TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Текширувга тайёрмисан, эркак?..

Тўғриси, саломатлигига жиддий эътибор қаратадиган эркаклар бармоқ билан санарли бўлса керак. Эркаклар худди ғурурларига путур етиб қоладигандек дўхтирга боришдан қатъий бош тортишади. Ахир тиббий текширувлардан ўтиб туришнинг ҳечам ёмон томони йўқ, касалликни даволагандан кўра унинг олдини олган яхши, деб бекорга айтилмаган-ку.Қуйида эркаклар учун муҳим бўлган уч текширув усули билан танишасиз. 

Ҳар бир эркак 30-40 ёшдан бошлаб уч асосий текширувдан ўтиб туриши керак. Булар: қондаги тестостерон миқдорини аниқлаш, ёрғоқ аъзоларининг ультратовуш текшируви ва ПСА тести. Охирги текширув усулида простата бези саратонини эрта босқичларда аниқлаш имконияти мавжуд. Умуман олганда, мазкур текширувлар эркаклар учун муҳим аъзолар ҳолати ҳақида тўлиқ тасаввур беради.  

Тестостеронни текширтириш

Содда қилиб айтганда, тестостерон эркакни эркак қилиб турадиган гормон ҳисобланади. У эркакларда жинсий аъзолар ва иккиламчи жинсий белгилар ривожланишида иштирок этади, жинсий майлни бошқаради. Сперматозоидларнинг ҳосил бўлиши, соқол-мўйловнинг ўсиши, овозимизнинг ўзига хослиги ҳам тестостерон туфайлидир. Маълум бир ёшдан кейин танада тестостерон ишлаб чиқарилиши камая боради. Бу жараён бир неча ойдан бир неча йилгача давом этиши мумкин. Шунинг баробарида эркакнинг ўзини ҳис қилиши ҳам, феъл-атвори ўзгаради. Афсуски, замонамизга келиб эндигина 30 ёшдан ўтган эркакларда ҳам тестостерон камайиши кузатиляпти. Стресслар, кам ҳаракат қилиш ва семизлик бунинг асосий сабабларидир. Шифокорларнинг таъкидлашича, семиз эркак ҳафсаласиз бўлиб қолади, унда либидо – жинсий майл сусайиб кетади. Тестостерон танқислигини андролог шифокор даволайди. Йилига икки марта қон топшириб, тестостерон миқдорини текшириб турсангиз, кўпгина нохушликларнинг олдини олган бўласиз.

Ёрғоқни текширтириш

Ёрғоқни ультратовуш текширувидан ўтказиш моякларнининг ривожланиш даражасини, мояк ортиқлари ва моякларда қон айланиши ҳолатини аниқлашга ёрдам беради. Шунингдек, ёрғоқда ўсма пайдо бўлган-бўлмагани ҳам УТТда аён бўлади.Ҳозирга келиб кўпгина касалликлар қатори мояклар ва простата бези ўсмаси ҳам «ёшаргани»ни таъкидлаш лозим. Авваллари бундай текширув одатда 40 ёшдан кейин тавсия этилса, эндиликда 30 ёшдан ошганларга ҳам буюрилмоқда. Қуйидаги ҳолатлар пайдо бўлса тезроқ шифокорга кўриши ва ёрғоқни ультратовуш текширувидан ўтказиш лозим: — ёрғоқ соҳасида оғриқ бўлса; — мояклар ва уларнинг ортиғи катталашса; — мояклар ва уларнинг ортиғи қаттиқлашса; — эрекция билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлса. Энг маъқули, кутиб ўтирмасдан, ҳар 1-2 йилда профилактик текширувдан ўтиб туринг.

ПСА қон текшируви

Простатспецифик антиген ёки ПСА (prostatespecific antigen) оқсил табиатли модда бўлиб, простата бези ҳужайралари томонидан ишлаб чиқарилади. Қонда мазкур антигеннинг кўпайиб кетиши простата безида онкологик жараёнлар бошланганидан дарак бериши мумкин. Агар 50 ёшдан ўтган бўлсангиз, пешоб ажралиши бузилган ва яқин қариндошларингиздан бири простата бези саратони билан оғриган бўлса, ПСА тестидан ўтишингиз зарур. Ушбу антигеннинг меъёрий кўрсаткичи 4 нг/мл.ни ташкил этади. Демак, кўрсаткич бундан юқори бўлса, кечиктирмай онколог ҳузурига йўл олиш лозим. Шифокор текширувдан ўтказиб, сўнгги хулосани айтади. 

'Текширувга тайёрмисан, эркак?..' have 1 comment

    li class="comment even thread-even depth-1" id="comment-3064">

    02.08.2017 @ 16:20

    Мен жинси олака килган пайтим 1 марта боламан факат ундан ортик бола олмайман ёшим 30 да

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2017 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!