TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

СОҚОЛ ҚИРТИШЛАШ ҚОИДАЛАРИ

Тарихий манбаларда келтирилишича,милоддан тахминан икки минг йил муқаддам Мисрда ёйсимон бронза устаралар ишлатила бошланган. Инсоният тарихида темирдан ясалган устара эса илк бор Рим империясида пайдо бўлди, ўша устаралар ҳозиргиларига жуда ўхшаган экан. Маш­ҳур саркарда Искандар Зулқарнайн жангга киришдан олдин барча аскарларига соқол олишни буюрган, чунки душман аскарнинг соқолидан ушлаб, уришиши мумкин эди-да.

Вақт ўтгани сайин соқол олиш воситаларию қоидалари такомиллашиб борди. Замонамиз эркаклари соқол қиртишлашда деярли ҳеч қандай муаммога дуч келишмайди, фақат бу жараёнда ўзига хос гигиена қоидаларини унутишмаса бўлгани.

Соқол кунига ўртача 0,5 мм ўсади. Бу соқолга икки йил давомида тиғ тегизилмаса, узунлиги 30 сантиметрга етиши мумкин дегани. Аммо замонамиз эркаклари бунга асло рози бўлмасликлари аниқ. Ахир соқол олиш учун бор-йўғи 10 дақиқа вақт кетади, холос. Бироқ тома-тома кўл бўлур деганларидек, эркак киши умри бўйи 4-5 ой вақтини айнан соқол олишга сарфлар экан.

Соқол олиш воситаларининг арзонига уча кўрманг, акс ҳолда ўз терингиз зарар кўради. Соқол чўтканинг сифатлисини танланг (бўрсиқ жунидан тайёрлангани энг яхши ҳисобланади). Лезвия доим ўткир бўлсин, сал ўтмаслашганини сездингизми, янгисига алмаштиринг.

Электр устара ишлатишга аҳд қилсангиз, техниканинг мазкур ютуғини сотиб олишда диққатлироқ бўлинг. Электр устаранинг битта тиғи айланиб, иккинчиси эса узунасига соқол олса, кўнгилни тўқ қилиш мумкин. Анъанавий устарадан фойдаланувчилар эса лезвия пўлатининг сифатига эътибор беришлари лозим.

Соқол олишдан аввал терини юмшатиш учун илиқ сув билан ювинг. Худди шундай сувда соқол чўткани ҳам намланг ва юзингизга крем (ёки илиқ сувда ювилган совун кўпиги) суртинг. Қуюқ кўпик пайдо бўлсин. Кейин устарани ҳам илиқ сувга ботириб олинг. Устарани бўйиндан бошлаб, эҳтиёткорлик билан, аввал тук ўсган тарафга қараб, кейин эса тескарисига юргизинг. Соқол кўп ўсган жойларга устарани қаттиқроқ босиб, терини шила кўрманг, яхшиси, устарани кўпроқ юргизинг. Ахир тери нозик аъзо, кетмон чопиладиган томорқа эмас. Агар терида ҳуснбузар ёки шилинган жойлар бўлса, янада диққатлироқ бўлишга тўғри келади, уларга соқол олишдан аввал одеколон суртган маъқул.

Соқолни олиб бўлгач, юзингизни ювинг, артинг ва махсус крем суртинг. Агар терингиз қуруқ бўлса, спиртга бой кремдан фойдаланмаганингиз маъқул. Бунинг ўрнига лосьон ёки қуруқ тери учун алоҳида крем ишлатса бўлади.

Электр устара билан соқол олишдан олдин юзга яхшилаб крем суртиш керак, шунда туклар қаттиқ бўлади ва устаранинг қириши осонлашади. Айтайлик, узоқ муддат оддий устарадан фойдаланиб, кейин электр устарага ўтган бўлсангиз, бу сизга бир мунча қийин, натижа у қадар яхши чиқмаётгандек туйилиши мумкин. Лекин хулоса чиқаришга шошилманг, тери соқол олишнинг янги усулига ўрганиши керак.

Қанақа устарадан фойдаланманг, соқол олиб бўлгач, юзингизни албатта лосьон билан артинг.

Баъзан соқол олгандан сўнг тери кесилса ёки шилинса, 3 фоизли водород пероксиди ёки йод суртиш мақсадга мувофиқ.

Ҳеч қачон бировнинг соқол оладиган ускуналаридан фойдалана кўрманг, бирорта тери касаллигини юқтириб олишингиз мумкин.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!