TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

ТРАХЕИТГА ҚАРШИ КУРАШ ЧОРАЛАРИ

Йўтал – кўпгина касалликларнинг белгиси, жумладан, трахеитнинг ҳам. Агар бу дардга «ўзи ўтиб кетар», деб бепарво қарасангиз, уни зўрайтирганингиз қолади, холос. Трахеит натижасида ҳатто гапиролмай қолишингиз мумкин!

БУ ҚАНДАЙ КАСАЛЛИК?

Трахеит трахея, яъни кекирдак шиллиқ пардасининг яллиғланиши бўлиб, совқотиш, юқумли касалликлар (масалан, грипп, қизамиқ, кўкйўтал) натижасида келиб чиқади. Трахеит касаллиги кўпинча ўткир ринит, фарингит ва ларингит билан кузатилади. Касаллик ўткир ва сурункали кечади.

Хириллаб йўталиш, томоқ қичиши ва оғриши – сурункали трахеитга хос белгилар. Бемор йўталади, айниқса, эрталаб ва кечаси йўтали зўраяди, балғам ажралади, томоқ ва тўш соҳасида оғриқ пайдо бўлиб, йўталганда кучаяди. Баъзида овоз бўғилиб қолиши мумкин (айниқса, трахеит ларингит билан бирга кечганда), кучли бўғилганда бемор ҳатто гапиришга қийналиб қолади. Бунда аҳволни оғирлаштирмаслик учун гапирмай турган маъқул.

Агар ўз вақтида даволанса, трахеит 1-2 ҳафтада ўтиб кетади. Врач тавсия қилган дорилардан ташқари, уй шароитида халқ табобати усулларидан ҳам фойдаланиш мумкин.

ГИЁҲЛАР ЁРДАМИ

Касаллик энди бошланаётган даврда қирғичдан ўтказилган пиёз ёки саримсоқни докага ўраб ҳидлаш, ингаляция қилиш (битта валидол таблеткасини 1 литр иссиқ сувда эритиб, буғидан нафас олиш), кунига 3 маҳал илиқ сутни тенг миқдорда минерал сув билан аралаштириб ичиш яхши самара беради.

Гиёҳлардан ингаляция қилиш ёки қайнатма тайёрлаб ичиш юмшатувчи ва яллиғланишга қарши таъсир кўрсатади. Бу ўринда мойчечак (200 мл сувга 4 ош қошиқ), гулхайри илдизи (200 мл сувга 2 ош қошиқ) ва баргизубнинг (200 мл сувга 2 ош қошиқ) ёрдами катта.

Трахеитнинг бошланғич даврида бўйинга сув-спиртли компресс қилиш ҳам фойдали, лекин бундай муолажа ўтказишдан олдин, яхшиси, шифокор билан маслаҳатлашинг.

Балғам пайдо бўлганида эса тирноқгул тиндирмасидан фойдаланиш мумкин, 1 стакан қайнаган сувга 1-2 чой қошиқ ўсимлик соласиз. Ёки 20 грамм эман пўстлоғини 200 мл сувда тиндирасиз.

Балғам кўча бошлаганда кўка (мать-и-мачеха)дан ёки қизилмия (солодка) илдизидан дамлама тайёрлаб ичиш аҳволни енгиллаштиради. 1 ош қошиқ кўкани 200 мл сувда дамлаб, кунига 2-3 маҳал овқатланишдан 1 соат олдин ярим стакандан ичиб туринг. Қизилмия илдизидан 1 ош қошиқ олиб, 200 мл сувда дамлайсиз, кунига 3-4 маҳал 1 ош қошиқдан ичилади.

АГАР АСОРАТ БЕРСА…

Агар трахеитнинг асорати сифатида бронхит ривожланса, 40 граммдан гулхайри илдизи ва кўка, 20 грамм тоғрайҳонни 200 мл сувда дамлаб, кунига 3-4 маҳал ярим стакандан илиқ ҳолича ичинг.

Одатда трахеобронхит ва ларинготрахеитда кечаси йўтал безовта қилиб, уйқуга халақит қилади. Бундай вазиятда шифокор тинчлантирувчи, ухлашга ёрдам берадиган воситалар тавсия қилиши мумкин.

Уйқудан олдин горчичник қўйиш мумкин. Кўкракнинг юқори қисмига битта горчичник қўйиш кифоя, шунингдек, горчичникни болдирга қўйса ҳам бўлади. Бироқ унутманг: тана ҳарорати кўтарилганда иссиқ муолажалар мумкин эмас!

ЁДДА ТУТИНГ!

Ўткир трахеит, ларинготрахеит ва трахеобронхитда шифокор кўрсатмаларига қатъий амал қилинг, ана шунда касаллик ўткир турга ўтишининг олдини олган бўласиз. Ўз вақтида даволанмаган трахеит сурункали зотилжам, ўпка эмфиземаси каби жиддий касалликларга сабаб бўлиши мумкин. Шундай экан, бу касалликни енгил санаманг. Уй шароитида муолажалар ўтказишдан олдин шифокор билан маслаҳатлашиб олганингиз яхши.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!