TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Тез ва осон озиш усули

Сакраш учун арғамчи (скакалка) барчамизга болаликдан таниш. У пайтларда арғамчи шунчаки ўйин бўлса, энди унинг фойдали томонларини ишлатишингиз мумкин. Арғамчи турли машқлар учун ажойиб восита ҳисобланади. Нархи қиммат эмас, кўп жойни ҳам эгалламайди, бунинг устига ундан исталган жойда ва пайтда – хоҳ уйда, хоҳ кўчада фойдаланишингиз мумкин. У озишга, мушакларни ва юрак қон томир тизимини мустаҳкамлашга ёрдам беради…
Сакраш учун арғамчидан боксчилар, баскетболчилар, волейболчилар фойдаланади, ахир у ажойиб тренажёрда. Кунига бор-йўғи 20 30 дақиқа сакраш бутун танангизнинг тўғирланишига, ортиқча килограмлардан халос бўлишга, саломатлигингизни мустаҳкамлашга, ҳаракатлар координациясини тўғирлашга кўмаклашади. Ушбу мақолада сакраш учун арғамчи билан машқларнинг ўзига хос хусусиятларини кўриб чиқамиз.
Ҳозир арғамчида сакрашни «скипинг» деган модали сўз билан аташади, инглиз тилидан таржимада бу сўз «сакраш»ни билдиради. Арғамчи чидамлиликни ривожлантиради, вазнни камайтиради, нафас олиш тизимини мустаҳкамлайди, қоматни чиройли қилади, 2 3 дақиқа арғамчида машқ қилиш давомида машқларнинг жадаллигига қараб 100 дан 350 калориягача йўқотасиз, бундай ёндашув 34 километрга югуришнинг ўрнини босади.

Сакраш учун арғамчи танлаймиз:

Арғамчиларнинг турлари жуда кўп бўлиб, уни ҳар бир киши ўзи учун индивидуал танлаши лозим.

  • Биринчидан, у сизга мос келадиган узунликда бўлиши керак. Арғамчини қўлингизга олинг, унинг чилвири пастга осилиб турсин. Пастга тушиб турган жойини оёғингиз билан босинг, арғамчи кўкрагингизгача етиши керак – бу энг оптимал узунлик.
  • Иккинчидан, агар арғамчида машқлар билан жиддий шуғулланмоқчи бўлсангиз, унинг нимадан тайёрланганига эътибор қаратинг. У ерга тегиб ишқаланиб кетмаслиги учун йўғон ва зич бўлиши керак. Шунингдек, тутқичлари қулай бўлиши лозим, акс ҳолда қўлларингиз ноқулайликдан тезда чарчаб қолади. Арғамчининг чилвири одатда пластмасса, резина ва чармдан тайёрланади. Табиийки, чармдан тайёрланган арғамчилар энг яхши ҳисобланади.
  • Учинчидан, сиз айланалар ҳисоблагичи бор арғамчини харид қилишингиз мумкин. Бу билан машқлардаги ўсишни кузатиб бориш имконига эга бўласиз.

Юкламани тўғри тақсимлаш машқлар самара бериши учун муҳим шарт ҳисобланади. Машқларни хотиржам ритмда бошлаб, аста-секинлик билан уни кучайтириш керак. Сакрашдан олдин бироз оёқ-қўлларнинг чигилини ёзинг. Шунингдек, нафас олишни тиклаш, мушакларга бироз дам бериш учун кичикроқ танаффуслар ҳам керак бўлади.
Сакраётганингизда оёқ, орқа томон, қўлларнинг мускуллари ишлайди. Эрталаб арғамчида 10 15 дақиқа сакраш кун бўйи сизга яхши кайфият ва тетикликни беради ҳамда соғлиғингизни мустаҳкамлаб, ортиқча вазндан халос бўлишга кўмаклашади.
Машқлар пайтида моддалар алмашинуви тезлашади, бу эса озишга туртки бўлади; қон айланиши кучаяди, бу эса юрак қон-томир тизимини мустаҳкамлайди; нафас олиш тезлашади, бу нафас олиш тизимига ёрдам беради. Машқларнинг жадаллигига (сакрашларнинг тезлигига) қараб ўз қоматингизни ҳам тўғирлашингиз мумкин.
Юқорида айтиб ўтганимиздай, арғамчида исталган жойда – тоза ҳавода, спорт залда ёки уйда шуғулланишингиз мумкин, бунинг учун сизга фақат арғамчи, қулай поябзал ва истак керак, холос. Бунинг устига машқларни яхши мусиқа остида ҳам бажаришингиз мумкин.

Машқлардан олдин қуйидагиларни қилиш керак бўлади:

  • агар сизда умуртқа ёки бўғимлар билан муаммолар бўлса, шифокор билан маслаҳатлашинг, сизга арғамчида машқ қилиш мумкин эмас;
  • арғамчингиз бошқа нарсаларга – дарахт шохлари, қандиллар, столлар ва бошқа буюмларга тегмаётганига ишонч ҳосил қилинг;
  • арғамчи айланаётганида тирсаклар танага ёпишиб туриши керак;
  • арғамчини фақат бармоқлар билан айлантиринг.

Озиш учун машқлар:

  • икки оёқда оддий сакраш;
  • галма-галдан бир оёқда сакраш;
  • навбатма-навбат бир оёқда сакраш;
  • тиззани кўтариб сакраш;
  • бир марта сакраганда арғамчини икки ёки уч марта айлантириб сакраш;
  • тўғри турган оёқларни орқадан ва олд томондан кўтариб сакраш;
  • қўлларни чатиштириб сакраш;
  • олдинга ҳаракатланиб сакраш;
  • «олдинга-орқага, ўнгга-чапга» ҳаракатланиб сакраш;
  • арғамчини ён томонларидан бураб сакраш.

Булар ҳали ҳаммаси эмас, сакрашларнинг турлари жуда кўп.

Арғамчида сакрашни югуриш билан тенглаштириш мумкин. Шу боис, агар сизда югуриш имконияти ёки истаги бўлмаса, арғамчида машқ қилинг ва доим саломат бўлинг!

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!