TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Тахтатўшакка муҳтож дард

Менинг фарзандимга сколиоз деб ташҳис қўйишди. Эшитишимча, бу касалликни даволаш жуда қийин экан.    Фарзандимнинг гавдаси бир умрга қийшайиб қолмайдими? Бу касалликни қандай даволаш мумкин?

Муборак,
Каттақўрғон
Сколиоз – умуртқа поғонасининг ён томонларга қийшайиши билан кечувчи касаллик бўлиб, одатда туғма ёхуд ҳаёт жараёнида орттирилади. Ҳаётда орттирилган сколиоз болаликдаги рахит, бел мушаклари параличи ва турли шикастлар натижаси ўлароқ юзага келади. Бу дард бир ёшдан ўн олти ёшгача бўлган болалар орасида кўпроқ учраши кузатилади.
Касалликнинг уч босқичи тафовут қилинади:
1 босқич – унча ривожланмаган даражадаги тўғриланадиган қийшайиш;
2 босқич – қийшайиш анча сезиларли даражада бўлиб, тортилиш машқлари ва услублари ёрдамида тўғриланади;
3 босқич – кучли қийшайиш ҳатто қовурғаларни ҳам ўз комига олиб, нафас олиш жараёнига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Гап шундаки, сколиознинг оғир босқичларини тўла даволаш мумкин бўлмасада,  унинг асоратларига барҳам бериш мумкин. Яъни қийшайган умуртқа поғонасининг шакли нисбий тўғриланади. Касалликнинг биринчи босқичида сколиоз дарди аниқланган заҳотиёқ консерватив даво тайин этилади. Бу даво гимнастикаси, массаж, гавдани тўғриловчи тадбирлар, сузиш кабиларни ўз ичига олади. 2 босқичнинг бошланишида ҳам шу даволардан самара олиш мумкин. 3 босқичда жарроҳлик давоси, тўғриловчи корсетлар ва санатор – курорт даволаниш кабилар буюрилади. Тўғриловчи  операция имплантатланувчи конструкция ёрдамида бажарилади. Операцияни ҳар қандай ёшда ўтказиш мумкин, аммо муолажа қанча эрта бошланса, шунча самаралироқ бўлади. Операция 13-15 ёшда, ҳеч бўлмаганда 20 ёшгача ўтказилиши керак.
Касалликнинг 1-2 босқичларида ташҳисга қараб даволовчи шифокордан мушакларнинг айрим гуруҳларини мустаҳкамловчи махсус машқлар йиғиндисини ўрганиб бажариш қўл келади. Бу машқлар умуртқа поғонасини керакли ҳолатга келтиришга ёрдам беради. Даволашнинг мақсади касалликнинг ривожланишига йўл қўймай, энг бўлмаганда енгил босқичда ушлаб туришга қаратилади. Сколиоз ўсиш билан боғлиқ касаллик бўлиб, илк аломатлари 7-8 ёшда пайдо бўлади. Сколиоз янги туғилган чақалоқларда ҳам бўлиши мумкин, лекин кўпинча ота-оналар буни пайқашмайди.
Болаларни даволаганда ҳаммаси яхши кетаётганга ўхшайди, бироқ бемор 12 ёшга етганда бола шаклланиб, суяклар тез ўсиб, аҳвол ёмонлашади, касаллик кучаяди. Бунда даволаш самарасиз бўлиб кўринади, лекин аслида бундай эмас. Даволовчи шифокор ўз вақтида бу ҳолатни аниқлаб дарҳол мутахассис шифокорга йўлланма бериб керакли чора тадбирлар, операция муолажаларини қўллаш ва назорат қилиш учун юбориши шарт. Баъзида ота-оналарнинг шифокорга ишонмаслиги туфайли ёки касалллик ўзи ўтиб кетади деб кутганлиги сабабли беморнинг умумий ҳолати ёмонлашади. Кўпинча вазият мураккаблашгандан сўнг (тахминан 16-17 ёшларда) бир эмас икки босқичли операция қилишга тўғри келади. Бу  вақтда эса операция анча кечиккан бўлади. Яъни шу операция бир-икки йил муқаддам қилинса, натижаси янада яхшироқ бўларди.
Касалликнинг олдини олиш:
Мактаб ёшидаги болаларда касалликнинг дастлабки аломатларини барвақтроқ аниқлаш, партада тўғри ўтиришга одатлантириш, қўлда олиб юриладиган портфеллар ўрнига жилт – папкани елкага осиб юриш кабилар профилактик тадбирлар сирасидандир.
Юқоридагиларга қўшимча тарзда  тўшак қаттиқроқ бўлиши кераклигига аҳамият бериш лозим.  Қўлда тортилиш машқларини  шифокор назорати остида бажарган маъқул. Шунингдек, бу хасталикда сузиш ҳам жуда фойдалидир.
 Илҳом ХЎЖАНАЗАРОВ.
Тошкент Тиббиёт Академияси 
Травматология кафедраси доценти,
Тиббиёт фанлари номзоди.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2017 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!