TIB.UZ
Дориларни излаш (Поиск лекарств)
Регион: Ташкент, все

ТУТДАН ТОТИБ…

IX-X асрларда яшаб ўтган Абу Мансур тутни юқори нафас йўллари хасталикларида йўтал қолдирувчи ва шамоллашга қарши даво ўрнида ишлатишни тавсия этган. Машҳур табиб Ҳусайн Шерозий эса ўз асарларидан бирида «Тут одам танасида тоза қон пайдо қилади, мияга қувват беради, аъзолардаги тиқинларни очади, жигар ва талоқнинг иш фаолиятини яхшилайди, пешоб ҳайдовчи ҳамдир», дея таъкидлаб ўтган.

Абу Али ибн Синонинг «Тиббий ўгитлар»ида тут ҳақида шундай ёзилади: «Нордон тут оғиз ва томоқ шишларини қайтаради, унинг барги томоқнинг икки томонидан чиққан шишларга фойдалидир. Нордон тут баргининг суви билан оғиз чайилса, тиш оғриғига даво бўлади. Тутнинг ҳамма хилини овқатдан олдин ейиш керак, шунда улардан меъдага зарар етмайди».

Юртимизда тутнинг турли навлари ўсади. Балхи, хасак, оқ, шотут шулар жумласидан. Тут пишиғида катта мато тутилиб, қоқилади ва қўни-қўшниларга тарқатилади.

ОҚТУТ

Оқтут таркибида қандлар, органик кислоталар, витамин С, ошловчи моддалар, баргида эса каротин, эфир мойи, микроэлементлар, углеводлар, холин, аминокислоталар бор.

Абу Али ибн Сино оқтут баргини ангина, қуритилмаган барг ширасини эса тиш оғриғида тавсия қилган. Мева шираси билан оғиз ва томоқдаги шишларни, дизентерия касаллигини даволаган ҳамда сийдик ҳайдовчи дори сифатида ишлатган.

Халқ табобатида оқтут иситма чиққанда, ичак касалликларида, қонни тозалашда ишлатилади. Тут пўстлоғи (қайнатмаси ва кунжут ёғида тайёрланган суртма дори) яраларни даволашда ҳамда балғам кўчирувчи, сийдик ҳайдовчи дори сифатида қўлланилади. Барг қайнатмаси киши шамоллаб, иситмалаб қолганда ҳароратни пасайтирувчи дори ҳисобланади.

Оқтут ҳақида халқимиз жуда чиройли ўхшатиш қилиб,  «марварид тут» деб таърифлайди. Дарҳақиқат, оқтут худди марварид доналарини эслатади.

Бронхитда қўлланиши: 800 г шакар 1 л сувга солинади ва қайнатилади. Шакар эриши кутилади, сўнгра тут ва 1 та лимон шарбати қўшиб, қайнатилади. Беш дақиқадан кейин оловдан олинади. 1 ошқошиқдан 5-6 маҳал ичилади.

Климаксда қўлланиши: 1 кг янги тут ёки ярим кг майизи 0,5 л сувда паст оловда 30 дақиқа қайнатилади. Қайнатмадан тутни олиб, яна сувга аралаштирилади ва 30 дақиқа қайнатилади. Сувни тўкиб ташлаб, тут биринчи қайнатмадаги сув билан яхшилаб аралаштириб, 300 г асал қўшилади. Оловга қўйиб, аралаштириб қайнатилади. Хона ҳароратида совитилади. Овқатланишдан 1 соат кейин 1 чой қошиқдан ичилади.

Камқонлик, подагра, қандли диабетда: янги тутни яхшилаб эзиб, қориштирилади. 2 ошқошиғи 1 стакан қайнаган сувга солинади. Термосда 4 соат тиндирилади. Кунига тўрт маҳал, овқатланишдан олдин 1/4 стакандан ичилади.

Юрак порогида: ҳар куни 4-5 маҳал, овқатлангандан сўнг 250-300 г тут ейилади. 3-4 ҳафтадан сўнг шифоси сезила бошлайди.

Ич кетиши, дизентерия, энтероколитда: 2 ошқошиқ майдаланган тут 1 стакан қайнаган сувда  4 соат тиндирилади, сузиб олинади. Кунига 3-4 маҳал, овқатланишдан олдин 1/4 стакандан ичилади (ич кетганда хом тут қайнатмаси ҳам яхши).

Ошқозон ва ўн икки бармоқ ичак ярасида: тут шарбати тайёрланади ва кунига 3 маҳал ярим стакандан ичилади.

Парадонтоз, стоматитда оғиз тут шарбати билан чайилади.

ШОТУТ

Шотут таркибида қандлар, органик кислоталар, пектин мавжуд. Абу Али ибн Сино шотут билан оғиз, томоқдаги шишлар, дизентерияни даволаган, уни сийдик ҳайдовчи дори сифатида ишлатган.

Халқ табобатида шотутни чилонжийда билан қўшиб, дифтерия ва скарлатина даволанади. Оғиз бўшлиғида яралар пайдо бўлса, шотут қайнатмаси билан чайиш керак.

Тожик халқ табобатида шотут майизини ва янги териб олинганини асосан қандли диабетни даволашда ишлатадилар.

Шотутнинг озиқлиги кам, аммо у иштаҳани очади, иситмани туширади.

ТУТ ШИННИСИ

«Марварид» шинниси. Оқ тут қоқиб олиниб, хасчўпларидан тозаланади. Сўнгра эзиб шарбати олинади. Ўртача оловда қуюлгунча қайнатилади. Тайёр тут шинниси қорамтир ёки тўқ қизил тусда бўлади.

«Офтоб» шинниси. Тутни эзиб шарбати олингач, саёзроқ сирли (ёки чинни) идишга солиб, офтоб тиғига қўйилади. Бир неча кундан сўнг суви буғланиб, шарбати қуюқлашади. Чанг тушмаслик учун устини дока билан ёпиб қўйинг. Тут шиннисини салқин жойда узоқ вақтгача сақлаш мумкин.

ИЗОҲ ҚОЛДИРИНГ

E-mail ингиз хеч қаерда нашр қилинмайди

© 2018 Сайт материалларидан фойдаланишда tib.uz кўрсатилиши шарт.

Уй шароитида бирор муолажани қўллашдан аввал мутахассис шифокор билан маслаҳатлашишни унутманг!