади. Шифокор келгунига қадар жабрланганнинг қусуғи, қони, сўлаги томоғига кетиб қолмаслиги учун ёнбошлаб ётқизилади. Бемор ҳушидан кетган бўлса, оғиз бўшлиғи бармоққа стерил дока ўраб артиб ташланади.
Бўғимлар чиқиши— жиддий шикастланиш ҳисобланади. Бўғимлардан ташкил топган суяклар сурилиб пайлар, боғламлар чўзилиши оқибатида кучли оғриқ юзага келади. Чиққан суяклар тананинг бошқа жойидан бўртиб чиқади, қон-томирлар, асаб толалари шикастланади.
Биринчи тиббий ёрдам кўрсатишда шикастланган жойни қимирлатмаслик керак. У жойни махсус шина ёки тахтакач қўйиб тоза дока билан боғланади. Оғриқ зўрайганда беморга бирор бир оғриқ қолдирувчи дори воситаларидан берилади. Бўғим чиққан жойга совуқ сув солинган грелка ёки ҳўл сочиқ қўйилади.
   
Суяк синганда  жабрланувчи қаттиқ оғриқ сезади, жароҳатланган жой шишади, қон тўпланиши, шикастланган қўл ёки оёқ ҳаракати бузилиши кузатилади. Синган жойни қимирлатмаслик, очиқ синганда суякларни ўзбошимча жойига қўйиш мумкин эмас. Чунки бу ҳолатда бемор қаттиқ оғриқдан карахт (шок) ҳолатга тушиши мумкин.
Ёпиқ синишда суяклар сурилиши ҳамда юмшоқ тўқималарнинг шикастланишини камайтириш мақсадида жароҳатланган бўғим кўтариб боғлаб қўйилади.
Очиқ синишда жароҳат жойида суяклар кўриниб турса, бемор қон кўп кетишини кўриб карахт бўлмаслиги ва инфекция тушмаслиги учун стерил дока билан боғлаб, қон тўхтатилади. Шикастланган жойни боғлашда тоза рўмол, боғлам, тасма, тахтакачдан фойдаланилади.
Елка олди қисми синишида  қўлнинг тирсак қисми букилиб,  тоза мато билан ўраб, елканинг ташқи ва ички томонидан шина қўйиб, стерил дока билан боғланади. Қўл боғлами бўйин орқали ўтказилади. Оғриқ ва шиш юзага келмаслиги учун қўлни пастга туширмаслик керак.
Умуртқа синишида  айниқса бўйин ва кўкрак қисмларида тана шол бўлиши хавфи бўлади. Жабрланганга 2-3 киши ёрдам кўрсатади. Беморни текис тахта, ҳеч бўлмаганда ечилган эшик устига чалқанча ётқизиб боғланади. Умуртқанинг бўйин қисми шикастланганда беморни бош ва бўйнининг икки ёнига кийимлардан ёстиқча ясаб қўйилади.
Қовурғалар синганда  оғриқни камайтириш учун кўкрак қафаси бинт, сочиқ ёки чойшаб ёрдамида қисиб боғланади.
Ўмров суяги  синганда рўмол ёки устки кийим ёрдамида қаттиқ боғланади.
Калла суяги синганда  (автоҳалокат, тепаликдан сакраш оқибатида) жабрланувчи чалқанча ётқизилиб, бошнинг икки ёнига юмшоқ ёстиқча қўйиб боғланади.
Тос суяги синганда кўпинча ички аъзоларнинг шикатланиши ва карахтлик вужудга келади. Жабрланувчини эҳтиёткорлик билан текис тахта устига ётқизиб боши тагига юмшоқ ёстиқча қўйилади. Оёқларни тиззаларидан букиб, бир оз ён тарафларга ёйилади (қурбақа кўринишида) тиззалар тагига кийимларни думалоқлаб қўйилади.
Жағ синганда – талаффуз ва ютиниш қийинлашади. Кучли оғриқ сезилади. Оғиз ёпилмайди. Жағни қимирлатмаслик учун иякни тиббий докада бош билан ўралади. Тепа жағ синганда устки ва пастки тишлар орасига шина қўйиб ияк бошга қараб боғланади.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2017 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!