TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

Тиббий маданият гриппнинг олдини олади

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, шу кунларда грипп вирусининг А(H1N1) штамми билан боғлиқ грипп касаллиги дунёнинг қатор давлатларида кўпайгани кузатилмоқда.

Мамлакатимизда грипп вирусининг четдан кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, ўткир респиратор инфекцияли касалликлардан аҳолини ҳимоялаш мақсадида санитария назорати ва тиббий профилактика тадбирлари кучайтирилган.

Ижтимоий соҳа, маиший хизмат муассасалари, овқатланиш, савдо мажмуалари, жамоат транспортида иссиқлик тизими узлуксиз ишлашига доимий риоя этилмоқда. Иш жойи, таълим ва тиббиёт масканлари ва бошқа муассасаларда санитария, тозалаш, дезинфекция тадбирларини талаб даражасида ташкил этиш, шахсий ва умумий гигиена қоидаларига амал қилиш учун тегишли шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётир.

– Грипп вируси ва ўткир респиратор инфекцияли касалликларнинг ҳаво ва маиший мулоқот йўли билан юқиши унинг тарқалиш хавфини оширади,– дейди Тошкент шаҳар саломатлик ва тиббий статистика институти директори ўринбосари Азиз Низомов. – Эмлаш, ниқоб тақиш, аҳоли орасида тиббий профилактика тадбирларини самарали ташкил этиш касалликка қарши курашнинг муҳим усулларидир. Гриппга қарши бундай тадбирлар пойтахтимизда эрта куздан бошланган эди. Аҳолининг муайян гуруҳи касалликка қарши эмланди. Таълим масканларида эрталабки тиббий таҳлил ишлари режа асосида олиб борилмоқда. Маҳаллалар, хонадонларнинг санитария-гигиена ҳолатини ўрганиш, аҳоли орасида тиббий тарғибот- тушунтириш ишларини олиб боришда санитария-эпидемиология соҳаси ходимлари ва шифокорлар ҳамкорлиги яхши самара бераётир.

Шифокорлар таъкидлашича, грипп асосан иммунитети заиф, сурункали касаллиги бор беморлар, ҳомиладор аёллар, болалар, кексалар саломатлигига зарар етказиши мумкин. Унга қарши курашда оилаларда тиббий профилактика тадбирларини самарали ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга. Жамоат жойларида ниқоб тақиш, овқатланишдан олдин қўлларни совунлаб ювиш, шахсий гигиенага риоя этиш, иқлимга мос кийиниш саломатликни асрашга хизмат қиладиган оддий қоидалардир. Пойтахтимиздаги оилавий поликлиникаларнинг умумий амалиёт шифокорлари ва ҳамширалар томонидан маҳаллалар, таълим масканлари ва хонадонларда тарғибот-тушунтириш тадбирлари ташкил этилиб, аҳолига касалликдан ҳимояланиш йўллари ҳақида батафсил маълумот берилмоқда.

Чилонзор туманидаги Катта Хирмонтепа маҳалласида ўтказилган тадбирда шифокорлар, жамоат ташкилотлари фаоллари, ота-оналар, ўқувчи-ёшлар иштирок этди. Маҳалла ҳудудида тўртта чиқинди йиғиш майдончаси ташкил этилган. Чиқиндилар “Махсустранс” машиналарида белгиланган режа асосида ташиб кетилмоқда. Маҳалла ҳудудидаги мактаб, иккита мактабгача таълим муассасасида ҳам қиш мавсумини кўнгилдагидек ўтказиш ишлари жамоатчиликнинг доимий назоратида.

Аҳоли орасида мавсумий касалликларга қарши тарғибот-тушунтириш ишлари йўлга қўйилган. Чилонзор туманидаги 35-оилавий поликлиника шифокорлари билан ҳамкорликда ташкил этиладиган бундай тадбирлар аҳолининг турли касалликлар, хусусан, грипп ва бошқа мавсумий касалликлардан ҳимояланиш бўйича билимини оширишга хизмат қилмоқда.

– Ҳар қандай касалликдан ҳимояланиш аввало инсоннинг тиббий маданиятига боғлиқ, – дейди Чилонзор туманидаги 35-оилавий поликлиника бош шифокори Саодат Ҳамидова. – Масалан, биргина болаларга қўлларни тоза тутишни ўргатиш орқали юқумли, ўткир ичак ва оғиз бўшлиғи касалликларини эллик фоизга камайтиришга эришиш мумкин. Рационал овқатланиш ҳам бу жараёнда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Қиш мавсумида С витаминига бой маҳсулотларни истеъмол қилиш, таомномага пиёз ва саримсоқни қўшиш орқали грипп ва бошқа касалликлардан ҳимояланиш мумкин.

Аҳоли орасида ташкил этилаётган бундай тиббий тарғибот-тушунтириш тадбирлари ва халқимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришга йўналтирилган амалий ишлар мамлакатимизда эпидемиологик вазиятни барқарор сақлаш ва инсон саломатлигини асрашнинг муҳим омили бўлаётир. uza.uz

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!