TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

ТАНАМИЗНИНГ УСТУНИ – УМУРТҚА ПОҒОНАСИ

Умуртқа поғонаси бир-бирининг устида жойлашган 33-34 та умуртқалар йиғиндисидан ташкил топган бўлиб, у ўтиришимизга, турли томонга эгилишимизга ҳамда бошимизни айлантиришга имкон беради.

Умуртқа поғоналари ўртасида эгилувчан тоғайлар – умуртқалараро диск жойлашган бўлиб, улар тизза, сон ва бошқа бўғимлардан келаётган зарбани юмшатади. Бу ўзига хос «хавфсизлик ёстиқчалари» бўлиб, зарба вақтида шикастланишдан асрайди.

Қорин ва кўкрак соҳасидаги деярли барча мушаклар умуртқа билан туташган. Маконда ҳаракатланишга ҳамда оғирликни кўтаришга ёрдам берадиган устки мушаклардан ташқари ички мушаклар ҳам мавжуд бўлиб, у ички аъзоларимизни ушлаб туради, оғирлик кучига қаршилик кўрсатишга ва вертикал ҳолатда туришга ёрдам беради.

Мазкур тизимларнинг ҳаммаси бошқалардан фарқли ўлароқ чидамли ва жуда катта юкни кўтаришга қодир. Мана, масалан, бел соҳасидаги умуртқалараро диск 420 кг юкни кўтаришга қодир! Бошқача айтганда, соғлом одам енгил автомобилни кўтариб, бошқа жойга ўтказиб қўйиши мумкин. Лекин шулардан биттаси сафдан чиқса борми, тамом, муаммо бошланди деяверинг.

Хавфли душманлар

Умуртқа касаллигини келтириб чиқарувчи жуда кўп сабаблар мавжуд. Улар орасидан асосий хавфли омилларни санаб ўтамиз.

– Семириш (ортиқча вазн) – умуртқага тушадиган механик юкни кўпайтиради.

– Чекиш организмдаги тикланувчи жараёнлар ва моддалар алмашинувини ишдан чиқаради.

– Кам ҳаракат турмуш тарзи умуртқага тушадиган статик юкни кўпайтиради, умуртқанинг шаклини тўғри сақловчи мушаклар тонусини камайтиради ва гавданинг нотўғри ривожланишига сабаб бўлади.

– Гавдани нотўғри тутиш умуртқанинг патологик қийшайишига олиб келади.

– Ҳаддан ташқари жисмоний зўриқиш – умуртқага тушадиган юкни кўпайтиради.

Огоҳлантирувчи белгилар

Кўпчилигимиз белимиз чидаб бўлмас даражада оғрий бошлаганда шифокорга мурожаат қиламиз. Бироқ умуртқа биринчи сигналларни анча олдин жўнатади. Бунга қуйидагилар киради:

– эрталаб ўриндан турганда бел ёки бўйиндаги оғриқ;

– бошни орқага ташлаганда нохуш ҳис;

– бош оғриғи ва бош айланиши;

– чуқур нафас олиб чиқарганда курак соҳасида нохуш ҳис;

– қўл ёки оёқнинг сал увишиши;

– кескин ҳаракат қилганда оғриқ;

– бел мушакларининг ҳаддан ташқари зўриқиши ва сиқиқлиги.

Белдаги такрорланувчи ва узоқроқ давом этувчи ҳар қандай ноқулайлик (ҳатто, озгина бўлса ҳам) эътибор талаб қилади! Бундай вазиятларда, албатта, шифокор билан маслаҳатлашинг. Бу нафақат аломатларни енгиллаштириш, балки, биринчи навбатда, умуртқанинг кейинги шикастланишларининг олдини олиш учун ҳам зарур.

Бел нега оғрийди?

Белингиз оғрияпти, орқангиз тортилиб қолгандай, умуртқангиз санчиб қолди… Бундай нохуш ҳисни қай биримиз бошимиздан кечирмаганмиз?! Боз устига, улар айни ноқулай дамда пайдо бўлади. Сабаблари жуда кўп, лекин кўпинча белдаги оғриқ умуртқа ишидаги навбатдаги бузилишлар билан боғлиқ бўлади.

Умуртқаларо диск чурраси белдаги азобли оғриққа сабаб бўлиши мумкин. Касаллик умуртқалараро дискнинг толасимон ҳалқаси ёрилиши натижасида пайдо бўлади. Бунда ҳосил бўлган чурра орқага ва ёнга дўппайиб чиқиб, орқа мия каналидан чиқувчи нерв илдизларини эзиб қўяди. Яллиғланиш бошлангандан сўнг шиш ҳосил бўлади.

Бўйин радикулити кўпинча умуртқанинг бўйин соҳаси умуртқалараро диск чурраси асорати ҳисобланади. Касалликнинг сабаби орқа мия нерв илдизларининг қисилиши билан боғлиқ. Масалан, умуртқа таналарининг ёшга оид ўзгаришлари туфайли улар орасидаги масофа қисқаради. Ёки касаллик нерв яқинида жойлашган мушакларнинг яллиғланиши туфайли ривожланади.

Ўткир бел-думғаза радикулити (люмбаго, бел санчиғи) фақат кексаларда учрамайди. Бел соҳасида тўсатдан пайдо бўлган кучли оғриқ одатда ён томонга айланиш билан бир вақтда олдинга эгилганда содир бўлади.

Умуртқанинг қийшайиши (сколиоз). Умуртқага орқадан қараганингизда тўғри бўлиши керак. Бироқ баъзи одамларда у S кўринишини олган бўлади. Умуртқа анчагина қийшайган бўлса, ҳаракатланганда ҳам оғриқ юзага келади.

Остеохондроз. Бунда умуртқани ўраб турувчи мушак ва пайларда моддалар алмашинуви жараёни бузилиши содир бўлади. Ёш ўтган сайин муайян омиллар таъсирида умуртқа поғоналарининг ўзи ҳам ўзгаради – ўсимта ва дўмбоқлар пайдо бўлади. Улар ёрдамида организм шикастланган умуртқа поғоналарини тиклашга ҳаракат қилади. Умуртқалараро дискларнинг суяк ва тоғай тўқималарида емирувчи жараёнлар туфайли оғриқ пайдо бўлади, шикастланган бўғимларда ҳаракат чекланади, невралгия, радикулит, сколиоз каби касалликлар келиб чиқади.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!