TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

ТАОМЛАР ТУЗАЛИШГА ЁРДАМ БЕРАДИ

Маълумки, инсон саломатлиги кўп жиҳатдан овқатланишига боғлиқ. Агар хасталаниб қолсангиз, баъзи озиқ-овқат маҳсулотларини чеклашингизга, баъзиларини эса кўпроқ истеъмол қилишингизга тўғри келади. Бу эса дардни енгишингизга ёрдам беради.

Масалан, ошқозон кислоталигиги ошганда овқатланишдан олдин 1 стакан янги карам ёки сабзи суви ичиш ёрдам беради. Картошка, консерва маҳсулотлари ва шакарга ботирилган мевалардан еб туриш эса кислоталилик пасайганида тавсия этилади.

Ич қотишига қарши йирик тортилган ундан ёпилган нон, лавлаги, сабзи, олма, карам ва апельсин ейишингизни маслаҳат берамиз. Картошка эса ичак қисқаришини секинлаштириб, қабзиятга сабаб бўлиши мумкин. Кечқурун ухлашга ётишдан олдин 1 стакан қатиққа 1 ош қошиқ ўсим­лик ёғини аралаштириб, ичиб юборинг. Эрталаб, албатта, натижасини биласиз.

Агар организмда оқсил миқдори етарли бўлса, стресс ва толиқишга қарши бемалол кураша олади. Оқсилни гўшт, балиқ, сут, тухум, пишлоқ, гуруч, ёнғоқдан топишингиз мумкин. Бундан ташқари, мияни витамин В билан «боқиб» туришнинг ҳам фойдаси катта. Мазкур витамин  сули, дуккакли маҳсулотлар, ёнғоқ,  жигар, товуқ гўшти ва тухум сариғида мавжуд.

Организмда натрий тузларининг етишмаслиги баъзи ҳолларда терининг қу­руқ­лашиши ва сочда қазғоқлар пайдо бўлишига олиб келади. Бунда бринза,  пишлоқ ва нон енг.

Олхўри, узум, апельсин ревматизмга чалинган беморлар учун фойдали ҳисобланади.

Остеопороз кальций етиш­мас­лиги натижасида келиб чиқади. Ушбу унсур танқислигига чек қўйишда сут-қатиқ маҳсулотлари, тухум, сабзавотлар, балиқ ва гўшт ёрдам беради.

Томирлар спазми, гипертония, ўт қопи, бачадон ва жинсий аъзолар спазмида магнийнинг аҳамияти катта. Мазкур модда буғдой, сули ва гречиха ёрмаларида, сариёғ, ёнғоқ, ловия ҳамда қуруқ меваларда бор. Шунингдек, вақти-вақти билан лавлаги шарбатидан ҳам ичиб туришни унутманг.

Шамоллашга қарши витамин С фаол курашади. Цитрус мевалар, помидор, картошка, наъматак, карам, қора смородина ушбу витаминга бой. Энг яхши муолажа – лимонли чой.

Ҳиқилдоқ ва милклар яллиғланса, тухум оқини ярим стакан сувга аралаштиринг ва оғзингизни ча­йинг. Тухум таркибида лизоцим моддаси бўлиб, у яллиғланишни бартараф этади ва иммунитетни мустаҳкамлайди. ҳиқилдоқ ва милклар яллиғланганда ўткир таъмли овқатлардан тийилинг.

Кўриш қобилиятингиз пасайиб кетаётган бўлса, таркибида витамин А бўлган сабзи, пиёз, помидор, апельсин, ўрик, тухум сариғи ва сариёғ енг.

Организмнинг витамин Е билан таъминланиши соч тўкилишини камайтиради. Уни ўсимлик ёғи (кунгабоқар, маккажўхори), наъматак меваси, тухум сариғи, нўхат, ловиядан  топишингиз мумкин бўлади.

Бодринг суви соч ўсишини яхшилайди.

Агар организмда калий тузлари етишмаса, сизни аритмия безовта қилиши мумкин. Бундай пайтда кўпроқ майиз, мол гўшти ва балиқ истеъмол қилинг.

Юрак ёки буйрак фаолиятининг бузилиши натижасида танага шиш келиши эҳтимоли бор. Аниқланишича, 1 грамм целлюлоза организмдан 4-5 грамм сувни чиқариб юборар экан. Демак, танага шиш келганида целлюлоза бой маҳсулотлар еган маъқул: сабзи, бодринг, карам, укроп, беҳи, апельсин, нок, шафтоли, творог.

Қон таркибида холестериннинг кўпайиб кетиши атеросклероз касаллигига сабаб бўлиши мумкин. Таомномангиздан ҳайвон ёғлари, қай­моқ, тухум ва  жигарни иложи борича қисқартиринг. Холестеринни нўхат, ловия, қулупнай, малина, смородина билан «ҳайдаса» бўлади.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2017 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!