TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

ТУНДА НЕГА УХЛАЙМИЗ?

Уйқу – энг яхши дам олиш усули. Қаттиқ меҳнат, толиқишдан кейин одам мириқиб ухлаб олса, барча чарчоқлар йўқолади. Ухлаб тургандан сўнг ўзимизда янги куч-қувват пайдо бўлганини сезамиз. Бироқ меъёридан ортиқ ухлаш ҳам зарарли. Танада эринчоқлик, ланжлик пайдо бўлади, қобоқлар шишади. Ҳаракатланмаган танада қон айланиши сусаяди, натижада, турли касалликлар келиб чиқади.

Инсон ўз ҳаётининг чорак, яъни тўртдан бир қисмини уйқуда ўтказиши лозим. Бу шартни бажармаган одам охир-оқибат бир дунё дардни орттириб олиши мумкин. Эндокрин, юрак-қон-томир, ошқозон-ичак хасталикларидан тортиб, ҳатто руҳий ва онкологик касалликларга мубтало бўлади.

Нега? Жавоб оддий: организм бир неча кундузда ҳордиқ олишни, танада “таъмирлаш, созлаш ишлари” олиб борилишини талаб этади. Табиат қонунига кўра, бу жараён тунда юз беради. Шу сабабли кундузги дам олиш ҳеч қачон тунги уйқунинг ўрнини тўла-тўкис боса олмайди.

Оқшом ва тонг пайти ички аъзоларимизда нималар содир бўлишига эътибор беринг:

Соат 22. Қонда лейкоцитлар (оқ қон таначалари) икки баробар ортади. Шу орқали иммун тизими текшируви ўтказилади. Асабларимизга ухлаш пайти бўлгани ҳақида биологик белгилар кела бошлайди.

Соат 23. Тана янаям кучсизланади ва ҳар бир ҳужайрада қайта тикланиш жараёни бошланади.

Соат 24. Онгимизда туш кўришга мойиллик ҳолати кечади. Миямиз эса кун бўйи қабул қилинган ахборотларни тартибга келтиришда давом этади.

Соат 01. Уйқумиз жуда сезгир бўлади. Вақтида даволанмаган тиш ёки қачонлардир жароҳат олган тиззамизнинг зирқираб оғриётгани сабабли ўйғониб кетамиз. Эрталабгача оғриқдан ухлай олмаслигимиз ҳам мумкин.

Соат 02. Барча аъзоларимиз дам олади. Фақат жигаргина организмда тўпланиб қолган хилтларни тозалаш билан овора бўлади.

Соат 03. Физиологик жараён бутунлай сусаяди. Қон босими паст даражага тушади.Томир уриши ва нафас олиш секинлашади.

Соат 04. Мия қон билан энг кам миқдорда таминланади ва уйғонишга тайёр бўлмайди. Аммо эшитиш қобилияти ҳаддан ташқари кучаяди, тиқ этган товушдан уйғониб кетиш ҳеч гапмас.

Соат 05. Буйраклар дам олади, мушаклар мудрайди. Организм уйқудан туришга тайёрлана бошлайди.

Соат 06. Буйрак усти безлари қонга адреналин ва норадреналин гормонларини чиқара бошлайди. Бу эса қон босимининг кўтарилишига, юрак уришининг тезлашишига олиб келади. Танамиз уйғонишга ҳозир бўлади.

Соат 07. Иммун тизими жуда яхши ишлайдиган давр.

Уйқу вақт давомида нафақат меъёрий, балки сифатли ҳам бўлиши лозим. Хотиржам ва чуқур уйқуга кетиш организмдаги ички жараёнларнинг тўлақонли кечишида шароит яратиб беради.

Мутахассисларнинг аниқлашларича, сайёрамиз аҳолисининг йигирма фоизи уйқу билан боғлиқ касалликларга чалинар экан. Уйқусизлик касалига чалинмаслик учун кун тартибига риоя қилинган ҳолда вақтида дам олиш, вақтида ухлаш ва туриш лозим. Шунингдек, электромагнит тўлқинларидан ҳам сақланиш муҳим. Чунки улар ички безларнинг меъёрда ишлашига халал беради. Телевизор ва компьютер олдида камроқ ўтиришга ҳаракат қилинг. Уйқу олдидан албатта, ётоқхонадаги электр асбобларини ўчириб ётишни унутманг!

Марям Аҳмедова тайёрлади.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!