TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Системали қизил волчанка

Системали (тизимли) қизил волчанка – оғир кечадиган сурункали касаллик бўлиб, қон томирлари, тери, барча ички аъзолар бириктирувчи тўқимасининг шикастланиши билан кечади. Бу касаллик кўпинча ёшларда (айниқса, аёллар ва қизларда), касалликка мойил бўлган кишиларда учрайди. Системали қизил волчанка касаллигида ички аъзоларнинг зарарланиши асосий ўрин тутади.

Касалликнинг келиб чиқишида РНК гуруҳига тааллуқли секин таъсир қилувчи вирус асосий сабабчи ҳисобланади. Касаллик пайдо бўлишида ирсий мойиллик, ревматизм ва баъзи аллергик касалликлар билан оғриш, беморлар қонида қизамиққа қарши антитаналар борлиги, касаллик авж олишида ташқи муҳит таъсири, физиотерапия муолажалари, қуёш нури, дори-дармонлар қабул қилиш алоҳида ўрин эгаллайди.

Вирус таъсирида (баъзан вирусга қарши антитаналар таъсирида) шу касалликка мойиллик мавжудлигида иммунологик жавобни бошқариш ўзгаради: Т-лимфоцитлар камайиши ва В-лимфоцитлар фаоллигининг ортиши – гуморал иммунитетнинг фаоллигини оширади. Беморлар аъзои баданида назорат қилиб бўлмайдиган, ҳар хил тўқималарга, тана оқсилларига қарши антитаналар пайдо бўлади. Биринчи босқичда иммун бирикмалар пайдо бўлади ва улар аъзолар ва тўқималарда жойлашади (хусусан, майда қон томирларда), бу бирикмалар аъзоларни жароҳатлантиради ва иммун яллиғланишга олиб келади. Яллиғланиш ва бириктирувчи тўқиманинг зарарланиши натижасида янги антигенлар пайдо бўлади, бунга жавобан яна антитаналар кузатилади, шу тариқа касаллик сурункали кечади.

Системали қизил волчанка касаллигида барча аъзолар ва тўқималар зарарланади. Томирларда ва капиллярларда яллиғланиш кузатилади. Бириктирувчи тўқимада фибриноид некроз ривожланади, бу фибриноид парчаланган ДНК моддаларига бой бўлади. Ички аъзоларда қон томирларидаги ўзгаришлар билан бир қаторда лимфоид ва плазматик тўқималарнинг ичига ботган жойлари кузатилади. Баъзи аъзолардаги морфологик ўзгаришлар системали қизил волчанкага хос бўлиб, айниқса, талоқнинг марказий артериясида периферик склероз, буйрак коптокчаларида қон томирларининг қалинлашуви натижасида пайдо бўлган симга ўхшаш тугунчалар, юрак қопқоқлари ва эндокарднинг яллиғланиши билан ифодаланган волчанка эндокардити кўринишида ўтади.

Касалликнинг кечиши бўйича ўткир, ўртача ўткир ва сурункали давом этадиган турлари мавжуд.

Касаллик ўткир кечганда тез бошланади, кўп аъзолар жароҳатланади. Тез орада буйрак, юрак, ўпка, жигар ва марказий асаб тизими ҳам зарар кўради. Касаллик қайталанаверади, қисқа вақт ичида бемор ҳалок бўлиши мумкин.

Ўртача ўткир кечишда касаллик тери (дерматит) ва бўғимларнинг (полиартрит) жароҳатланишидан бошланади, бу ҳолат аста-секин бошқа аъзоларга ўтиб, полисерозит ривожланади. Касалликнинг авж олиши 5-6 йилдан сўнг бошланади, клиник белгилари кўп бўлади.

Сурункали кечишида касаллик аста-секин бошланади. Баъзи аъзолар билинар-билинмас, баъзилари кучли, йиллар ўтиб эса барча аъзолар зарарланади.

Касаллик белгилари ҳар хил бўлиб, аста-секин зўрайиб боради. Асосан 3 та «катта» белгиси билан ифодаланади: дерматит (терининг яллиғланиши), полиартрит (бўғимлар яллиғланиши), полисерозит (ҳар хил аъзолар сероз қаватида яллиғланиши, суюқлик йиғилиши).

Системали қизил волчанка кўп белгили касаллик бўлиб, тез ривожланиши, иккиламчи инфекция қўшилиши, салбий оқибати билан бошқа касалликлардан ажралиб туради. Касалликнинг клиник манзарасида аксарият бирор белги устунлик қилади. Касаллик кўпинча бўғимлар зарарланиши билан бошланади.

Бўғимларнинг зарарланиши (люпус артрит) деб аталади. Системали қизил волчанка билан оғриган деярли ҳамма беморларда ўткир ва сурункали артрит, полиартралгиялар кузатилади. Кўпинча бармоқлар, кафт, тизза, тўпиқ бўғимлари шикастланади. Ўткир яллиғланиш турида бўғимларда шиш, терисида қизариш, қаттиқ оғриқ, тошмалар пайдо бўлганлиги, бўғимлар қийшайиб, ҳаракати чегаралангани билан ифодаланади. Зарарланган бўғимлардаги оғриқ ва шиш орасида боғлиқлик бўлмайди. Кўпроқ тизза, тақим, билак, панжа бўғимлари зарарланади. Ўткир люпусартритда турғун бўғим етишмовчилиги кузатилмайди. Сурункали люпусартритда бўғимларда касаллик бошлангандан 10-15 йил ўтгач бўғимларнинг кўриниши ўзгаради, анкилоз ривожланади. Бўғимларнинг яллиғланиши носимметрик бўлиб, бўғим ўзгаришлари сезилар-сезилмаслиги, мускуллар ва суякларда яллиғланиш мавжудлиги билан ажралиб туради. Бўғимлар рентген нури ёрдамида текшириб кўрилса, майда бўғимлар эпифизида остеопороз белгиси, баъзан бўғим субхондриал пластинкасининг юпқаланганлиги аниқланади. Синовиал парда биопсияси ёрдамида ўткир ва ўртача ўткир синовит белгиларини топиш мумкин. Бўғимлардаги каби тери қопламларида ҳам касаллик белгилари топилади. Бурун усти ва ён атрофида қизил рангли «капалак нусха» тошмалар пайдо бўлади. Теридаги ўзгаришлар турлича кўринишда, турли турғунликдаги яллиғланиш белгилари билан кечади. Бу яллиғланиш қуёш нури, совуқ ҳаво, шамол каби таъсирлардан сўнг кучаяди. Бемор юзидаги «капалак нусха» қизиллик марказга яқинлашган сари кучайиб, яққоллашиб боради, тери ўзгаришлари бўйин, тўш, қўл ва оёқнинг кийим беркитмайдиган очиқ қисмида (балиқ тангачаларига ўхшаш гардишли эритема) ҳам кузатилади. Теридаги ўзгаришлар оғиз бўшлиғида, қаттиқ танглай энантемаси, стоматит, лаб бичилиши, тошмалар кўринишида ҳам учрайди. Беморлар тезда озиб кетадилар, сочлари тўкилади, ўчоқли каллик, соч толаларининг мўртлиги ривожланади. Тирноқлар мўртлашиб, синувчан бўлиб қолади, тери ва шиллиқ пардаларда трофик ўзгаришлар, яралар пайдо бўлади.

Системали қизил волчанка билан оғриган беморларнинг аксариятида сероз шиллиқ пардалар яллиғланиши (полисерозит) кузатилади. Плевра, перикард зарарланиши кўпроқ, қорин бўшлиғидаги шиллиқ парданинг зарарланиши эса камроқ учрайди. Шиллиқ пардалар яллиғланиши қуруқ ва серозли, серозфибринли, фибринозли суюқлик тўпланиши билан ўтиши мумкин. Беморларни эхокардиография қилганда юракнинг ташқи пардасида сероз ёки серозфибринли суюқлик борлиги аниқланади. Системали қизил волчанка учун турли аъзолар шиллиқ пардалари оралиғида суюқлик йиғилиши хосдир. Серозитлар қисқа вақт давом этганлиги сабабли беморларни текширганда плевроперикардиал чандиқлар, плевранинг ўчоқли қалинлашгани асосида ташхис қўйилади. Юрак қон-томирлар тизимининг зарарланиши системали қизил волчанка учун жуда хос белги бўлиб, люпус кардитда миокард ва эндокард зарарланади. Миокардит ўчоқли ёки ялпи бўлади. Бемор юрак уриши, ҳансирашдан шикоят қилади. Панкардит – юрак барча қаватларининг бирданига зарарланиши деярли учрамайди. Перикардит ва нотипик сўгалсимон Либман-Сакс эндокардити эхокардиографияда аниқланиши мумкин. Қуруқ перикардитда тўш суягидан чапроқда 3-4-қовурға оралиғида перикард ишқаланиш шовқини эшитилади. Либман-Сакс эндокардити учун юрак чўққисида дағал систолик шовқин ва I тоннинг сусайиши, ўпка артериясида II тон кучайиши характерлидир. Волчанка эндокардити юрак иллати – митрал қопқоқлар етишмовчилигига олиб келади.

Рейно белгиси системали қизил волчанканинг бошланғич давридаёқ кўринади, бу томирларнинг тизим яллиғланиши натижасидир. Бу касалликда қўл совиши, оқариб, кўкимтир тус олиши, увишиши, бармоқлар қорайиб, некрозга учраши мумкин. Беморларда гломерулонефрит ривожланиб, қон босимининг кўтарилиши, ангиопатиялар, мия қон томирларининг жароҳатланиши ривожланиши мумкин.

Системали қизил волчанка 2-4 йил давом этгач, ўпка зарарланади – люпус пневмонит. Беморларда нафас қисиши, қуруқ ёки балғамли (баъзан қон аралаш) йўтал, ҳансираш, кўкрак қафасида оғриқ бўлиши каби белгилар, ўпканинг пастки бўлакларида майда пуфакчали нам хириллашлар, крепитация эшитилиши кабилар билан ифодаланади. Рентген нури билан текширилганда ўпка тасвири шаклининг ўзгариши ва кучайиши, диафрагманинг юқори жойлашганлиги, гардишли ателектазлар кўриниши мумкин. Баъзан ўпканинг зарарланиши пневмосклерозга, ўпка ва ўпка-юрак фаолиятининг етишмовчилигига олиб келади.

Системали қизил волчанка касаллигида беморларда кўпинча буйраклар зарарланиши – люпус нефрит кузатилади. Люпус нефрит гломерулонефрит, нефротик белги, сийдикда ўзгариш кўринишида, кортикостероидлар ёрдамида даволанган беморларда қисман пиелонефрит кўринишида намоён бўлади. Системали қизил волчанка касаллигида буйракларда бўладиган ўзгаришлар шу касалликка хос бўлиб, радиоизотоп ренография, буйракларни пункция қилиб текшириш ёрдамида тасдиқланади.

Овқат ҳазм қилиш аъзоларининг системали қизил волчанка туфайли зарарланишида диспептик белгилар, баъзан қорин оғриши ва қорин пардасининг зарарланганлиги кузатилади. Бу касалликда баъзи беморларда гепатит бўлади, гепатит тез-тез қайталаниб туради (асосий касаллик фаоллашган даврда). Натижада жигар ва талоқ катталашади.

Баъзан системали қизил волчанка билан оғриган беморларда Шегрен белгиси учрайди, бу белги «қуруқ» белги деб ҳам юритилади. Бунга кўз шиллиқ пардасининг қуруқлиги, қуруқ стоматит, қулоқ олди ва пастки жағ безларининг яллиғланиб катталашиши киради. Марказий ва периферик асаб тизимининг зарарланиши – нейролюпус – бош мия ва унинг қобиқлари қон томирларининг зарарланиш белгилари билан ифодаланади. Қизил волчанка астеновегетатив белги: беҳоллик, тез чарчаш, бош оғриши, уйқу бузилиши, кўп терлаш, ҳаяжонланиш ёки тушкунлик, хотиранинг пасайиши билан кечиши, алаҳлаш, галлюцинациялар, полиневрит, кўндаланг миелит, менингоэнцефалит белгилари кузатилиши мумкин. Баъзан қуёнчиқ тутқаноғи, руҳий ўзгаришлар аниқланади.

Беморларда кўпинча ташқи лимфа безлари катталашади, пайпаслаб кўрилганда оғриқ сезилмайди. Тез чарчаш, озиш, камқувватлик ривожланади. Барча беморларда тана ҳарорати кўтарилади. Бундай беморларга антибиотик ва сульфаниламидлар ёрдам бермайди, глюкокортикоидлар яхши таъсир кўрсатади.

Қизил волчанка касаллиги ўткир кечганда касаллик беморнинг қисқа муддат ичида ўлими билан тугайди. Беморларнинг аҳволи касаллик туфайли ривожланган ўпка ва буйрак етишмовчилиги натижасида оғирлашади. Касаллик ўз вақтида аниқланиб, тўғри ва тўлиқ даволанганда беморлар 10 йил ва ундан ортиқ муддат яшашлари мумкин.

Системали қизил волчанкада даволаш тадбирлари касалликнинг кечиши, фаоллик даражаси, висцерал белгилар, беморнинг умумий иммунологик ва биологик ҳолатига кўра белгиланади. Касалликнинг ўткир даврида беморлар касалхонада даволанадилар. Уларга витаминларга бой озиқ-овқатлар, глюкокортикоид гормонлар берилади. Бу касалликда беморлар сиҳатгоҳ ва курортларга юборилмайди. Касаллар ўзларини қуёш нури таъсиридан, шамоллашдан, ҳар хил зардоблар олишдан, физиотерапевтик муолажалардан эҳтиёт қилишлари керак.

Ўткир Шаропов, тиббиёт фанлари доктори, профессор

Манба: “Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш” газетаси

'Системали қизил волчанка' have 1 comment

    li class="comment even thread-even depth-1" id="comment-3078">

    11.10.2017 @ 10:49

    Salommani 12 yoshli qizim 1 oy oldin kasal bõlib qoldi.isitmasi kõtarilib ketdi.badaniga qizil toshma toshdi.toshma isitma tushmagani sari kõpayib ketdi.toshma teri ostida edi.butun badanga yoyilib ketdi.Shifokorlar isitmasini 1 sutkada zõrğa tushirishdi.keyin qichisha boshladi..kõp shifokorlar tekshirishdi lekin xaligacha aniq tashxis qõyishmadi.qizimni 2-3 yildan beri oyoq qõllari oğrib turardi.oğriq kõchib yurardi.kuchli emas tezda õtib ketardi.tomoği xam tez tez oğrib qolardi.bir necha bor revma probaga qon topshirdik revmatizm chiqmadi.keyin isitma tushgach qayta chiqmadi.toshmalari keta boshladi.toshma 5-6kunda yõqoldi.yuzida kapalaknusxaga õxshash qizillik xam bor edi.labi bichilgan edi.shifokorlar qizil valchankaga shubxa qilishdi.toshmalar yõqolganligi yuzidagi kapalak nusxa xam ketganligi uchun.tasdiqlanmadi.xozir qizimni axvoli yaxshi.lekin qorni va oyoqlarini son qismida biroz pigmentatsiya qolgan.iltimos mutaxassislar menga yordam bering.qizimda bu oğir kasallik bor yõqligiga ishonch xosil qilushim kerak.kunu tun shu xaqda õylayapman.qizil valchankada yuzdagi babichka yõqoladimi yoki turadimi.javob uchun oldindan raxmat.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2017 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!