TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

ТАРҚОҚ СКЛЕРОЗ – “КАТТА ЁЛҒОНЧИ”

Ушбу хасталик марказий асаб тизимининг тарқоқ неврологик аломатлари билан кечувчи сурункали ва ривожланувчи касаллик бўлиб, асаб тизимида миелин моддаси жароҳатланиши туфайли келиб чиқади. Миелин бош мия, орқа мия ва периферик асаб тизими нейроглиал ҳужайраларининг асосий таркибига киради ва бу оқсил ҳамда липид моддаларидан иборат. Унинг асосий вазифаси – асаб толалари бўйлаб импульслар ўтишини таъминлаш. Шунинг учун миелин моддаси жароҳатланса, турли тарқоқ неврологик аломатлар ҳосил бўлади ва ривожланиб боради. Ушбу модда орқали парчаланган жойларни астроцитлар ва микроглиал ҳужайралардан ташкил топган склеротик (чандиқсимон) тугунчалар эгаллайди. Касаллик кўпинча бошланғич босқичларда хуруж ва ремиссия (тикланиш) аломатлари билан ифодаланади, чунки миелин моддаси қайта тикланиш хусусиятига эга. Лекин касалликнинг кечки босқичларида склеротик тугунчалари миелин моддаси тикланишига халақит беради ва касаллик сурункали ривожлана бошлайди.

Сўнгги маълумотларга кўра, дунёда 3 миллиондан ортиқ бемор тарқоқ склероз касаллиги билан хасталанган. Лекин касалликнинг турли минтақалараро тарқалишида катта фарқ бор. Ҳозир тарқоқ склероз эпидемиологиясини таҳлил қилиш натижасида дунё бўйича 3 та зона аниқланган. Биринчиси – касаллик жуда кўп учрайдиган зона. Бунга Европа ва АҚШ шимоли, Канада ва Австралиянинг жануби, Россия ва Янги Зеландия давлатлари киради. Ушбу давлатларда 100 минг нафар аҳолига 50 тадан ортиқ тарқоқ склероз касаллиги тўғри келади. Иккинчиси – касаллик сони 100 минг аҳолидан 10-50 тасида учрайди, бунга Жанубий Европа, АҚШ жануби ва Африка шимолини киритиш мумкин. Учинчи зонага эса касаллик жуда кам учрайдиган минтақалар – Осиё, Жанубий Америка ва Жанубий Африка киради (100 минг аҳолига 10 тадан кам). Ушбу минтақалар орасида Ўзбекистон ҳам бор. Республика неврологларидан олинган ҳисоботларга қараганда, касаллик маҳаллий аҳолимизда деярли кузатилмайди.

Касаллик келиб чиқишига кўплаб омиллар сабаб бўлади.

Биринчидан – бу об-ҳаво омили бўлиб, касаллик кўпроқ совуқ ва сернам жойларда учрайди.

Иккинчидан – ушбу минтақаларда овқат таркибида баъзи бир мой кислоталарининг етишмовчилиги.

Учинчидан – ирсий омиллар. Агар оилада бир бемор бўлса, бу авлодда касаллик кўпайиши нисбатан 10-15 фоиздан ортиқроқ.

Тўртинчиси – инфекцион омил ҳисобланади. Касалликнинг келиб чиқишида вируслар роль ўйнайди, деган маълумотлар ҳам мавжуд. Шу жумладан, қизамиқ, герпес ва бошқа вируслар назарда тутилади. Лекин бу тўғрида ҳозиргача аниқлик йўқ.

Сўнгги текширувлар шуни кўрсатдики, тарқоқ склероз келиб чиқишида баъзи бир миллатлараро бўлган иммуногенетик омиллар катта аҳамиятга эга.

 

Юқорида берилган маълумотларга асосан тарқоқ склероз сабаблари ҳозиргача аниқ эмас. Лекин касаллик патогенези (асаб тизимидаги ўзгаришлар механизми) яхши аниқланган. Бу аутоиммун жараён ва унинг асосида бемор организмида ўзини миелинга қарши жароҳатлантирувчи моддалар ишлаб чиқилиши туради. Сўнгги йилларгача тарқоқ склерозни ташхис қилиш асосан клиник аломатларга таяниб келинмоқда эди. Лекин клиник аломатлар, айниқса, бошланғич этапларда жуда ўзгарувчан ва ноаниқ бўлиб ўтади. Шунинг учун ҳам касалликни ўрганишга катта ҳисса қўшган таниқли француз неврологи Жан Мартин Шарко тарқоқ склерозни “катта ёлғончи” деб атагани бежиз эмас. Лекин ҳозирги ядер-магнит резонанс компьютер томографик усули тарқоқ склерознинг дастлабки даврларини аниқлашда катта ёрдам беради. Агарда бу текширув натижасида мияда камида иккита склеротик тугунча топилса ва баъзи бир клиник аломатлар аниқланса, ташхис тўғри деб ҳисобланади. Касалликнинг ривожланган босқичларида неврологик аломатлар салбий даражада ўзгариб, нистагм, ҳаракат бузилиши, нутқ ўзгариши, патологик рефлекслар пайдо бўлиши ва психологик ўзгаришлар кузатилади. Бу босқичда клиник белгилар асосида ҳам ташҳис қўйиш мумкин, лекин беморни даволашда катта муаммолар туғилади.

Умуман олганда тарқоқ склерозни даволаш жараёнида ечилмаган қийинчиликлар мавжуд. Касалликнинг ўткир даврида махсус схемаларга асосан гормонал препаратлар ишлатилади. Ремиссия даврида эса бўлажак хуружларнинг олдини олиш учун бета-интерферон препаратларидан фойдаланилади. Агар касаллик бошланғич даврида аниқланса, даволаш натижалари яхши бўлади. Лекин дунёда ҳозиргача тарқоқ склерозни бутунлай даволаш усуллари топилмади.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, клиник неврология – бу жуда кенг ва тез ривожланиб бораётган соҳа. Невролог олимлар жуда кўп касалликларни даволашда ижобий натижаларга эришмоқда. Умид қиламизки, тарқоқ склерозни даволашда ҳам янги самарали усуллар яратилиб, амалиётга кириб келади.

Бахтиёр Ғафуров, профессор

“Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш” газетасидан олинди.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!